Янни: “Миллий чопонни кийиб, худди ўзбекка айланиб қолдим.”

18:00 18 Февраль 2019 Жамият
1091 0

Ноёб истеъдоди, юксак маҳорати билан дунё мусиқа оламида алоҳида ажралиб турадиган грециялик машҳур композитор, дирижёр, пианиночи Янни (Янни Хрисомаллис) 25 йиллик ижодий фаолияти давомида Ўзбекистонда илк бор концерт дастурини тақдим этди. Созанданинг мамлакатимизда ҳам минглаб, миллионлаб мухлислари топилади. Ўтган ҳафта пойтахтимиздаги “Халқлар дўстлиги” саройида уюштирилган санъат кечаси уларга ўзига хос туҳфа бўлди.

Хўш, Янни мамлакатимиздан қандай таассурот олди?

— Қарангки, юртингизга шу вақтгача бирор марта ҳам келмаган эканман, — дейди у. — Ушбу ташрифимдан жуда хурсандман. Ўзбекистон менга таърифлаб беришганидан ҳам гўзал мамлакат экан.

Ҳаво бироз салқин. Лекин одамлар ажойиб, улардан илиқлик уфуриб турибди. Атрофда болалар шўх-шодон ўйнаб юрибди. Ўзбек халқи меҳмондўстлиги билан юрагимни забт этди. Жуда кўп мазали таомлардан тановул қилдим. Таърифлашга тил ожиз. Айниқса, Ўзбекистон нонининг таъми оғзимда қолди. Бундай лаззатни авваллари сира ҳис этмаган эдим. Ҳайратдаман.

Бу замин бой тарихга эга экан. Турфа миллат ва элатлар асрлар давомида аҳил-иноқ бўлиб яшаб келмоқда. Бу ерга келиб, ҳатто шуни билдимки, Ўзбекистонда ўн минг юнон миллатига мансуб кишилар истиқомат қиларкан.

Ўзбек миллий либослари, сувенирлари менга жуда ёқди. Миллий чопонни кийиб, худди ўзбекка айланиб қолдим. Мен ушбу диёрда дунё тарихидаги илк Қуръони Карим нусхасини ҳам бориб кўрдим. Ҳақиқий тарих. Жуда таъсирландим.

Ҳаммангизни яхши кўраман. Раҳмат!

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?