Айбсиз одамни бадном этиш — кечириб бўлмас гуноҳ

11:05 23 Апрель 2018 Жамият
516 0

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар туфайли 2017 йилда жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 262 нафар шахс оқланди. Бу шунчаки рақамлар эмас. Уларнинг ҳар бири ортида инсон тақдири, шаъни ва қадр-қиммати ётибди. Муҳими, ушбу адолатли қарорлар туфайли қанчадан-қанча кўнгиллар обод бўлди, хонадонларга шодлик қайтди, ота-оналар ва фарзандлар юзларига табассум югурди...

Маълумки, суд оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш билан адолатни қарор топтирувчи ягона маҳкамадир. Борди-ю шу иккисидан бири амалиётда мутлақ унутилган бўлса-чи? Бу фикрни бежиз айтаётганимиз йўқ. Бундан бир неча йил олдин, яъни 2012 — 2016 йилларда бор-йўғи 7 нафар шахсга нисбатан ана шундай қарорлар чиқарилган, холос. Аксарият ҳолларда терговдаги айблов ўз тасдиғини топмаса, судлар жиноят ишини қўшимча терговга юбориш билан кифояланган, ачинарлиси, шунга ҳам ҳар бир судья журъат этолмаган.

Президентимиз бундай нотабиий анъанага чек қўйиш мақсадида 2016 йил 19 октябрда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съездида шундай деган эди: “Энг ачинарлиси, кейинги йилларда судлар томонидан бирорта ҳам оқлов ҳукми чиқарилмаган. Бундан биз, барча тергов органлари хатосиз ва жуда сифатли даражада ишлаяпти, деган хулосага келишимиз мумкинми?  Йўқ, албатта. Суд ёки оқлов ёки айблов ҳукмини чиқариши керак”.

Олий суд томонидан судларнинг 2018 йилнинг биринчи чорагидаги шу йўналишдаги фаолияти ўрганиб чиқилганда, улар мазкур муҳим масалага қатъий масъулият билан ёндашаётгани аниқланди. 
Жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 114 нафар шахсга нисбатан 68 та жиноят иши бўйича судланувчи ҳамда маҳкумларни оқлаш ва реабилитация қилиш тўғрисида қарорлар чиқарилди. 

Бевосита Олий суд томонидан жиноят иши бўйича чиқарилган қуйи судларнинг айблов ҳукмлари бекор қилиниб, 11 нафар шахс оқланди.
Жорий йилнинг ўтган даври давомида апелляция, кассация ҳамда назорат босқичларида маҳкумлар ва уларнинг адвокатлари тақдим этган шикоятлар асосида жиноят ишлари кўриб чиқилиб, 50 нафар шахс оқланди, 64 нафари эса дастлабки тергов органлари томонидан судга юборилган жиноят ишларини биринчи инстанцияда кўриш натижасига кўра айбсиз деб топилди.
Шу ўринда мазкур жиноят ишлари бўйича айбловлар мақбул далиллар билан тасдиқланмагани, тахмин ёки оғзаки миш-мишлардан иборат маълумотлар ёки бошқа номақбул далилларга асосланганлигини айтиш зарур. 

Масалан, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судининг 2015 йил 3 августдаги ҳукмига кўра, 2006 — 2009 йилларда мазкур вилоят прокурори лавозимида ишлаган Д. Абдураҳмонов вилоят прокуратураси бўлим бошлиғи Ш. Сафаровнинг камчиликларини яшириш учун икки маротаба, яъни 2007 йилда ва 2008 йилда пора олганликда ва 2009 йилда Олтинсой тумани прокурори Ш. Мавлоновдан ҳимоясига олиш эвазига бир марта пора олганликда айбланган эди. Жиноят иши Олий судда ўрганилганда, айблов фақат Ш. Сафаров ва Ш. Мавлоновнинг терговдаги кўрсатмаларига асослангани, бундан бошқа ишончли далил йўқлиги ойдинлашди. Қолаверса, кейинчалик Ш. Сафаров ва Ш. Мавлонов МХХ ходимларининг тазйиқи остида нотўғри кўрсатма беришга мажбур бўлганини билдирганлар.

Мазкур жиноят иши бўйича Олий суд раиси ўринбосари томонидан келтирилган протест жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида 2018 йил 30 мартда кўриб чиқилди ва Д. Абдураҳмоновнинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмагани сабабли жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти судининг 2015 йил 3 августдаги ҳукми ҳамда ушбу суд кассация инстанциясининг 2016 йил 12 январдаги ажрими бекор қилинди.
Маълумотларга кўра, ҳуқуқшунос бўлган ёки  ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда ишлаган шахслар ҳам кучли тазйиқ ва қийноқ остида ўзини ҳимоя қилишга ожиз қолишган. Мисол учун, Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг 2012 йил 18 декабрдаги ҳукмига кўра, Д. Пирматов Жиноят кодексининг 276-моддаси 1-қисми билан айбдор, деб топилади. Бунга 2012 йил 2 апрель куни вилоят ИИБ Реабилитация маркази бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаган ушбу фуқаронинг хонадонида Тошкент вилояти МХХ ҳамда ИИБ бошқармалари ходимлари томонидан ўтказилган тинтув пайтида 1,460 грамм “Опий” гиёҳвандлик воситаси топилганлиги асос қилиб олинади.

Айбланувчи дастлабки тергов ва судда бунга иқрор бўлмайди, аксинча, узоқ йиллардан буён ички ишлар тизимида ишлаши, гиёҳвандлик воситасини умуман истеъмол қилмаслигини айтиб, ўзига нисбатан асоссиз айб қўйилганини билдиради. Боз устига, у илгари ҳам Реабилитация марказида сақланаётганларни озод этиш учун дастлабки терговда шахси аниқланмаган номаълум кишидан 300 минг сўм пора олганликда айблашга ҳаракат бўлганлигини қўшимча қилади.

Янада қизиғи шундаки, унинг уйида ўтказилган тинтув баённомасида кўрсатилган холис гувоҳлар — Т. Махаматов қайноғаси, С. Сулаймонова эса ўз онаси бўлиб чиқди. Она ўз фарзандига, қайноға куёвига нисбатан шундай оғир кўрсатма берадими? Йўқ, албатта. Шундан бўлса керак, улар дастлабки терговга ҳам, судга ҳам чақирилмаган. Шу боис кассация инстанцияси тинтув ўтказиш ҳақидаги баённома ва биринчи инстанция судининг уни далил, деб топган хулосасини номақбулга чиқарди ва пировардида яна бир айбсиз инсон оқланди.

Агар Д. Пирматовни айблашда номақбул далиллардан фойдаланилган бўлса, наманганлик яна бир ички ишлар ходими ишида енгилтак аёлнинг қуруқ гапи асос қилиб олинган. Дастлабки тергов органи томонидан судланувчи Р. Жўраев 2013 йил январда М. Шарипованинг хонадонига келиб, Омина, Гули ва Сетора тахаллусли қизларни уяли телефонида тасвирга тушириб, уни телевидениега бермаслик эвазига 100 минг сўм пора олгани айблов сифатида келтирилган. Аммо шу воқеалар бўлган пайтда судланувчи ИИВ Академияси дала-ўқув машғулотида бўлган, полигондан ташқарига чиқмаган. Буни у билан машғулотда бирга бўлган наманганлик 43 нафар ИИБ ходими тасдиқлаган.

Р. Жўраевга  пора беришда қатнашганлиги айтилган қизлар уни умуман кўрмагани ва танимаслиги, М. Шарипова кўрсатма беришга мажбурлаганини билдирган. Қисқаси, айбланувчининг пул олганлигини тасдиқловчи бирор-бир далил бўлмагани боис 2017 йил 17 ноябрда оқланди.
Шулардан ҳам аён бўлмоқдаки, ҳали судлар олдида долзарб вазифалар турибди. Энг аввало, судьялар жиноят ишларини кўришда ҳеч кимни қонунсиз айбламаслиги, фақат айби асосли далиллар билан исботланган шахсларнигина жавобгарликка тортиши, аксинча бўлган ҳолларда эса оқлашлари керак. Зеро, ана шунда судлар том маънода “Адолат қўрғони” сифатида ўзини тўлиқ намоён этади.
Воҳид НАЗАРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси ўринбосари.

 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар