Ҳар бир оила — тадбиркор. Унинг ҳуқуқий асоси мустаҳкам, имтиёзлар кўлами кенг
Президентимиз Шавкат Мирзиёев мамлакатимиз тараққиётига дахлдор бўлган яна бир муҳим ҳужжатга имзо чекди. “Ҳар бир оила — тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ушбу қарор ўз вақтида қабул қилингани билан катта аҳамиятга эга.
Хўш, мазкур ҳужжатни қабул қилишга қандай зарурат бор эди, нега айнан оилавий тадбиркорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда? Қарорнинг асл мақсади ва мазмун-моҳияти нималардан иборат ўзи?
Кейинги йилларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, бизнеснинг ушбу шакли билан шуғулланаётганларга кўплаб имтиёз ҳамда имкониятларни яратиб бериш мақсадида барча куч сафарбар этилди. Солиқдан озод этиш бўладими, энергия ресурслари тўловидаги имтиёзларми, маҳсулотни сотишдаги эркинликми, хуллас, ҳамма шароит муҳайё қилинди.
Бажарилган ишлар самараси ўлароқ, ҳозирги кунда республикамизда 13 минг 248 та оилавий корхона фаолият олиб боряпти. Уларда 22 минг 579 нафар одам иш билан таъминланган. 2017 йилнинг ўзида оилавий корхоналар томонидан 379 миллиард 399 миллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилган. Жорий йилнинг биринчи чорагида оилавий тадбиркорлар томонидан салкам 6 миллиард 579 миллион сўм солиқ тўланган.
Лекин бугунги замоннинг талаби ўзгача, шароитлар бошқача. Йилига ярим миллион нафардан кўпайиб бораётган республикамиз нуфуси рўзғорининг бутлигига эришиш, одамларни, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласини ҳал этишни ҳар бир оиланинг тадбиркорлик ресурсларидан фойдаланмай туриб бажариш мушкул бўлиб қолаётган эди.
Давлатимиз раҳбари мазкур вазифанинг ечимини аниқ кўрсатиб берди. Ҳар бир оиланинг бизнес билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шарт-шароитлар яратишга янгича ёндашилди. Қарорга асосан, мамлакатимизнинг ҳар бир туман ҳамда шаҳрида, аввало, олис ва табиий-иқлим шароити оғир ҳудудларда шу номдаги дастур амалга ошириладиган бўлди.
— Дастурни ҳаётга тўлақонли татбиқ қилиш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилмоқда, — дейди Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси бошқарма бошлиғи Фаррух Омонов. — Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида Дастур доирасида қилинаётган ишларни мувофиқлаштириш бўйича ташкилий ишчи гуруҳлари, тегишли вазирлик ва идораларнинг ҳудудий бошқармалари раҳбарларидан иборат Аҳолига тадбиркорлик кўникмаларини ўргатиш ва тавсиялар бериш бўйича махсус ишчи гуруҳлари фаолияти йўлга қўйилади.
Асосийси, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этишга амалий кўмаклашиш ҳамда мониторинг қилиш бўйича эса туман (шаҳар) ҳокимларининг биринчи ўринбосарлари раҳбарлигида ҳудудий ишчи гуруҳлар ҳам иш бошлайди. Ҳудудий ишчи гуруҳлар ҳар бир хонадонни ўрганиб, аҳолининг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун шароит яратиш, яъни бизнес-режани тузишдан тортиб, кредит олиш, маҳсулотни ишлаб чиқариш ва уни реализация қилишгача бўлган жараёнда аниқ манзилли ёрдам кўрсатади.
Қарорда Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Жамоат ишлари жамғармаси зарур бўлган ҳолатларда Дастурда белгиланган вазифаларни қўшимча молиялаштириб бориши мустаҳкамланган.Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси эса тадбиркорлик субъектларига ажратиладиган кредитларга устувор равишда кафилликлар ҳамда фоиз харажатларини қоплаш учун компенсациялар ажратиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Марказий банки департаменти директори ўринбосари Актам Сайфуллаевнинг қайд этишича, тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида имтиёзли кредитлар берилади. Хусусан, бунинг учун энг кам иш ҳақининг юз эллик бараваригача, белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтган кичик тадбиркорлик субъектларига фаолиятни ривожлантириш учун энг кам иш ҳақининг минг бараваригача, тадбиркорлик субъектларининг инвестициявий лойиҳалари учун эса энг кам иш ҳақининг минг бараваридан ортиқ миқдорда кредитлар ажратилади.
Қарор билан оилавий тадбиркорлик фаолияти учун ер ажратиш масаласи ҳам ўз ечимини топди. Тегишли вазирлик ва идоралар маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда икки ой муддатда фойдаланилмаётган ер майдонларини инвентаризациядан ўтказиб, уларга бўлган ҳуқуқларни қонуний тарзда бекор қилиш, ушбу ер майдонларини Дастур доирасида фаолиятини бошлаётган ҳамда кенгайтираётган тадбиркорлик субъектларига ажратиш чоралари кўрилади.
Президентимиз қарорига асосан, жорий йилнинг 10 июнидан бошлаб намунавий тарзда Андижон вилоятининг туман ва шаҳарларида “Ҳар бир оила — тадбиркор” ҳудудий дастури татбиқ этилади. Ҳудудий дастурда кўзда тутилган вазифаларни молиявий таъминлаш мақсадида каттагина маблағ, яъни 200 миллион АҚШ доллари йўналтирилади.
Умуман айтганда, қарор ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ҳамда барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш йўлида катта қадам бўлиши, шубҳасиз.
Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил
мультимедиа маркази материаллари асосида
Раҳим ШЕРҚУЛОВ тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Саудия Арабистонида «Ўзбекистон маданияти кунлари» давом этмоқда
- Супер ой: Бугун Ернинг табиий йўлдоши одатдагидан анча катта кўринмоқда
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
Изоҳлар
Muxriddin Polatov (muxriddin.polatov@mail.ru):
Hamma viloyatlardan olsa bo'ladimi yoki faqat Andijon viloyatida olish mumkinmi? Batafsil yozishni iloji bormi?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг