Камбағаллик — айб эмас, бироқ...

16:24 25 Март 2020 Жамият
444 0

Иллюстратив сурат

Камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини ­кўпайтириш, ­ёппасига кредит бериш, дегани эмас.

Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молиявий ­саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани ­яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли ­даволаниш, манзилли нафақа тўлаш ­тизимини жорий қилиш керак.

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Дунёда глобал муаммолар қалашиб ётибди. Урушлар, террорчилик ҳаракатлари, экологик инқироз, очарчилик, қашшоқлик, аҳоли сони ўсиши,озиқ-овқат хавфсизлиги, энергетика тақчиллиги, ОИТС, онкология ва бугунги кунда бутун инсоният соғлиғига рахна солаётган коронавирус каби касалликлар...

Буларнинг ҳар бири инсоният бошига минг бир синову кулфатлар солиши мумкин, соляпти ҳам. Лекин уларни бартараф этишга келганда натижалар қониқарли эмас. Саъй-ҳаракатлар ниҳоятда суст. Чунки бирдамлик йўқ. Ҳамжиҳатлик етишмайди.

Аммо, мана уч ойдирки, ҳатто микроскоп ойнасида зўрға кўриш мумкин бўлган вирус бутун дунёни оёққа турғазди. Одамзод, агар ўз вақтида керакли чоралар кўрилмаса, шу лаънати митти вирус улкан балои офатлар келтириб чиқариши мумкинлигини англаб етди. Натижада жаҳон бирлашди, бирлашяпти! Ҳеч бир мамлакат “Бу бизнинг позициямизга тўғри келмайди”, “Миллий манфаатларимизга мос эмас”, “Ёндашувимиз бошқача” деб талмовсираб ё тусмолланиб ўтиргани йўқ. Ҳамма ҳаракатда. Ҳатто бир-бирини қўллаб, бир-бирига кўмак бериб иш тутиш­япти. Ишончимиз комилки, ана шундай ҳамжиҳатлик бўлса, тез орада бу пандемияни ҳам ортда қолдирамиз. Ҳаёт яна ўз маромига тушади.

Бироқ ўйлайманки, одам боласи ана шу кескин вазиятдан ўзига тегишли хулоса чиқариши керак. Шундагина навбатдаги глобал муаммоларни ҳам тез ва осон бартараф этишнинг самарали йўллари топилади. ­Шулардан бири — камбағаллик.

«Ёпиқ мавзу» нега очилди?
Камбағалликка илм-фанда аниқ таърифу тавсифлар берилган. Бусиз ҳам мазкур тушунча нимани анг­латишини ҳамма билади. Лекин масала шуки, ушбу муаммо нега энди кун тартибига чиқди? Жумладан, Ўзбекистонда бу муаммога қарши курашиш нима учун шунчалар долзарб бўлиб қолди?

Ана шу ўринли саволларга энг асосли жавобни Президентимизнинг жорий йил 24 январь куни Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасидан топдик.

“...Бир оилада машина ҳам, ­чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни ­даволатишга кетади.

Хўш, бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўляпти, деган савол ҳар куни қийнайди...”

Тўғри, ҳар ким бу дунёга бахт­ли-саодатли яшаш учун келади. Фаровон ҳаёт кечирсам, турмушда кам-кўстим бўлмаса, деб орзу қилади, интилади. Бу — табиий жараён. Аммо инсон оддий минимал яшаш шароитисиз бахт тугул, хотиржамликка ҳам эриша олмайди. Қандай қилиб бўлмасин, қорнимни тўйғазсам, эгнимни бутласам, бетоб онам, бемор отам, хаста болам ёки касал хотинимга нима қилиб дори олсам, деган ўй-ташвишлар гирдобида турмуш кечирадиганларни ҳаётдан рози инсонлар, деб бўладими?

Иллюстратив сурат

Ана шу оғриқли масаланинг газак олиши бир неча омилларга боғлиқ. Улар орасида энг асосийси — муаммонинг яшириб келингани. Сир эмас, юртимизда камбағаллик кўп йиллар давомида “ёпиқ мавзу” бўлиб келди. Бу категориянинг ўрнига дардимизни азбаройи хаспўшлаш учун “кам таъминланганлик”, “эҳтиёжмандлик” деган тушунчалардан фойдаландик. Оқибатда камбағаллик исканжаси ҳақиқатда кама­йиб қолмади ва остонамиздан бутунлай йўқ бўлиб кетмади.

Шукрки, халқ билан мулоқотнинг бугунгидай самарали тизими ҳақиқий аҳволни кўзгудагидай намоён этди. Одамларнинг аслида қандай ҳаёт кечираётгани, уларнинг энг оғриқли нуқталари ошкор бўлиб қолди.

Ўрганишлар натижасига кўра, ҳозирги кунда ҳудудларимизда, айниқса, қишлоқ жойларда аҳолининг аксарият қисми етарли даромад манбаига эга эмас. Дунёнинг бошқа мамлакатларидаги сингари бизда ҳам камбағал қатлам мавжуд. Улар тахминан 12 — 15 фоизни ташкил этиши ҳам рост. Бу 4-5 миллион нафарга тенг аҳоли дегани! Қаранг, ана шу юртдошларимизнинг бир кунлик даромади 10 — 13 минг сўмдан ошмас экан.

Ана шуларни инобатга олган ҳолда давлатимиз раҳбари ­Шавкат Мирзиёев масалани куюнчаклик билан кун тартибига олиб чиқди, тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш юзасидан мутасаддиларга кечиктириб бўлмас топшириқлар берди.

Хўш, улар нималарни кўзда тутади? Қандай самарали ­механизмларга асосланган?

Ишни ишсизликни камайтиришдан бошлаш керак!
“Ҳамма бало бекорчиликдан келиб чиқади”, дейди халқимиз. Бу — иллатларнинг шаклланиши, урчишига ишора. Худди шундай, камбағалликни ҳам келтириб чиқарувчи омиллар бор. Шулардан энг биринчиси — ишсизлик!

“Халқ сўзи ONLINE”

Камбағалликни бартараф этишнинг тўғри ва энг самарали усули аҳоли бандлиги даражасини ошириш, деб ҳисоблайди олимлар. Одамлар учун уларга муносиб ва даромади юқори иш ўринларини яратиш мақсад сари дадил қадамдир. Бунинг учун қишлоқ жойларда тадбиркорлик учун шарт-шароитлар, бизнес учун қулай муҳит ­яратиш керак. Президентимиз таъбири билан айтганда, камбағалликни камайтириш — бу аҳолида тадбиркорлик руҳини ­уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий, ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир.

Балиқ эмас, қармоқ беринг
Статистик таҳлилларга эътибор қилинг: Ўзбекистонда ке­йинги икки йил ичида ижти­моий нафақа олувчилар сони 1,3 баробар кўпайибди, нафақалар миқдори эса 2 баробар ошибди. Бу, албатта, таҳсинга сазовор иш. Лекин ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки улар миқдорини ошириш билан мавжуд муаммо тўлиқ ечимини топдими? Афсуски, йўқ. Нега?

Шу ўринда Хитой файласуфи, даосизм таълимоти асосчиси Лао Цзенинг ҳикматли сўзи ёдга тушади: “Оч қолган инсонга балиқ берсанг, унинг бир кунлик қорнини тўйдирасан. Агар унга қармоқ бериб, балиқ овлашга ўргатсанг, уни бир умр очликдан қутқарасан”.

Буюк мутафаккир бобомиз, шеърият мулкининг султони Алишер Навоийнинг бу борадаги фикрлари янаям жозибадор:

“Бир дирам олмоқ чекибон даст ранж,
Яхшироқ андинки, биров берса ганж”.

Ана шуларни чуқур англаган Юртбошимиз Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури ва бошқа ­халқаро нуфузли ташкилотлар билан бирга камбағалликни ­камайтириш дастурини ишлаб чиқиш таклифини илгари сурди. Бунда халқаро меъёрлар асосида чуқур ва ҳар томонлама комплекс изланишлар олиб борилиб, “камбағаллик” тушунчаси, уни аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услубларини қамраб олган янги методология яратиш лозимлиги таъкидлаб ўтилди.

«Ҳосил пишса, ошиғимиз олчи бўлади»
Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури мутахассисларининг фикрича, Ўзбекистонда камбағалликнинг кучли мавсумий таркибий қисми мавжуд. Яъни иш билан банд бўлганларнинг тахминан 27 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ­фаолият кўрсатади. Шу сабабли фаровонлик ва истеъмол ­даражаси ҳар фаслда ҳар хил.

Масалан, ҳосил йиғим-терими пайтида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрловчилар ва сотадиганлар учун кўпроқ ишлаш имкониятлари юзага келади. Бошқа даврларда эса даромад камаяди. Озиқ-овқат ҳам кўпинча захиралардан сарфланади ёки сотиб олинади. Уй хўжаликлари истеъмол харажатларининг деярли учдан икки қисми ҳали-ҳануз озиқ-овқат маҳсулотларига тўғри келишини ҳисобга олсак, бу қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари нархи, озиқ-овқат хавфсизлигининг мавжуд эмаслиги ва қашшоқлик ўртасидаги муҳим боғлиқликларни намоён қилади.

Мавсумийлик ички иқтисодий фаолиятнинг кўплаб бошқа соҳаларида ҳам мавжуд. Масалан, қурилишда.

Ўзбекистонда кейинги 10 йилда меҳнат ва кичик бизнес даромадларининг ўсиши камбағалликнинг қисқаришига олиб келганини инкор қилмаймиз. Иш ҳақи ва бизнесдан келадиган даромад манбалари аҳамияти тобора ортиши билан нафақалар, ижтимоий ёрдам дастурлари ва бошқа даромад турларининг роли камайгани ҳам рост. Бироқ Ўзбекистоннинг меҳнат бозорида сезиларли заифликлар мавжуд. Халқаро валюта фондининг мамлакатлар бўйича сўнгги ҳисоботида, меҳнат захирасига йилига 500 минг нафар янги ишчи қўшилишига қарамасдан, иш билан бандликнинг қайд этилган ўсиши ва киши бошига тўғри келадиган ишлаб чиқариш ҳамда хизматлар ҳажмининг ўсиш суръати ўртасида номутаносибликлар сақланиб қолаётганлиги таъкидланади. Ушбу мулоҳазани янада ривожлантирадиган бўлсак, иқтисодиётда банд аҳоли сонига тўғри келадиган товар ва хизматлар ҳажми, яъни меҳнат унумдорлиги даражаси бошқа ривожланган ҳамда ривожла­наётган давлатлар билан солиштирганда унчалик ҳам юқори бўлмаётганлигидан далолат ­бермоқда.

Умумий расмий маълумотларга кўра, мамлакатимизда меҳнат қиладиган аҳолининг 
38 фоизи норасмий иш билан банд (43 фоизи ёшлар). Бу ишчи кучининг катта қисми расмий ижтимоий суғурта дастурларидан фойдаланмаётганини англатади.

Қашшоқлик даражаси қандай аниқланади?
Ўзбекистон — аҳоли жон бошига тўғри келадиган миллий даромад кўрсаткичи бўйича ўртача даромадга эга мамлакатлар қаторидан жой олган (киши бошига йилига ўртача 1533 АҚШ доллари).

Аслида даромаднинг ўртача даражаси икки гуруҳга бўлинади. Даромади ўртача даражадан паст мамлакатлар — киши бошига йилига 1036 — 4085 доллар ва даромади ўртача даражадан юқори мамлакатлар — киши бошига йилига 4086 — 12615 доллар. Биринчи гуруҳдаги мамлакатлар учун мезонлар қабул қилинган. Бу ўлчовлар бўйича киши бошига кунига 3,2 доллар — камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичи. Миллий даромади ўртачадан баландроқ мамлакатлар учун кунига киши бошига 5,5 доллар камбағаллик чизиғининг ўртача кўрсаткичидир.

“Халқ сўзи ONLINE”

Демак, Ўзбекистон учун қашшоқлик чизиғи — кунига 3,2 доллардан кам пулга яшаш дегани. Мисол учун, беш кишидан иборат оиланинг ялпи даромади ойига 480 доллар ёки 4,6 миллион сўмдан кам бўлса, бу оилани камбағал, деб ҳисоблаш мумкин.

Ёппасига кредит бериш — муаммо ечими эмас

Маълумки, 2018 йилдан буён Жаҳон банки “Тараққиёт стратегияси” маркази билан ҳамкорликда “Ўзбекистон фуқароларини тинглаб” номли лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида “Марказий Осиёда туманлар миқёсидаги қашшоқлик даражаси, ўртача истеъмол ва аҳолининг ўрта синфи кўрсаткичлари” бўйича ҳисобот тайёрланди. Унда камбағал ва ўрта синф аҳоли яшайдиган туманлар хариталари бутун минтақа, хусусан, Ўзбекистон учун алоҳида келтирилган.

Бу орқали, жумладан, камбағалликни камайтиришга қа­ратилган саъй-ҳаракатлар ­самарадорлигини ошириш ёки маҳаллий даражадаги ижти­моий гуруҳлар муаммоларини ҳал қилиш учун маблағлар ажратилишида фойдаланиш мақсад қилинган. Ана шу таҳлиллар даромадлар тақсимланиши омилларини тушуниш ҳамда керакли чораларни аниқлаш ва ­ишлаб чиқишда қўлланилади.

Натижалардан маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида қашшоқлик даражаси кунига 3,2 долларни ташкил этади. Бу Марказий Осиёнинг бошқа (Тожикистон, Қирғизистон) мамлакатларига қараганда бирмунча паст кўрсаткичдир. Ўзбекистоннинг айрим ҳудудларида даромад нотекис тақсимланган. Камбағалликнинг юқори даражаси Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё, Андижон вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг айрим туманларида кузатиляпти. Ўрта синф аҳолининг умумий аҳоли сонидаги улушининг энг паст даражаси ҳам Самарқанд, Сурхондарё, Андижон, Сирдарё, Тошкент, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасининг баъзи туманларига тўғри келмоқда.

Албатта, Президентимиз қайд этганидек, камбағалликни камайтириш ойлик ёки нафақа миқдорини кўпайтириш, ёппасига кредит бериш, дегани эмас. Бунинг учун, энг аввало, аҳолини касбга ўқитиш, молия­вий саводхонлигини ошириш, одамларда тадбиркорлик ҳиссини уйғотиш, инфратузилмани яхшилаш, фарзандларини ўқитиш, сифатли даволаниш, манзилли нафақа тўлаш тизимини жорий қилиш керак.

Методология илмий хулосалар асосида яратилиши зарур

Камбағаллик миллатнинг ­соғлиғи, меҳнатга лаёқати ва илмий салоҳиятига путур етказади. Шунингдек, унинг оқибати натижасида Давлат бюджетининг пасайиши ва сиёсий ­жараёнларнинг кескинлашишига сабаб бўлади.

Ушбу ўринда 2019 йилда иқтисодиёт бўйича Нобель мукофотига сазовор бўлган олимлар ҳам айнан жаҳонда камбағалликни пасайтириш бўйича олиб борган тадқиқотлари учун мукофотланганлигини эсга олиш зарур бўлади. Булар ­америкалик Майкл Кремер ва келиб чиқиши асли ҳиндистонлик бўлган Абхиджит Банерджи ҳамда унинг рафиқаси ­Эстер Дюфло бўлиб, улар камбағалликни аниқлаш ва уни бартараф этиш борасида ижти­моий инновацияларни амалиётга татбиқ этишди.

Уларнинг илмий тадқиқот натижаларига кўра, камбағалликни юзага келтирадиган омиллар, шарт-шароитлар диагностикаси билан бирга ҳар бир мамлакат, ҳудуд ва оила кесимида бартараф этиш мумкинлиги аниқланди. Табиий фанлар ва тиббиётда олиб бориладиган тажриба усулларидан (эксперимент) кенг фойдаланган ҳолда, мазкур олимлар Кения ва Ҳиндистон оилалари, индивидлари мисолида дала тажрибаси асосида камбағалликни аниқлаш, уни пасайтириш бўйича изланишларни олиб боришиб, қуйидаги бош саволни қўйишди: камбағал давлатларда таҳсил олаётган ўқувчи-болалар учун бепул тушлик фойдалими ёки ўқув қўлланма?

“Халқ сўзи ONLINE”

Улар томонидан олиб борилган кўплаб тажрибалар (у 20 йил давомида амалга оширилган) шуни тасдиқладики, бепул тушлик ва қўшимча ўқув қўлланма ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичига унчалик ҳам сезиларли таъсир кўрсатмас экан. Шу боисдан мактабларни турли хилдаги замонавий ўқув қуроллари билан таъминлаш, моддий-техника базасини яхшилашга йўналтирилган молиявий ­харажатларни амалга ошириш, ўқувчиларни бепул тушлик ва ки­йим-бошлар билан таъминлаш каби чоралар қумга сув сепган каби сингиб кетар экан.

Ўзлаштириш кўрсаткичи ва ўқувчиларнинг билим савиясини кўтарадиган асосий омил: таълим бериш шаклини ва ўқитувчиларнинг таълим бериш сифатини ошириш, ўқувчиларга индивидуал ёндашув усулларини кучайтириш (дарс мазмунини оширишга) ҳамда болаларни қийнаб келадиган гижжа касалликларидан фориғ бўлишларини таъминлашга боғлиқ экан. Болалар организмида жойлашган паразитлардан холи бўлмасдан туриб, уларга қанчалик билим берманг, унинг ақли ва тафаккури кенгайиб қолмаслигини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳам тасдиқлади.

Шу пайтга қадар БМТ, Жаҳон банки, Жаҳон валюта ташкилоти ва турли жамғармалар томонидан камбағал давлатларга миллиардлаб АҚШ доллари қийматида молиявий ёрдамлар, субсидиялар йўналтирилганига қарамай, аҳолининг саводхонлиги ошиб, ўзини ўзи иш билан таъминлаш ва тадбиркорлик қобилияти ошиб қолмади. Буларнинг барчаси бесамар кетди. Ушбу давлатлар камбағаллик балосидан қутула олишмади. Айнан, Абхиджит Банерджи, Эстер Дюфло ҳамда Майкл Кремер буни исботлаб беришди ва дала тажрибаси асосида камбағалликдан фориғ бўладиган “таблетка”ни кашф қилишди ҳамда ўзларининг номларини иқтисодиёт тарихида ­муҳрлаб қўйишди.

Юқорида таъкидлаганимиздек, биринчи навбатда, ишсизлик даражасини пасайтиришга эътиборни кучайтириш лозим. Бу борада ўзига мустақил ёрдам бера олмайдиганларни қўллаб-қувватловчи фаол ва таъсирчан сиёсат юритиш, ушбу мақсадларга жамият ва хусусий сектор ресурсларини жалб этиш катта самара беради.

Бинобарин, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда одамларимизни тадбиркорликка ўқитишнинг энг илғор дастурларини ишлаб чиқиш ва касбга ўқитишда нодавлат ташкилотлари фаоллигини кучайтиришга эҳтиёж катта.

Касаначилик меҳнат турини ривожлантириш керак. Бунда замонавий машиналар, ускуналар, хом ашё ва материалларни харид қилиш учун молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятини яратиш даркор. Касаначиларга буюртмачилар топишига, тадбиркорлик субъектлари билан кооперациясини кенгайтиришга кўмаклашиш зарур.

Шунингдек, ишга жойлашишга муҳтож шахсларга касбий тайёргарлик, қайта тайёрлаш ва малака ошириш тизимини кенгайтириш, бозор эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, мақбул шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган чоралар кўриш фойдадан холи бўлмайди.

Аҳоли реал даромадлари ва харид қобилиятини ошириш, бунинг учун ижтимоий меҳнат тақсимотини тўғри йўлга қўйиш орқали жон бошига тўғри келадиган товар ва хизматлар ишлаб чиқариш ҳажмини, яъни меҳнат унумдорлигини кескин ошириш даркор.

Камбағаллик ҳолатида ёки чегарасида яшаётган аҳоли қатламини қашшоқликдан чиқариш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар ва аҳоли томорқаларидан мақсадли фойдаланишда микрокластер тузилмаларини яратиш мақсадга мувофиқдир.

Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ­Ўзбекистонда камбағалликни камайтириш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Фикримизча, мазкур йўналишда жаҳоннинг илғор мамлакатлари тажрибасидан унумли фойдаланишимиз керак. Бу борада, биз, олимлардан ҳам жонбозлик, фаол илмий изланишлар олиб бориш талаб этилади. Шундагина Президентимиз таъкидлаган методологияни яратиш ва ҳаётга татбиқ этиш имкониятига эга бўламиз.
Шерзод МУСТАФОҚУЛОВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг «Университет 3.0» халқаро ўқув, илмий-инновацион тадқиқотлар маркази директори, иқтисодиёт фанлари доктори.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

09 Декабрь 2019