Андижоннинг Хонободидан Мўйноқ сари пиёда йўлга чиққан юртдошимиз 70 кундан сўнг Бухоро шаҳрига етиб келди

16:02 10 Сентябр 2019 Жамият
506 0

Илгари сайтимиз орқали Хонободдан Мўйноқ сари яёв йўлга чиққан Соҳиб Ражабовнинг сафари қандай кечаётгани тўғрисида хабарлар берган эдик.Олис йўлга чиққан бу қатъиятли юртдошимиз 70 кун деганда қадимий Бухоро шаҳрига етиб келди.

-Сафардан кўзлаган асосий мақсадим Ўзбекистоннинг тинч ва осойишта, хавфсиз юрт эканлигини, халқимизнинг меҳмондўстлиги, бағрикенглигини бутун дунёга кўрсатиш,- дейди у биз билан суҳбатда.-Йўл – йўлакай Ватанимизнинг бетакрор манзаралари, қадимий обидалари, осори–атиқаларини суратга туширяпман.Уларни ҳам замонавий алоқа воситалари орқали бутун дунёга намойиш этиш ниятидаман.Навоийдан Бухоро томон йўл олганимда бир умр ёдимда қоладиган кўплаб манзараларга дуч келдим.Масалан, йўл ёқасидаги сардоба ўзининг меъморий тузилиши билан мени мафтун этиб қўйди.Унинг ёнидаги бозорда бўлдим.Ишонасизми, ўзимни худди ўрта асрларга тушиб қолгандек ҳис этдим.Менинг ҳолатимни фақатгина юзлаб чақирим йўлни пиёда босиб келган кишигина тўлиқ тасаввур эта олиши мумкин.

Қаерда бўлмай, мени ватандошларимиз илиқ қарши олишмоқда.Кексаларимиз “Сафарингиз бехатар бўлсин”, дея дуо қилиб қолишяпти.Мени ҳатто энг чекка қишлоқларда яшовчилар ҳам таниб қолишганини айтмайсизми?!

Айтмоқчи, Соҳибжон билан суҳбатимиз Когон тумани ҳудудидаги Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуасида кечди.Юртдошимиз одатига кўра, табаррук зотлар мангу қўним топган қадамжолар зиёратини канда қилмаяпти.Жумладан, Навоий вилояти билан чегарадош Ғиждувонга ўтар экан, “Етти пир” силсиласини бошлаб берган улуғ бобомиз Абдулхолиқ Ғиждувоний қабрини зиёрат қилди.Шундан сўнг Шофиркон ва Вобкент туманларида бўлиб Хўжа Ориф Ревгарий (Моҳитобон) ҳамда Хўжа Анжир Фағнавий қадамжосида бўлди.Баҳоуддин Нақшбанд меъморий мажмуида эса у шу табаррук маскан имом – хатиби, таниқли хаттот Абдуғафур Раззоқов ва бошқалар билан суҳбатлашиб, буюк бобокалонларимизнинг инсонни ҳалол меҳнат, эзгу ишларга даъват этган таълимотлари мазмун – моҳияти хусусида маълумотларга эга бўлди.Президентимиз ташаббуси билан “Етти пир”да амалга оширилаётган ободончилик, бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Шу ўринда яна бир далил.Бухоро вилояти чегарасидан то Баҳоуддин Нақшбанд қадамжосига қадар бўлган йўлни Соҳибжон уч суткада босиб ўтди.У айни пайтда “Етти пир” силсиласига кирувчи Мир Кулол қадамжосини зиёрат қиляпти.Шундан сўнг Бухоро шаҳрига бориб, бу қадимий кент тарихи, бугуни ва эртасига оид маълумотлар йиғади.

Кейин эса Газли шаҳри томон йўл олади.Газлидан то Нукус шаҳрига қадар бўлган 450 километр йўлни босиб ўтади.Буни алоҳида таъкидлашимизнинг боиси бор.Гап шундаки, йўлнинг асосий қисми чўл – биёбондан иборат.Ўзининг таъбири билан айтганда, йўлнинг энг мураккаби олдинда.Аммо шижоатли йигит учун бу қийинчилик писанд эмас.Қолаверса, Соҳибжон етти ёшидан спорт билан мунтазам шуғулланган.У Турон якка кураши бўйича халқаро спорт устасидир.

Мақоламиз сўнгида яна бир рақамни келтирмоқчимиз.Соҳибжон Хонободдан то Мўйноққа қадар жами 2,5 минг километрни яёв босиб ўтишни ният қилган. Ҳозир бир минг 400 километр масофа ортда қолди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
(“Халқ сўзи”)


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Муштарийлар учун ажойиб янгилик!

Юқоридаги суратда бунинг учун нима қилиш лозимлигини томоша қилишингиз мумкин.

02 Декабрь 2019