Журналист қачон бойийди?

11:37 24 Май 2018 Жамият
1671 0
Фото: mediasar.ru

Нолишни ёмон кўраман. Бу ёзганларимни нолишга йўйманг. Фақат биз журналистлар ислоҳотни ўзимиздан бошласак демоқчиман. Мен бошқача ислоҳот ҳақида айтаяпман.
Худо хохласа, энди ижодкорлару журналистлар ҳам яхши яшайди, дея орзу-умидларга кўмилиб яшаёганимизга ҳам олти ойдан ошиб қолди. Аммо маошимиз ҳамон ўша-ўша. Адашмасам 900 мингдан — бир ярим миллионгача. Шахсан меники бир миллионга етар-етмас. Моддий таъминоти ҳавас қиларли саноқлигина ОАВларни ҳисобга олмаганда ҳамма жойда аҳвол бир хил. Қалам ҳақимиз ҳам ошадиган бўлди, дея умидланганимиз ҳам ҳозирча бекор. Ишонмассиз, яқинда бир газетадан 18 минг гонорар олдим (500 сўмни унутибман узр). Йўқ улардан мутлақо ҳафа эмасман. Газетани яхши кўраман, касбимни ҳам. Шунинг учун қайси таҳририят мақола сўраса жон деб қарашаман. Бирон марта ҳеч қайси таҳририят билан қалам ҳақи талашмаганман. 5-6 газета журналлар билан ҳамкорлик қиламан. Ҳаммасининг қалам ҳақини қўшганда 200 мингга ҳам бормайди. Биргина мақолани ёзишнинг машаққатини ҳамкасбларим айтсин. 

Санъаткорлар бир тўйга бориб оғзини қимирлатмай, миясини ишлатмай, иззат-ҳурмат оғушида 100 доллардан 500 долларгача ишлайди. Жарроҳ оддий кўричаккни кесгани учун ҳам 100-200 доллар олади. Яқинда оддийроқ жарроҳликни бошидан ўтказган танишим тиббиёт хизмати текин касалхонада опреция учун 2 ярим миллион тўлади. Тиш даволатаман десангиз бир тишни 80 мингга даволайди. Бир тишда нечда канал бўлса ўшани санаб ҳақини олади. Шифокор пломбани яна ўзига қайтиб келишингиз учун номига илдириб қўяди. Тери-таносил касалликлари давлат шифохонасининг ҳатто фаррошида ҳам машина бор. Бизнинг муҳаррирларимиз ҳам машинада юради. Давлат ишхонасининг машинасида. 

Меҳнат қилган ёки юк кўтарган юзага чиқади, дейишади. Бу мақол қайси маънода айтилгани менга ҳалигача қоронғу. Дангаса одам камбағал бўлади, дейишади. Буям қайси маънода айтилган билмайман. Турмуш ўртоғим билан давлат ишида ишлаганимиз учун дангасадирмизки бойимаймиз, ёки кўтараётган юкимиз енгил, ёки ростдан ҳам дангасамиз. Тадбиркор одам бойийди, десак ҳамма тадбиркорлик қилса ким журналист, ким ўқитувчи бўлади? Тадбиркорнинг муаммосини ёки ютуғини юзга чиқарадиган журналист, тадбиркорнинг фарзандини ўқитадиган ўқитувчи ҳам керак. Хуллас, тадбиркорлик ҳам қилолмаймиз. Баъзан ёзувчи ёки шоир бўлсаммикан, дейман ёки бўлмаганимга афсусланаман. Ҳар ҳолда бир бало қилиб иккита китоб чиқарсам, уюшмага аъзо бўлардим. Уй-жой ёки бир-иккита имтиёзлардан фойдаланардим. Аммо ўртамиёна ёзувчи ёки шоир бўлгандан кўра, ўртамиёна журналист бўлиб кимларгадир ооооооозгина ёрдамим теккани маъқулроқ туюлади. Чунки баъзи, яна таъкидлайман баъзи шоиру ёзувчиларнинг том-том китоби ҳеч кимга фойда келтирмаса-да, аммо журналистнинг бир мақоласи инсон ҳаётини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. Аммо яна қайтараман ўша баъзи ёзувчи ёки шоир бир қанча имтиёзларга эга бўлади, журналист ҳам — бир кунлик йўлкира ва бир кунлик тушликка етадиган қалам ҳақига.

Яқинда журналистлар уйи сотувга қўйилмоқчи бўлганида ишхонамиз ҳам уйсиз қолишини ўйлаб ҳафа бўлгандим(Яхшиямки ундай бўлмади). Ўша кунларнинг бирида Ёзувчилар уюшмасига йўлим тушди. Шароитини кўриб бирам ҳавасим келди. Кўнглим қурғур яқин ўртада Журналистлар уюшмасида ана шундай имконияту имтиёзлар бўлиб қолиши мумкинлигини орзулади.

Айтганча танловларимиз бор-а. Лекин энг нуфузли “Олтин қалам” танловининг олий ва биринчи ўринларига берадиган пул мукофоти кредитга машина ёки уй оладиган бўлсангиз бошланғич тўловига ҳам етмайди. 
Етгандаям олмаймиз. Чунки кейинги тўловларга бир ойлигимиз ҳам етмай бор кунимиз ҳам йўқ бўлади.
Шаҳардаги икки хонали уйимизни, ҳамкасб дугонам бир хонали уйини сотиб, ер олиб қурилиш бошлаганимизга 5 йил бўлади. Томи ёпилганига шукр қилиб ўтирибмиз. Ахир ижарада яшаётган, уйи йўқ ҳамкасбларим олдида нолисак уят бўлар. Аммо куюнчак, иқтидорли журналист дугонам ва бошқа ҳамкасбларим билан уйга кредит ололмаётган, фарзандини ўқитолмаётган кам таъминланган, ёрдамга муҳтож ҳамюртларимизни куйиб-пишиб газеталарга ёзамиз. Баъзида қийналган одамларнинг аҳволини кўриб кўзимизга ёш келади. Қандай қилиб ёрдам берсам экан, дея ўйланиб сиқиламиз. Ўзимизнинг аҳволимиз ҳам уларникидан кам эмаслигини ҳатто ўйламаймиз ҳам. Ўйлаганимизда ҳам биз бошқалар учун жон куйдирганимиздек жон куйдирадиган яна ким ёки қайси касб эгаси бор? Охири тежамкорликни касб қилиб оламиз. Бу касб ҳам ёмон эмас. 

Тежамкорлик бўйича тажриба шунчалик каттаки, бир неча илмий тадқиқотларга тенг мақолаларим газета саҳифаларини безади. Мақолаларимда аёлларни тежамкорликка чақираман. Тежамкор одам бой бўлиши ҳақида ўқиган, эшитган афоризм ва ҳикматларни мақолаларимга қўшиб бойитаман. Аммо негадир бой бўлишимдан ҳали ҳам дарак йўқ. Шунча тежасам ҳам.

Мусулмончилик аста-секин дейишади. Матбуотда ишлаётганимга эндигина 20 йил бўлди. Демак, ҳали бизнинг соҳамизда ҳам ўзгаришлар бўлишига бемалол умид қилсам бўлади. Чунки мен нолишни ёмон кўраман, буни нолишга йўйманг.
Ундан кўра чала қолган мақолам устида ишлай. Бир шикоят аризасида фермернинг ери ноҳақлик билан олиб қўйилибди. Ўша масалага ойдинлик киритишим керак. Ўзимнинг муаммоларимга келсак, тежамкорлик ҳақида китобни тажрибаларим билан янада бойитаман (ҳали фактлар етарли эмас), сўнгра уни чоп эттириб яхши қалам ҳақи олмоқчиман... 
Барно Султонова.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар