Динозавр қолдиқлари деб тахмин қилинаётган топилма бўйича мутахассис ўз фикрини билдирди

02:45 18 Февраль 2019 Жамият
1664 0

Сайтимизда жорий йил 14 февраль куни “Археологлар диққатига: Риштон туманидан динозавр қолдиқлари топилди” номли мақола эълон қилинган эди. Очиғи, бу воқеликни эфирларида эълон қилмаган, нашрларида чоп этмаган ОАВ деярли қолмади ҳисоб. Ижтимоий тармоқларда-ку ушбу мавзу юзасидан жуда кўплаб баҳс-мунозаралар юзага келгани ҳам бор гап.

Масалага ойдинлик киритиш мақсадида “Халқ сўзи ONLINE” мухбири Элёржон Эҳсонов Ўзбекистон Республикаси Давлат геология музейи директори Аҳмаджон Ахмедшаев билан суҳбатлашди.

— Бунақа воқеа 2015 йили Сирдарё вилоятининг Ховос туманида ҳам бўлган, — дейди А. Ахмедшаев. — Лекин суяклар динозавр қолдиқлари сифатида ўз исботини топмаган. Фарғона вилоятининг Риштон тумани, Янгийўл қишлоғи, Янгитурмуш кўчаси, 2-уйдан топилган, айни пайтда динозавр суяклари қолдиқлари деб тахмин қилинаётган топилмани ҳали шахсан ўзим бориб кўздан кечирганим йўқ. Лекин Риштон туманига боришга ҳам ҳеч бир асос йўқ, деб ҳисоблайман. Сабаби, топилманинг динозавр қолдиқлари эмас, дейишимга етарли далилларим бор.

Биринчидан, мавзу давримиздан 130 — 180 миллион йиллар муқаддам яшаган динозаврлар ҳақида кетяпти. Мазкур даврдаги суяк қолдиқлари тошга айланмаган бўлса, бизгача етиб келмайди. Бу илмий хулоса! Чунки йиллар сурони, географик ўзгаришлар, табиий офатлар, иқлим ўзгаришлари уни йўқ қилиб юборади. Тошларга эса бу каби ҳодисаларнинг таъсир қилиши қийин. Риштон туманидаги суяк қолдиқларининг шундоққина пол остидан соф суяк ҳолида топилиши шу жиҳатдан илмий асоссиздир.

Иккинчидан, динозавр суякларига баҳо беришда бизнинг илмий тилдаги 60 миллион йиллардан далолат берадиган бўр қатлам, юра даври қатламлари бўлиши керак. Полнинг шундоққина остидаги суяк қолдиқлари неолит, палеолит каби узоқ даврлардан қандай қилиб “эсон-омон” “ўтиб олди” экан?! Телевидение орқали шу мавзудаги лавҳани диққат билан кузатдим. Намойиш этилаётган тасвирдаги суяклар эса яхши сақланган. Суяк қисмларини боғлаб турувчи воситаларга ҳам зарар етмаган.

Менинг фикримча, суяк қолдиқлари мушуксимонлар оиласига тааллуқли ҳайвонга тегишлидир. Яйдоқ чўл ҳудуди бўлганлиги учун бу бундан икки-уч аср олдин, балки ундан ҳам кўпроқ йилларда яшаган чўл мушуги, қамиш мушугининг суяк қолдиқлари бўлиши мумкин.

Фарғона давлат университетининг зоология кафедраси мутахассислари, профессор ва фан номзодлари мазкур ҳодисага нисбатан ўзларининг илмий хулосаларини бериши керак, деб ўйлайман.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019