Француз бренди юртимизда атом энергетикаси бўйича қўшма муҳандислик корхонасини очмоқчи

13:54 26 Март 2019 Жамият
1289 0

Яқинда юртимизга Франциянинг машҳур “Assystem” компанияси делегация ташриф буюрди. Меҳмонлар “Ўзатом” агентлиги мутасаддилари билан учрашишди.

Мулоқотда қайд этилганидек, мамлакатимизда атом энергетикаси йўналишига асос солиниши нафақат энергетика, балки илм-фан, кадрлар тайёрлаш соҳалари ривожини тезлаштиради, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт, қурилиш тармоқлари имкониятларини кенгайтиради. Халқаро тажриба шуни кўрсатмоқдаки, мазкур жабҳа тараққиёти кўплаб бошқа соҳалар равнақи учун ўзига хос катализатор, локомотив вазифасини бажариб беради.

Француз компаниясининг бизнесни ривожлантириш бўйича директори Фредерик Женуанинг таъкидлашича, атом энергетикаси Ўзбекистон келажаги учун углеродсиз , хавфсиз ва ишончли энергияни таъминлаб бериш учун зарур. У “Ўзатом” агентлиги раҳбариятини “Assystem” компаниясининг атом энергетикаси соҳасидаги тажрибаси билан таништириб ўтди. Ўз навбатида Франция делегацияси вакиллари томонидан келгусидаги ҳамкорлик, хусусан, Ўзбекистонда кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, Тошкентда жабҳа мутахассислари учун семинар ташкил этиш борасидаги ўзаро алоқалар истиқболлари тақдим этилди. Қолаверса, француз бренди билан юртимизда қўшма муҳандислик корхонаси очиш имкониятлари ҳам кўриб чиқилди.

Ўзбекистонда кадрлар тайёрлаш ва ядро инфратузилмасини ривожлантириш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун, “Assystem” атом энергетикаси соҳасида дунёдаги энг йирик компаниялар учлиги таркибига киради. У мураккаб ва қатъий тартиб асосида назорат қилинадиган тармоқлар бўйича 50 йиллик иш тажрибасига эга. Франциянинг мазкур компанияси дунё ядро индустриясидаги энг етакчи консалтинг ва муҳандислик маркаси деб тан олинган. Унинг салоҳияти жаҳондаги исталган атом технологиялари етказиб берувчилари билан ишлаш имконини беради. Уларнинг орасида Франция, Япония, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Жанубий Корея, Ҳиндистон каби кўплаб мамлакатлар бор. Компания бутун дунё бўйича 2800 ходимига эга. Улар Франция, Буюк Британия, Туркия, Финляндия, Саудия Арабистони ва Жанубий Африка Республикасида ядро энергетикасини фаол ривожлантиришга ҳисса қўшиб келишяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер