Юкио Такасу: “Денгизни қайтариб бўлмайди, аммо Оролбўйи аҳолисининг ҳаётини яхшилаш ўз қўлимизда”

12:05 09 Июнь 2018 Жамият
603 0

БМТ Бош котибининг Инсон хавфсизлиги масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси Юкио Такасу Марказий Осиё экологик форуми ва “Орол фожиаси оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар: янгича ёндашувлар, инновацион ечимлар ва инвестициялар” мавзуидаги халқаро анжуманда иштирок этиш учун Ўзбекистонга келди. 7 июнь куни махсус маслаҳатчи Оролбўйи ҳудудига бориб, экологик вазият билан танишди, маҳаллий аҳоли, давлат ҳамда жамоат ташкилотлари вакиллари билан учрашди.

Жаноб Юкио Такасу мухбиримизга интервью берди:

— Бир йил аввал БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ўзбекистонга ташрифи давомида Нукусда бўлган, Мўйноқдаги “кемалар қабристони”га борган эди. У Орол денгизи билан боғлиқ ҳолатни “Замонамизнинг энг йирик экологик фожиаси”, деб атаганди. Денгизнинг аста-секинлик билан йўқликка юз тутишига сув ресурсларини нотўғри бошқариш сабаб бўлди. Ҳозир вазият иқлимнинг ялпи исиши туфайли янада чигаллашмоқда.

Мўйноқда мен вайроналаргагина эмас, Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари ҳукуматлари ҳамда БМТ агентликлари томонидан Орол денгизининг қуриши оқибатларини юмшатиш йўлидаги интилишлари натижасига ҳам гувоҳ бўлдим. Уйлар, инфратузилма объектлари қурилмоқда.

Шундай иқлим шароитларига мослашган дов-дарахтлар экиш давом эттириляпти. Бу ўсимликлар чанг ва тузни тўсиб туради. Қушларнинг айрим турлари қайтмоқда. Бошқача айтганда, экологик ҳолат, одамларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, биохилмахилликни сақлаш ҳамда бойитиш бўйича чоралар самара беришни бошлади. Тўғри, натижалар ҳали мақтанишга арзигулик эмас, бироқ улар умид учқунларидир.

Орол денгизи масаласи БМТнинг доимий диққат-эътиборида. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳукумат билан биргаликда Оролбўйи аҳолисининг турмуш шароитларини яхшилаш, табиий ҳолат оқибатларини юмшатиш бўйича дастурни амалга оширмоқда. У иқтисодий, озиқ-овқат, экологик хавфсизликни таъминлаш, инсонлар саломатлигини асрашни кўзда тутади. БМТнинг қўшма дастури биринчи даври натижаларига кўра, Оролбўйида яшовчи 44 минг 262 нафар инсонга яхшиланган ижтимоий хизматлар олиш имконияти очилди. 400 дан ортиқ фермерлар махсус ўқув-машғулотларида қишлоқ хўжалигидаги замонавий усуллар, даромадни ошириш учун инновацион технологиялар билан ишлаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш малакасига эга бўлдилар. 143 та биринчи тиббий ёрдам муассасасига махсус жиҳозлар етказиб берилди. Мўйноқ туманидаги тиббий ташкилотларда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишга ўтиши электр энергиясидаги узилишларнинг олдини олмоқда. Қишлоқлардаги 19 мингдан зиёд аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифати ҳам айнан шунга боғлиқ. Фуқароларнинг тиббий маданияти ва хабардорлигини ошириш, шу жумладан, сил касаллиги профилактикаси бўйича маълумот беришга қаратилган ахборот кампаниялари ўтказиш учун 1644 нафар кўнгиллига зарур билим ҳамда кўникмалар берилди. 197 та бизнес ғояни рўёбга чиқаришда кўрсатилган кўмак ҳисобига 275 та иш ўрни яратилди.

Ўзбекистон ҳукумати ва БМТнинг янги стратегияси ташкилот шафелигида маблағларни сафарбар этиш ҳамда уларни Орол фожиасининг салбий оқибатларини енгиб ўтишга йўналтириш мақсадида кўп томонлама ҳамкорликка асосланган траст жамғармаси таъсис қилишни назарда тутади. Биз халқаро ҳамжамиятнинг қўллаб-қувватлашига эришиш учун биргаликда интиляпмиз. Албатта, денгизни ортга қайтариб бўлмайди, аммо Оролбўйи аҳолисининг ҳаётини яхшилаш ўз қўлимизда.

Яна бир муҳим масала — минтақадаги умумий сув манбаларининг ҳам юқори, ҳам қуйи дарёларидан фойдаланишда барча мамлакат ва халқларнинг манфаатларини инобатга олишдир. Амударё ҳамда Сирдарё ҳавзаларидаги сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича конвенцияни биргаликда ишлаб чиқиш ва БМТ билан келишиш ҳам шу мақсадга хизмат қилади. Ўзбекистон томони мазкур жараённи фаоллаштиришни таклиф қилмоқда. Менинг фикримча, бу ерда асосий гап минтақавий ҳамкорликда. Шу кунларда Марказий Осиё халқаро экологик форуми доирасида минтақанинг барча мамлакатлари вакиллари ўртасида учрашувлар бўлиб ўтди. Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари мазкур масаланинг энг мақбул ечимини топа оладилар, деб ўйлайман.
Эльвина МУСТАФИНА,
ўз мухбиримиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар