Андижондаги уй можароси. Аслида нима бўлганди?

Саминжон Ҳусанов, “Халқ Сўзи Online”/Андижон. Ёмон гап тез тарқайди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Ачинарлиси, айрим манбалар унинг нечоғли ҳақиқатга яқин эканлигини суриштириб ўтирмадилар. Гап, “Президент уй берди” деб телевизордан раҳмат айттирилган андижонлик аëл “шоу уй”дан чиқарилди” сарлавҳаси остидаги мақола хусусида кетмоқда. “Озодлик”да эълон қилинган ушбу хабар кун мавзусига айланди. Яхшиямки, бугун одамлар ҳамма гапга ишонавермайдилар. Чунки, улар барчасини кўриб турибди. Шу боис ҳам мақолада баён этилгани каби Андижон шаҳридаги “Мустақиллик” маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Пушкин кўчаси, 49-умумий ҳовлида истиқомат қилувчи Хуршидахон Тиллаеванинг интервьюсига шубҳа билан қарадилар. Ахир, кечагина эмасмиди, шу аёл “Ўзбекистон 24” телеканали орқали республикамизда кам таъминланган, турар-жойга муҳтож хотин-қизлар учун яратилган шароитдан мамнун ҳолда интервью бергани?
Хўш, Хуршидахон Тиллаева ким ўзи?
Андижон шаҳрида яшаган аёл 2010 йилда Жалақудуқ туманида истиқомат қилувчи Акмалжон Бегалиев билан шаърий никоҳ орқали турмуш қурган. Тақдир экан, 2 нафар фарзанди билан ажрашгач, ота уйига қайтиб келди. Шунга ҳам икки йил бўлди. Шу пайтгача, онаси, синглиси, 1-гуруҳ ногирони бўлган укаси ҳамда фарзандлари билан шароити ўта оғир бўлган эски барак уйларда яшаб келди.
Тан олиш керак,Андижон вилоятида Хуршидахон каби аёллар сони жуда кўп. Вилоят ҳокими ШуҳратбекАбдураҳмоновнинг қабулига ёрдам сўраб келганларнинг деярли 95 фоизи турмушдан ажраган аёллар бўлиб, уларнинг барчаси яшаш учун уй сўраб мурожаат қиладилар. Ер майдони оз, аҳолиси зич бўлган ҳудудда эса бу масала айтиш жоиз бўлса, аста-секинлик билан эмас, жадаллик билан ҳал этилмоқда. Барча билади, Андижонда сўнгги 30 йил ичида давлат ҳисобидан бирорта ҳам турар жой биноси қурилган эмас. Натижада бугунги кунга келиб уйга муҳтожлар сони 50 минг нафарга етди. Аҳолини турар-жой билан таъминлаш мақсадида биргина Андижон шаҳрининг ўзида шу йилнинг охирига қадар 150 та кўп қаватли уйлар барпо этилишининг ўзиёқ бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенглигидан далолатдир. Андижон шаҳридаги “Мустақиллик” МФЙ да ўта оғир шароитда истиқомат қилувчи юртдошларимиз учун икки йилдирки, “Мустақилликнинг 27 йиллиги” номли янги маҳалла қад ростлаяпти ва бу ерда мингта арзон уйлар қуриб, фойдаланишга топшириляпти. Янги уй соҳиблари орасида Хуршидахоннинг онаси Ҳалимахон Тиллаева ҳам жорий йилнинг 18 май куни шу маҳалланинг 263-ҳовлисига кўчиб ўтди. Аёл билан бир уйда истиқомат қилган яна бир қизи Моҳисора Тиллаева эса 563-сонли ҳовлида истиқомат қилмоқда. Оила аъзоси бўлмиш Хуршидахон Тиллаевага шу маҳаллада барпо этилаётган кўп қаватли турар жой биносининг 2 хонали квартирасига эгалик қилиш ҳуқуқи берилган. Вилоятда кам таъминланган аёлларга бўлган эътиборни қарангки, “Мустақиллик” тикувчилик цехи томонидан Хуршидахон учун 12 миллион сўмдан иборат дастлабки тўлов пули ўтказиб берилган. Бироқ, аёл кўп қаватли турар жой биносида истиқомат қилишдан бош тортиб, онаси ва опаси каби коттеж уйлардан ажратиб беришлари учун имкон қидира бошлади ва бу мақсади йўлида “Озодлик” радиосидан умид қилди.
Сиз эътибор беринг, Андижон шароитидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир хўжаликка битта уй ажратиб берилиши ҳам мумкин эди. Шунда ҳам одамлар шукроналик туйғуси билан яшашлари учун бу катта имконият бўлган бўлар эди. Ахир, атиги бир хонада ўнлаб оила аъзолари девори қачон қулаб тушишидан хавотирда ёстиққа бош қўйгани қаёқдаю, барча шароитларга эга бўлган ва шаҳар имкониятларидан кам бўлмаган уйда кўнгил хотиржамликда яшаганлари қаёққа! Бироқ шахсан вилоят ҳокимининг ўзи ҳар бир ночор хотин-қизларга алоҳида турар жой ажратишга қарор қилди. Афсуски, бундан тўғри хулоса чиқариб, миннатдорлик ҳисси билан яшаш ўрнига янги имкониятлар изловчи баъзи замондошларимиз ҳам орамизда йўқ эмас. Ана шу тоифадаги юртдошларимиз ҳақида ўйлаяпману, “Олтин балиқ” эртаги ёдимга тушди. . .
Хулоса чиқариш ўзингиздан...
Рустамжон ЭШОНОВ олган суратлар.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг