Бола сотмоқчи бўлган “ошиқ-маъшуқ”лар устидан ҳукм ўқилди

14:32 13 Сентябр 2018 Жамият
1256 0
Иллюстратив фото

“Халқ сўзи online”. Темур Эшбоев/Навоий. Асли Самарқанд вилоятининг Нарпай туманилик Р. Ф. исмли аёл оиласи бузилгач, икки нафар боласи билан Учқудуқ шаҳрига келади.

Шаҳарда ижарага уй олиб, бозорда савдо-сотиқ билан шуғуллана бошлайди. Кўп ўтмай кичик ўғлини бегона бир аёлга васийликка бериб, оилали, икки нафар фарзанднинг отаси бўлган И. А. билан танишади. Кафе-барларда санғиб юришлар, охир-оқибат шаръий никоҳ ва ҳомиладорлик билан якун топади.

4 апрель куни кўзи ёриган она фарзандидан “қутилиш” ва даромад олиш илинжига тушади. Танишларига ўз қарорини маълум қилиб, улар орқали харидор ахтаради.

Яқин одамлари “харидор” деб таништирган аёл билан 10 000 000 (ўн миллион) сўмга “баҳоланган” бола учун ҳозирча 2 500 000 сўм олишни, қолган маблағ ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилганидан сўнг берилишига келишилади. Ҳаммаси хамирдан қил суғургандек кетаётган эди, гўё. Бироқ туман ички ишлар ходимларининг тезкор ҳаракатлари туфайли жиноятга чек қўйилди.

“Ҳайвонот дунёсида бирор жонзот боласини ташламайди. Битта эмас, бешта болалаган ит ҳам бирорта кучугини биров олиб кетса, увуллаб йиғлаганини кўрганмиз. Аммо, дунёда ақли билан ҳайвондан фарқ қилувчи одамзод авлоди кейинги пайтда ҳайвон қилмайдиган ишларни қилаётганидан, ёқа ушлайсан киши. Ахир, ўз фарзандини туғибоқ бўғиб, ахлат қутисига ташлаб кетаётганлар, целлофанга ўраб, тириклайин кўмиб қўйганлар, ҳожатхонага ташлаб юбораётганлар ҳам инсон зотидан. Шундай ҳолатларни эшитганда киши дарров ўйга толади: наҳотки инсон шунчалар тубанликка бориши мумкин?”, - дейди жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди Жаҳонгир Каримов.

Бу каби воқеа-ҳодисаларнинг ҳаётимизда тобора кўпайиб бораётганининг асл сабабини қидирадиган бўлсак, яна гап ўша тарбияга бориб тақалаверади. Қиз ўстираётган оналар фарзанд кўриш аёл учун энг олий бахт эканини уларнинг қулоғига қуймаяпти? Оталар-чи, ўғлига аёл унинг наслининг давомчисини дунёга келтиришини, шунинг учун уни ҳамиша асраб-авайлаш зарурлигини уқтира олмаяпти?

Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судида Р. Ф. ва унинг жиноий шериги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 135-моддасининг 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. Жиноят кодексининг 57-моддаси қўлланилган ҳолда Р. Ф.нинг “маъшуғ”и И. А. 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, “она” номига доғ туширган аёлга 5 йил муддатга қамоқ жазоси тайинланди.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019