Жамиятдаги соғлом муҳит — сиёсат ҳосиласи
Ижтимоий фармациялар силсиласида давлатчилик илми пайдо бўлганидан буён давлат сиёсатини амалга оширишнинг янада самарали воситалари ва идеал усулларини ўйлаб топиш, бу борада мукаммалликка эришиш мақсадида юз йиллар давомида фундаментал тадқиқотлар олиб борилган, минглаб илмий асарлар ёзилган. Ушбу йўналишдаги илмий изланишлар бугунги кунда ҳам, ва ўйлайманки, келажакда ҳам давом этади ва ўз долзарблигини йўқотмайди.
Ҳозиргача эришилган ва тан олинган комиллик — Демократия ҳам изланишлар чеки эмас, оралиқ ҳосиласи, холос. Шу сабабли ҳақиқий демократияни таъминлаш учун том маънодаги халқ ҳокимиятчилигини қарор топтиришга қодир, давлат институтларининг инсон манфаатлари учун чинакамига хизмат қилишини таъминлай оладиган самарали механизмни шакллантириш ҳозирга қадар муҳим вазифа бўлиб қолаётганлиги, шубҳасиз.
Ўтган сўнгги уч йил ичида ҳозирги демократик халқаро мезонларга кўра мамлакатимизнинг сиёсий имиджи буткул ўзгарди. Ўзбекистон шу қисқа муддат ичида мазмун-моҳиятига кўра кенг қамровли ва чуқур ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик демократик ўзгаришларни амалга оширди. Ўз тараққиётининг сифат жиҳатидан янги босқичига ўтиб, изчиллик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган, ривожланган миллий иқтисодиёт асосларини ишонч билан шакллантиришга киришди.
Ташқи сиёсатимизга ҳам устувор йўналишларимиздан бири сифатида қаралиб, глобал ва минтақавий ҳамкорлик жараёнлари моҳиятан янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимизда амалга оширилган сиёсий ислоҳотларнинг халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланиши эса бу ишларнинг эътирофи бўлди. Ўзбекистонни кенг қамровли демократик ислоҳотларни амалга ошираётган давлатлар сирасида тилга олина бошланди. Яна шуни таъкидлаш керакки, амалга оширилган сиёсий ислоҳотлар натижасида янги Ўзбекистоннинг қўшни мамлакатларда яшовчи қардош халқлар ўртасидаги азалий обрў-эътибори ва шуҳрати қайта тикланди.
Ўзбекистонда давлат сиёсати, энг аввало, халқ манфаатларидан келиб чиқиб олиб борилмоқда. Фақат давлат манфаати учун дея аҳоли ҳақ-ҳуқуқини камситиб мустақил тарзда амалга ошириладиган қаттиққўллик бошқарув воситасига айланиб қолишига йўл қўйилмади. Аксинча, бу сиёсат инсонпарварлик ва одамийлик руҳи билан йўғрилиб, ўзининг ҳаётийлиги, инсонларга яқинлиги ва масъулиятлилиги билан дунёдаги бошқа давлатларнинг ҳам эътиборини ўзига жалб эта бошлади. Аниқроғи, Ўзбекистоннинг давлат сиёсатида ҳар бир шахс учун бирдек қадрли ва айни пайтда оддий, тушунарли бўлган бағрикенглик, олижаноблик, ғамхўрлик, мардлик каби сифатлар тобора кўпроқ намоён бўла бошлади.
Мен бундай ижобий сиёсий ўзгаришларнинг барчасини, энг аввало, мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев шахсий фазилатларининг жамиятдаги инъикоси деб биламан ва бу табиий ҳолдир. Чунки ҳар қандай сиёсат — шахснинг танлови асосида юритилади. Давлатларнинг ички сиёсатида ҳам, халқаро кўламдаги сиёсий хатти-ҳаракатлар ҳам сиёсат майдонидаги сардорларнинг ички дунёси, шахсий сифатлари ва фазилатлари кўзгуси сифатида кўрилади ҳамда баҳоланади.
Мазкур масалани батафсил тадқиқ этиш даъвосидан йироқман. Бироқ айнан миллатимиз етакчисининг шахсий сифатлари, халқчиллиги, оддий одамларнинг ҳаётини, дарду ташвишларини яхши билиши Ўзбекистонда қисқа муддатда давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан мутлақо янги қиёфасини — халқ манфаатлари сиёсатини қарор топтириш жараёнларининг қудратбахш омилига айланди.
Бугун ҳаётимизда содир бўлаётган воқеликлар ўз Ватанимиз билан чинакамига фахрланиш, Ўзбекистон тупроғида яшовчи ҳар бир инсонга кўрсатилаётган ғамхўрликдан чинакамига ғурурланиш учун арзигулик сабаблар жуда кўп. Улардан айримларига тўхталмоқчиман.
Бутун дунёни ташвишлантираётган коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазият туфайли айрим мамлакатлар ўзининг хориждаги фуқароларини бу офат қаршисида ёлғиз қолдириб, шоша-пиша ўз чегараларини ёпиб олганлигини ҳаммамиз диққат билан кузатиб бордик. Аммо Ўзбекистон бу борада умуман бошқача йўл тутди. Ўзбекистонга қайтишни истаган чет элдаги барча фуқароларни давлат маблағлари ҳисобидан Ватанга олиб келиш учун бор имкониятлар ишга солинди. Энг аҳамиятлиси, бу борадаги ишлар ҳозир ҳам амалга оширилмоқда ва то зарурият тугагунига қадар давом эттирилади.
Мамлакатимиз ичкарисидаги мавжуд вазият устидан амалга оширилаётган назорат ҳам бир зум бўлса-да, бўшаштирилмаяпти. Юзага келган инқирозли вазиятда давлат ҳокимияти органлари томонидан таҳдидли ҳолатларга қарши етти ўлчаб бир кесган ҳолда, чуқур ўйланган самарали ва муносиб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Давлат институтларининг босиқлик ва катта масъулият билан амалга оширилаётган сиёсати аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланмоқда.
Бугун, ҳеч шубҳасиз, халқимиз буларнинг замирида инқирозли вазиятларда оқилона чоралар кўриш, юзага келган муаммоларни тезкорлик билан профессионал даражада синчиклаб ўрганиш ва ҳал этиш борасида бой тажрибага, ўзига хос ноёб иш услубига эга бўлган Президентимизнинг саъй-ҳаракатлари, сиёсий иродаси ётганини тўлиқ англаб турибди.
Коронавирус пандемияси билан боғлиқ глобал таҳдид юзага келган пайтдан бошлаб Давлатмиз раҳбари томонидан қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг юридик таҳлили шуни кўрсатадики, уларнинг барчаси, энг аввало, халқнинг, фуқароларнинг манфаатлари ва муаммолари тўғрисида қайғуриш руҳи билан йўғрилгандир. Президент томонидан қабул қилинган фармонлардаги қоидалар давлат органлари ҳамда йирик бизнес вакилларининг идоравий ёки тармоқ манфаатларини ҳимоя қилишга эмас, балки аввало оддий фуқароларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлашга, аҳолининг турмуш даражаси пасайиб кетишига йўл қўймасликка, иш ўринларини ҳамда одамларнинг даромад манбаларини сақлаб қолишга қаратилгандир.
Ўзбекистон Президенти пандемия билан боғлиқ ҳолда юзага келган инқирозли вазиятга, у келтириб чиқариши мумкин бўлган оқибатларига ўз вақтида баҳо берган ҳолда, мамлакатни ва иқтисодиётни бошқаришнинг тегишли самарали тизимини тезкорлик билан ишлаб чиқишга ҳамда жорий этишга муваффақ бўлди. Махсус ҳукумат комиссиясининг фаолиятини бевосита мувофиқлаштириб бориб, Давлатимиз раҳбари коронавирус пандемиясининг мамлакатимиз иқтисодиётига ва фуқароларнинг ҳаётига салбий таъсирини пасайтириш юзасидан олдиндан чоралар кўрилишини тўлиқ ҳажмда таъминлади. Президентимизнинг халққа қилган ҳар бир мурожаати эса фуқаролар орасида кенг муҳокама қилиниб, тўлиқ қўллаб-қувватланди ҳамда жамиятимизни, унинг бирдамлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мамлакатимиз Президенти 2020 йил 3 апрелда ўзининг Ўзбекистон халқига қилган навбатдаги мурожаатида коронавирусга қарши курашишда барчани энг юксак фуқаролик сифатларини — юксак тафаккур, темир интизом, сабр-тоқат ва чуқур масъулиятни намойиш этишга чақирди. Ўйлайманки, чиндан ҳам бугун ҳар биримиздан ҳаётимизга, давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатга, мамлакатимизни барқарор ривожлантириш ва миллатимиз фаровонлигини таъминлаш асосларини мустаҳкамлаш ишига ўз ҳиссамизни қўшиш фурсати етди. Биз халқимизга хос бўлган энг яхши фазилатларни сафарбар этиб, барча саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш тақозо этиладиган мураккаб даврда турибмиз.
Шу жиҳатдан Президентимизнинг: “Халқимиз ўз тарихида қандай оғир табиий офатларни кўрган бўлмасин, Қодир Оллоҳнинг марҳамати билан, ўзининг куч-қудрати, вазминлиги ва донишмандлиги орқали уларнинг барчасини енгиб ўтган. Мен ана шундай мард ва матонатли, меҳр-оқибатли халқимизнинг ақл-заковатига, унинг метин иродаси ва қатъиятига тўла ишонаман”, деган одилона таъкидлари ҳозирги оғир дамларда барчамизни янада жипслашишга ва сабр-матонатга даъват қилмоқда.
Вазият қанчалик мураккаб бўлмасин, жамиятимиз дадиллик ва комил ишонч билан ўз келажагини қуришда давом этаверади. Биз ҳаммамиз якдилмиз ва тарихий танловимиздан — гуллаб-яшнаган демократик давлат қуришга қаратилган мақсадимиздан ҳеч қачон қайтмаймиз. Бизнинг бугун бирдамлик ва масъулият билан амалга ошираётган ҳар бир хатти-ҳаракатимиз миллатимизнинг бугун ва эртага соғлом ҳамда фаровон ҳаёт кечириши гаровидир.
Нурдинжон ИСМОИЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Спикери.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг