Навоийда хусусий боғча очиш баҳонасида фирибгарлик қилганлар ушланди

Иллюстратив фото
Учқудуқ туманида хусусий мактабгача таълим муассасаси очиб, ноқонуний даромад топмоқчи бўлганларнинг найранглари фош этилди.
Учқудуқлик тадбиркор Гуллола Хўжаева (мақоладаги барча исм-шарифлар ўзгартирилган) туманда хусусий боғча фаолиятини йўлга қўйишни ният тутиб, ҳужжатларни расмийлаштириш билан бирга муассаса учун кадрлар топиш ишларини ҳам бирваракайига бошлаб юборди.
- Иш ахтариб юрган танишларинг бўлса “гаплашавер”, фақат “ишончли” бўлсин, - деди у таниши Гуласалга.
Шу куни икковлон гумашталар ҳали қурилиши режалаштирилаётган муассасада яратилажак 16 та иш ўрнининг “ставка”ларини ўрнатиб олдилар. Унга кўра олий маълумотли тарбиячилар “бепул”, ўрта маълумотли ёрдамчи тарбиячи, ошпаз шунга ўхшаган техник ходимларнинг “ставка”си 3 миллиондан 4 миллион сўмгача белгиланди.
Бандлик муаммоси Учқудуққа ҳам дахлдор. Туманнинг ўнлаб ёшлари қатори Хуршида ҳам иш ахтараётган эди.
- Сенбоп иш бор, харажатидан қочмасанг бўлди, - деди унга Гуласал. – 4 миллион сўм кетади. Олий маълумотли бўлганингда бошқа гап эди.
Савдо 3 миллион 800 минг сўмга пишиб, пул эртага келтирилишига келишилди. Бироқ Гуллоланинг сабри чидамади.
- Бугун кечқурун келишилган пулни олиб келмасанг, ўрнингга бошқа одам оларкан, — деди “шарт”ни Хуршидага етказган Гуласал.
Хуршида ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилган эди. “Қадрдонлар” ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Уларнинг ҳар иккаласига жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман суди ҳукми билан энг кам ойлик иш ҳақининг 40-50 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.
Темур ЭШБОЕВ,
“Халқ сўзи” мухбири.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг