“Шавкат Мирзиёев — бош ислоҳотчи”

17:31 27 Август 2018 Сиёсат
955 0

“BRICS Business Magazine” журналининг инглиз тилида чоп этиладиган нашри муқовасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фотосурати билан “Бош ислоҳотчи” сарлавҳали мақола эълон қилинди.

Глобал инвесторлар, ишбилармонлар, сиёсатчилар ва эксперт жамоатчилигига мўлжалланган журналда, шунингдек, рус тилида “Карвон бормоқда” номли таҳририят мақоласи босилди. Ушбу материал Президент Шавкат Мирзиёев томонидан мамлакатни кенг модернизация йўлига олиб чиқиш мақсадида эълон қилинган ислоҳотларига бағишланади.

Хусусан, мақоланинг ислоҳотларнинг ҳозирги ҳолатига тегишли қисмида Шавкат Мирзиёев президентлигининг бошидан ҳукумат кун тартибига либерал ислоҳотларни қайтаргани, бинобарин, илгари сурилган ўзгаришлар Ўзбекистон ҳаётининг барча соҳаларига дахлдор бўлиши таъкидланган. Улар ижтимоий ҳаёт, ҳокимият тузилмаси ва мамлакат иқтисодиётини янада мослашувчан, замонавий ва самарали қилган ҳолда янгилаши керак. Ислоҳотлар Қуролли Кучлар, шунингдек, ҳуқуқ-тартибот тузилмалари фаолиятига ҳам тааллуқли бўлди.

Ўтган йил сентябрь ойидан валюта тартибини либераллаштириш бошланди. Жумладан, валютани эркин конвертация қилишга рухсат берилди: аҳоли биринчи марта маҳаллий банклардан доллар сотиб олиш ва сотиш имкониятига эга бўлди.

Ҳокимият давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар қабул қилмоқчи. Чунончи, январь ойида электрон ҳукуматни ривожлантиришнинг уч йиллик стратегияси ишлаб чиқилиши эълон қилинди, 1 сентябргача эса криптовалюта айланмаси учун ҳуқуқий база тайёр бўлиши кўзда тутилган. Президент Шавкат Мирзиёевнинг шу бўйича тегишли қарори февраль ойида имзоланган эди.

Ниҳоят, иқтисодиётда давлат компаниялари фаолияти самарадорлигини ошириш, қолаверса, мамлакатда бизнес юритиш шароитини яхшилашга йўналтирилган ислоҳотларнинг кенг туркуми ҳаётга татбиқ этилди. Автомобилсозлик комплексини ислоҳ қилиш алоҳида назарда тутиляпти. Мақсад — ишлаб чиқариш ҳажми ва маҳаллийлаштириш даражасини юксалтиришдир.

Диққатга сазовор жиҳати шундаки, деб ёзилади журналда, Шавкат Мирзиёев иқтисодиётни жонлантириш учун Ўзбекистон сиёсатининг ўтмишдаги учта асосий тамойили (давлатнинг дунёвий характери ва кўп томонлама блокларда иштирок этмаслик билан биргаликда)дан бири — фақат ўз хусусий ресурсларига таяниш тамойилидан деярли воз кечди. Президент топшириғи билан сармоядорлар ҳуқуқ ва манфаатлари ишончли ҳимоясини таъминлашга қаратилган янги инвестициявий қонунчиликни ишлаб чиқиш бошланди. Яқин кунлар ичида мамлакатда Инвестициявий кодекс пайдо бўлиши лозим. 2017 йил март ойида Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича Фармон имзоланди.

Мақолада қайд этилишича, олиб борилаётган ишлар самаралари аллақачон кўзга ташланмоқда. Жумладан, Ўзбекистонга хориж инвестицияси оқимининг узоқ йиллик пасайиш тенденциясига барҳам беришнинг уддасидан чиқилди. Ваҳоланки, 2016 йилгача охирги беш йилда улар қарийб ярмига, 3,3 миллиард доллардан 1,9 миллиард долларгача қисқариб кетганди. Мазкур маълумотлар ўтган йил ноябрь ойида Тошкентда инвестицион иқлимни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган халқаро давра суҳбатида айтиб ўтилганди. “2017 йилгача Ўзбекистонни ички ресурсларига кучли боғланиб қолиши натижасида инвестиция масалаларида консерватив йўлга тушиб қолган мамлакат сифатида таърифлаш мумкин эди. Бу бизнинг амалиёт эскиришига олиб келди. Бундан ташқари, давлат ўзаро маълумот алмашиш механизмининг йўқлиги сабабли сармоядорлар муаммоларидан етарли даражада хабардор эмасди”, дея Ўзбекистон Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси раҳбарияти фикри келтириб ўтилади. Ўшандан буён манзара ўзгарди. Буларнинг барчаси ҳанузгача нисбатан паст самарадор қишлоқ хўжалиги сезиларли улушни эгаллаб келаётган ўзбек иқтисодиётини тузилмавий қайта қуришда ёрдам бериши керак. “Шубҳасиз, Ўзбекистонга жуда кучли модернизация зарур, чунки Ўзбекистон — биринчи навбатда агросаноат ишлаб чиқариш демакдир. Лекин мамлакат равнақ топиши учун унга юқори маҳсулдор ишлаб чиқаришлар даркор. Шунчаки мева-сабзавотлар эмас, тайёр маҳсулотни қайта ишловчи ва етказиб берувчи корхоналар”, дейди РФАнинг Марказий Осиё, Кавказ ва Урал-Волга бўйини ўрганиш маркази илмий ходими Игорь Савин.

Ҳукумат режаси бўйича ислоҳотлар айнан мана шундай самарага, яъни, Ўзбекистон иқтисодиётида хизматлар ва замонавий ишлаб чиқариш ҳиссаси ортиши лозим. Бу нафақат ўсишга туртки беради, балки янги иш ўринлари яратилишига олиб келади.

Ўзбекистонда либерал ислоҳотлар энди тез суръат олмоқда. Экспертлар бу борада якдил: ҳокимият “шок терапияси”га ўхшаш ҳолатларга йўл қўймайди, аксинча, аҳоли учун оммабоп бўлмаган чора-тадбирлар асоратларини юмшатган ҳолда бу йўлдан эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилади. Масалан, бу ўтган йил сентябрь ойида сўм девальвацияси ҳодисасида кузатилди. Миллий валюта курси ташқи конъюнктура​ босими остида бир кунда қарийб икки баробар, 1 доллар учун 4210 сўмдан 8100 сўмгача пасайтирилган эди. Боз устига, ҳукумат ўшанда аҳолининг энг кам таъминланган қатламига тушадиган оғирликни сезиларли даражада юмшатган ҳолда асосий маҳсулотлар нархи жиддий “сакраб” кетишига йўл қўймаслик учун барча чорани кўрганди.

Бундай ёндашув ислоҳотлар боришини секинлаштиради, бироқ ижтимоий беқарорликнинг олдини олади. Эътироф этилишича, бундай ёндашув тўла ўзини оқлайди.

“Бундай сокинлик кўпинча ҳукуматга нисбатан танқид уйғотади. Кўплаб, айниқса, ташқи кузатувчилар Шавкат Мирзиёевдан иқтисодиёт ва ҳатто сиёсий тизимни қайта қуриш бўйича қандайдир кескин қадамларни кутганди ҳамда кутишда давом этяпти. Лекин бу Ўзбекистон анъанасига мутлақо тўғри келмайди. Бундай кўринишдаги тезкорлик ўзбекона услуб эмас”, дейди МДҲ мамлакатлари институти Ўрта Осиё ва Қозоғистон бўлими мудири Андрей Грозин.

Нима бўлган тақдирда ҳам, дея хулоса қилади нашр, бир нарса аниқ: Ўзбекистон карвон каби аллақачон йўлда, балки унча тез эмасдир, лекин белгиланган манзил сари машаққатлар ва ёнида келаётган шовқин-суронга қарамай ишонч билан бормоқда.

Бизнинг маълумот: “BRICS Business Magazine” — ишбилармонлик ва гуманитар нашр. БРИКС саммитидан тортиб, Петербург халқаро иқтисодий форумигача бўлган йирик иқтисодий воқеаларга тўғри келган пайтда йилда тўрт марта чиқади. Унинг таъсисчилари фикрича, “аста-секин ўқишга мўлжалланган журнал”. Иқтисодчилар, сиёсатчилар, сиёсий арбоблар, глобал инвесторлар ва экспертлар мазкур нашр аудиторияси ҳисобланади. Журнал инглиз ва рус тилларида чоп этилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар