Вазирлар Маҳкамасининг янги қарори: Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартиби ўзгарди

18:17 30 Март 2018 Ҳужжатлар
2620 1

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолиятни лицензиялаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори (ВМҚ-241, 27.03.2018 й.) қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг “Ҳуқуқий ахборот” канали хабар тарқатди.

Ҳужжатга кўра, 2018 йил 1 апрелдан бошлаб нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасидаги фаолият Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан лицензияланади.

Бунгача лицензиялаш Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат таълим муассасалари фаолиятини лицензиялаш комиссияси томонидан амалга ошириб келинган.

Қарор билан тасдиқланган низомга асосан нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга таълимнинг ҳар бир тури учун алоҳида лицензия берилади. Лицензияда фаолиятнинг лицензияланаётган тури, таълим фаолияти йўналишлари рўйхати аниқ кўрсатилади. 

Нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш соҳасида таълим турлари бўйича лицензия олиш учун лицензия даъвогари тегишли ҳужжатларни давлат хизматлари марказларига тақдим этади ёки электрон шаклда Ягона интерактив давлат хизматлари порталига юбориши лозим.

Лицензия даъвогарининг аризаси кўриб чиқилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.

Нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларга фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқига лицензия берганлик ва унинг амал қилиш муддатини узайтирганлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилади.


Изоҳлар


Admin

лицензия олиш учун керакли хужжатлар хакида маълумот берсангиз

15:1602.04.2018

Кўп ўқилганлар