Адлия вазирлиги тест имтиҳонлари учун тўлов масаласига қарши чиқди

19:56 17 Апрель 2019 Жамият
1278 0

Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»

Адлия вазирлиги Давлат тест маркази томонидан Ягона интерактив давлат хизматлари порталига жамоатчилик муҳокамаси учун қўйилган “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор лойиҳаси бўйича ўз хулосаларини берди.

Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълум қилишича, унда лойиҳа бўйича бир қатор таклифлар ва эътирозлар ўрин олган. Хусусан:

Биринчидан, дарсликлар масаласига аниқлик киритиш талаби қўйилди. “Лойиҳада 11 йиллик таълимни мактабда олган абитуриентлар учун 10 ва 11-синф дарсликлари, академик лицей битирувчилари учун – академик лицей дарсликлари асосида имтиҳон ўтказилишини ҳамда имтиҳонга тавсия этиладиган дарсликлар аниқ рўйхатини белгилашни (ҳар уч/тўрт йилда тасдиқланадиган асосий дарсликлар доирасида (алтернатив (муқобил) дарсликлар бундан мустасно) назарда тутувчи аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш тўғрисидаги топшириқ лойиҳада акс эттирилиши шарт” дейилади вазирлик хулосасида.

Шунингдек, ДТМга имтиҳонда бериладиган, мураккаб бўлмаган, содда кўринишдаги намунавий саволларни тузиш мезонларини ишлаб чиқиш талаби қўйилмоқда.

Иккинчидан, тест топшириш учун тўлов масаласи қайта кўриб чиқилиши керак. “2-банднинг иккинчи хатбошисида тест синовларида иштирок этиш учун энг кам иш ҳақининг бир бараварига тенг миқдорда йиғим ундирилиши қайд этилмоқда. Бироқ, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 41-моддасига кўра, ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Билим олиш ҳуқуқи ҳар қандай шахснинг моддий ва жисмоний имкониятларидан қатьий назар, уларнинг таълим олиши учун бир хил имкониятни назарда тутади. Шу боис бир баравар миқдорда тўлов ундириш мақсадга мувофиқлигини мазкур норма асосида, шунингдек ушбу масала аҳоли ўртасида норозиликлар юзага келиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда қайта кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ” дейилади вазирлик хулосасида.

Учинчидан, ДТМ ваколатлари кенгайтирилиши мақсадга мувофиқ эмас. Яъни ушбу қарор лойиҳасидан кўзланган мақсадга. Адлия вазирлиги “лойиҳанинг тартибга солиш предмети бўлмаган 6-банд ортиқча сифатида чиқариб ташланиши лозим” деган хулосани берган. Ушбу бандда ДТМнинг ваколатларини кенгайтириш, хусусан, унинг директорини лавозимига кўра вазирга тенглаштириш, раҳбарга Давлат тест маркази тузилмасига ўзгартиришлар киритиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.

Тўртинчидан, коррупцияга йўл очиши мумкин бўлган бўшлиқлар тўлдирилиши лозим. Коррупцияга қарши экспертиза хулосаларига кўра, лойиҳада 2 йил муддатга амал қиладиган сертификат бериш белгилангани ҳолда, мазкур сертификатни бериш тартиби ва унинг ҳуқуқий оқибати билан боғлиқ масалалар баён этилмаган. Амалга оширилишининг аниқ механизмига эга бўлмаган нормалар ҳуқуқни тартибга солишдаги бўшлиқларни пайдо қилади ва бу ўз навбатида коррупцияга йўл очади. Шу сабабли Адлия вазирлиги ушбу сертификатни бериш тартибини ишлаб чиқиш ва унинг ҳуқуқий оқибатларини аниқ баён этиш лозимлигини маълум қилмоқда.

Бешинчидан, жамоатчилик фикри эътиборга олиниши керак. Адлия вазирлиги regulation.gov.uz порталида фуқароларнинг ушбу лойиҳа бўйича билдирган таклиф ва мулоҳазаларини ҳар томонлама, синчковлик билан ўрганиб чиқишни таъкидлаган ва ўз хулосаларига ушбу фикр-мулоҳазалардан қўчирмаларни илова қилган.

Адлия вазирлигининг мазкур талаблари асосида ДТМ лойиҳани қайта кўриб чиқиши ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритиши лозим.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019