Андижон вилояти ҳокими: «Халқимиз бугунги кунидан миннатдор бўлмоғи керак»

09:19 27 Август 2020 Жамият
606 0

Давр шиддат билан ўзгариб бормоқда. Кечаги Ўзбекистонни янги Ўзбекистон билан қиёслаб бўлмайди. Ҳар соҳада истиқболли босқичга қадам қўймоқ бугунги куннинг энг муҳим вазифасига айланди. Зеро, амалга оширилаётган хайрли ишлар замирида халқимиз турмуш тарзини яхшилаш, мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш мақсади мужассам. Бу каби кенг қамровли ишлар табиийки, маҳаллий ҳокимлик вакиллари зиммасига ҳам улкан вазифаларни юклаш билан бир қаторда масъулиятни ҳам талаб этади. Сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар натижасида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари фаолияти тубдан ўзгармоқда, ҳар бир раҳбар ва ходимнинг масъулияти сезиларли даражада ортмоқда, барча соҳаларда тизимли ишлар йўлга қўйилмоқда. Очиқлик, халқ билан доимий мулоқотлар, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги каби масалалар кунлик фаолиятнинг таркибий қисмига айланди. Бу эса, ҳудудларда ижтимоий вазиятнинг барқарорлигини таъминлашга, иқтисодий тараққиётга эришишга хизмат қилмоқда. Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов билан суҳбатимиз шу мавзуда бўлди.

— Тан олиш керак, бугун бутун дунёда ҳукм сураётган пандемия шароитида иқтисодиётни юксалтириш, ижтимоий аҳволни яхшилаш, энг муҳими, вазиятни бир маромда ушлаб туришнинг ўзи бўлмайди. Шундай бўлишига қарамай, вилоятда ижобий натижалар бор...

— Биз айни пайтда ўз олдимизга муҳтарам юртбошимиз таъкидлаганларидек, одамлар эртага эмас, олис келажакда эмас, бугун яхши яшаши кераклиги тамойилини биринчи ўринга қўйганмиз. Бугун халқимизнинг тафаккури ҳам, дунёқараши ҳам, талаб ва эҳтиёжлари ҳам бутунлай ўзгарган. Одамларимиз сиёсий жараёнлар, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар шиддатида анча тобланган, улар ҳар қачонгидан кўра сиёсий, ҳуқуқий жиҳатдан фаол, ўз фикрини бемалол очиқ айтиб, керак бўлса раҳбарларга, депутатларимизга ҳам баҳо берадиган, оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда бугунги куннинг энг долзарб муаммолари ечимини топиш масаласини кўтарадиган даражага етган. Бу, албатта энди одамларни шунчаки қуруқ ваъдалар билан алдаб бўлмаслигини, уларга амалий ишларимизни кўрсатиш вақти келганлигини англатиб, олдимизга катта масъулият ва вазифаларни қўяди. Оддий мисол, депутатлик фаолиятини олиб кўрайлик. Олдинги депутатлар билан бугунги кун депутатларининг ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Халқ ўзлари сайлаган вакиллар айни пайтда мавжуд вазиятни танқидий таҳлил қилган ҳолда, муаммолар ечими бўйича ўз фикрлари ва таклифларини дадил билдиришмоқда. Ҳудудларнинг муаммолари билан боғлиқ масалалар юзасидан асослантирилган тушунтириш бериш талаби билан юбориладиган депутатлик сўровлари сони ошганлиги, хусусан, ўтган давр мобайнида биргина Андижон вилоятининг ўзида 198 та депутатлик сўровлари киритилиб (164 таси ҳал этилган 34 таси назоратга олинган), уларда муҳим ташаббуслар илгари сурилганлиги, улар кўплаб долзарб масалалар ечимига хизмат қилганини таъкидлаш лозим, деб ҳисоблайман.

Лекин, тан олиш керак, хайрли амалларни бажариш бугунги вазиятда осон бўлмаяпти. Коронавирус карантинидан босқичма-босқич чиқиш жараёнида, вилоят иқтисодиётини тўлиқ юргазиб юбориш, аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгича ёндашувларни талаб этмоқда. Бу вируснинг давосини топиш учун ҳали кўп вақт кераклигини тушунган ҳолда, пандемия шароитида яшаш ва ишлашни ўрганмоқдамиз. 

— Давлатимиз раҳбари шу йилнинг 21-22 май кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида бу борада амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар юзасидан кўрсатмалар берди. Унинг ижроси ҳақида тўхталсангиз.

— Давлатимиз раҳбари ҳар гал Андижон вилоятига ташрифи давомида аҳолининг ижтимоий ҳолатини яхшилашга эътибор қаратади. Бу йилги ташриф ҳам вилоятимиз аҳли учун барокатли бўлди, десам янглишмайман. Боиси, ташриф якунига доир 154 банддан иборат йиғилиш баёнида 257 та топшириқлар юклатилди. Унда кўзда тутилган амалий ишлар учун 7,5 трлн. сўм, ижтимоий соҳа объектлари ҳамда коммуникация тармоқлари учун 532 млрд. сўм маблағ йўналтирилиши вилоятимиз ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Бугунги кунда республикамиздаги энг муҳим масалалардан бири аҳолининг эҳтиёжманд қатламини камбағаллик тоифасидан чиқариб, уларни доимий даромад манбаига эга қилишдир. Вилоятда ҳам 882 та маҳаллалардаги ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, якка ёлғиз, карантин даврида даромад манбаидан маҳрум бўлган 
40 минг 725 та оилаларда истиқомат қилувчи 158 минг 126 нафар фуқаролар рўйхати қайд этилган. Айни пайтга қадар уларнинг 29,5 минг нафарининг бандлиги таъминланди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида жами иш билан таъминланганлар 36 минг 806 нафарга етказилади. 4-чорак давомида «темир дафтар»га қайд этилган оилаларнинг ҳар бирида 1 нафардан аҳоли иш билан таъминланади.

Муҳтарам Президентимиз вилоятга ташрифи давомида камбағалликдан чиқариш бўйича аҳоли хонадонларига 70 минг бош қуён, 20 минг бош эчки ва 5 млн. бош парранда тарқатиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берган эди. Бунинг учун, жойларда ташаббускорлар томонидан жами 94 та кластерлар ташкил этилди. Бу халқимизга жуда манзур бўлмоқда. Боиси, ушбу тизимнинг афзаллик жиҳатлари кўп. Масалан, товуқ йўналишини олайлик. Бунда хонадонларга парранда етказиб берувчи тадбиркор аниқ, парвариш қилувчи аниқ, боқувчи учун талаб этиладиган озуқа етказиб берувчи ҳам аниқ, энг асосийси етиштирилган маҳсулотни сотиб олувчи ҳам аниқ! Аҳоли 1 ой давомида кластер томонидан етказиб берилган емини бериб турса бўлди. Энди унинг оила учун фойдасини ҳисоблаб кўрайлик.

Битта хонадонга 200 бош парранда етказиб берилмоқда. Уларнинг ҳар бири 11 минг сўмдан бўлганда, жами 2 млн. 200 минг сўмни ташкил этади. Бир бош парранда бир ой парваришланганда 2-2,5 кг.га етади. Бу дегани битта хонадон бир ойда 500 кг. гўшт етказиб беради, дегани. Етиштирилган парранда гўштини кластер корхонаси томонидан 17 минг сўмдан сотиб олинганда жами 8,5 млн. сўм бўлади. Қилинган харажатлар 7 млн. 100 минг сўмдан иборат эканлигини инобатга олсак, соф фойда 1 млн. 400 минг сўмни ташкил этяпти. Умуман олганда, битта хонадонга 200 бош парранда, 10 бош куён ва 2 бош эчки берилса, бир ойда ўртача 3 млн. 400 минг сўм соф фойда олади. Бугунги шароитда бу яхши даромад, деб биламан.

—​ Энг муҳими, олиб борилаётган бу каби хайри ишлардан халқимиз миннатдор эканлигига гувоҳ бўляпмиз. Шу ўринда ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ҳақида ҳам фикрингиз билан ўртоқлашсангиз.

—​ Бу борадаги ҳаракатлар вилоятимиз тараққиётининг асосий бўғинини ташкил этади. Шу боис соҳага оид ҳаракатларимиз кундан-кунга шаклланиб бормоқда. Жумладан, 2020 йилнинг ўзида 7 трлн. сўмлик, 774 та лойиҳалар амалга оширилиши ҳисобига 42 мингта янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган. Бугунгача 1,2 трлн. сўм қийматдаги 254 та лойиҳа ишга туширилиб, 9 минг 531 нафар янги иш ўринлари яратилди.

Йил якунига қадар истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш орқали 4,1 трлн. сўмлик ишлаб чиқариш қувватлари яратилади, 120 млн. долл. экспорт қилиш имконияти, 420 млрд. сўмлик бюджетга соф тушумлар заҳираси ва 35 хил турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилиб, 64,8 млн. доллар импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилади. Келгуси 2021 йилга лойиҳалар қийматини 2020 йилга нисбатан қарийб 2 баробарга ошириш мақсадида ҳозирга қадар 13,6 трлн. сўмлик 167 та лойиҳалар шакллантирилди.

—​ Бу каби лойиҳаларни амалга оширишда хорижий инвестицияларни ўзлаштиришнинг ҳам аҳамияти катта бўлса керак?

—​ Албатта! Шунинг учун масаланинг бу жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратяпмиз. Жумладан, жорий йилда умумий қиймати 410,7 млн. долларлик 41 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Жорий йилнинг 5 ойида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни ўзлаштириш бўйича 65,7 млн. доллар прогноз белгиланган бўлиб, амалда 77,9 млн. долларни ташкил этди. Умуман олганда, йил давомида 310 млн. доллар қийматидаги хорижий инвестицияни ўзлаштириш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда. Бунинг натижасида Балиқчи туманидаги «Скортон текстиль» МЧЖда 6 минг тонна калава ип ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 100 нафар янги иш ўринлари яратилади. Андижон шаҳридаги «Ураланд» МЧЖ томонидан 8 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 450 минг метр нефть қудуқлари учун қувурлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу эса 250 нафар фуқарони иш билан таъминлаш имконини беради. Истиқболи лойиҳалар Булоқбоши туманидаги «Нектар Агро» МЧЖ томонидан 3,5 млн. доллар миқдорида тўғридан-тўғри инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига йилига 600 тонна помидор ва бодринг маҳсулотлари етиштиришни йўлга қўйиб, 25 нафар янги иш ўринлари яратилишига замин яратади. Бу каби мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.

—​ Ҳудудлардаги иқтисодий тараққиёт табиийки, энг аввало, халқимиз ижтимоий турмушини шакллантиришга хизмат қилади. Шу билан билан бирга бу борада хизмат ва сервиз соҳасининг тараққиёти ҳам муҳим аҳамият касб этади.

—​ Албатта! Бу борада давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириқлари ҳам бор. Унга кўра вилоятдаги мавжуд 882 та маҳаллада хатлов ўтказдик. Натижада 41 та йўналишда 4 минг 885 та субъектларни ташкил этиш зарурияти мавжудлиги аниқланди. Бу борада 435 млрд. 356 млн. сўм қийматидаги 1 минг 896 та янги лойиҳалар танлаб олинди. Уларнинг ижросини таъминлаш доирасида 10 минг 525 та янги иш ўринлари яратилади. Бугунги кунда вилоятда 45 та йўналишда 17 минг 804 та хизмат кўрсатиш шохобчаси мавжуд эканлигини инобатга олсак, бу борадаги ишлар кўлами нечоғли кенг тус олишини тасаввур қилиш қийин эмас.

—​ Суҳбатимиздан кўриниб турибдики, вилоятда амалга оширилаётган ижобий ишлар сарҳисоби ҳақида ҳали кўп фикрлашиш мумкин. Энг муҳими, бу хайрли ишлар замирида халқимиз манфаати мужассам. Шундай экан, эзгу мақсадлардан таркиб топган хайрли ишлар натижаси халқимиз миннатдорлигига сабаб бўлишига тилакдошмиз! Суҳбатингиз учун ташаккур!

«Халқ сўзи» газетаси мухбири 
Саминжон ҲУСАНОВ суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?