Акс таъсир кузатилса, синов тўхтатиладими ёки давом этадими — вазир билан коронавирусга қарши вакцина ҳақида суҳбат

14:06 03 Ноябрь 2020 Жамият
6245 0

Бугунги пандемия шароитида бутун дунё эътибори коронавирус касаллиги билан курашишга, илм-фан, олимлар эътибори эса тезроқ мазкур офатга қарши самарали вакцина яратишга қаратилган.

Шу кунларда маҳаллий ОАВда Ўзбекистонда коронавирусга қарши вакцина синови ўтказилиши ҳақида хабарлар бот-бот кўзга ташланмоқда. Ушбу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш ҳамда Инновацион ривожланиш вазирликлари хорижнинг етакчи мамлакатлари билан фаол ҳамкорлик олиб бормоқда. Хўш, ушбу жараён қачон бошланади? Дастлаб қанча аҳолида вакцина синаб кўрилади. Ушбу жараёнда қайси мамлакатлар билан ҳамкорлик қилинмоқда?

Ана шу долзарб саволларга жавоб олиш учун Инновацион ривожланиш вазири, таниқли олим Иброҳим Абдураҳмоновга мурожаат қилдик.

Суҳбатимиз аввалида ушбу ўта масъулиятли жараёнда Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам қатнашаётганига изоҳ берсангиз...

Кейинги пайтларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги турганда нима учун Инновацион ривожланиш вазирлиги вакциналар билан шуғулланяпти, деган саволлар ҳам кўп бериляпти.

Бунинг асосий омили сифатида шуни айтмоқчиманки, вакциналар бу юқори технологиялар. Уларда жуда ҳам катта инновация бор. Бу соҳада биз етакчимиз, деб айтишдан йироқман. Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Бир неча вакцинани синовларини ўтказиш ва аҳолимизга олиб келиш бўйича қатор шартномаларга эришилган ва бу ишлар давом эттирилмоқда.

Бизни вазирлигимиз, юқори технологияларга асосланган вакциналар, дори препаратлари, даволаш усуллари бўйича кузатувларни амалга оширяпти. Жоиз бўлган пайтда шу технологияларни трансферини амалга ошириш бизни вазифамиз ҳисобланади. Инновацияда, яъни умуман юқори технологиялар трансферини амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида биз мана шу пандемия даврида жаҳон олимлари томонидан яратилган технологияларга бефарқ эмасмиз. Ва улар билан музокараларни, ҳамкорликларни йўлга қўйяпмиз. Шунинг учун Инновацион ривожланиш вазирлигини бу жойдаги роли янги, юқори технологияларни ўрганиш, уларни кузатиш, жоиз бўлганда ҳамкорликлар орқали буларни халқимизга тақдим қилишни ўз вақтида амалга ошириш.

Шунинг учун биз Соғлиқни сақлаш вазирлигини ёнида кўмакчи сифатида, ҳамкор сифатида, улар билан биргаликда ишларни олиб боряпмиз. Бугунги технологиямиз ёки вакцина бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам улар билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Бевосита аввал уларга тақдим қилиб, уларни муҳокамалардан ўтказиб, фикрларини олгандан кейин биргаликда ишлар амалга ошириляпти.

Маълумки, янги турдаги вакцинани синовдан ўтказиш учун кўнгиллилар талаб этилади. Ўзбекистонда кўнгиллиларни жалб қилиш борасида муаммолар йўқми?

Албатта, бу энг муҳим қадам. Ҳозир кўпгина юқори технологик вакциналарни 10 дан ортиғи учинчи босқич клиник синовларидан ўтказиляпти. Биринчи, иккинчи босқичлар кам миқдордаги кўнгиллиларда ўтказилади. Ва асосан унинг хавфсизлиги, самарадорлиги, антитаналар ҳосил қилиш хусусиятлари ўрганилади. Учинчи босқичнинг энг катта мақсади — аҳоли орасида қанчалик самарадорлиги кенгроқ ўрганилади. Клиник синовлар учун энг кам талаб қилинган кўнгиллилар беш минг атрофида бўлиши керак. Ва, бу ҳаттоки миллионлаб, юз минглаб одамлар ўртасида ҳам ўтказилади. Шунинг учун Ўзбекистонда ҳам синовларни ўтказишга кўнгиллилар талаб этилади. Бу борада ҳозирча муаммо йўқ. Сабаби, Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда биз оилавий поликлиникаларни жалб қилган ҳолда кўнгиллиларни чақиряпмиз. Бу борада ишлар олиб бориляпти. Кўнгиллиларда шароит яратиб, уларни олдин ўқитиб, бу нарсани маъносини тушунтириб, ундан кейин амалга оширамиз. Бу борада бирон муаммо ёки камчилик бўлади деб ўйламайман.

Хитойда яратилган вакцина Ўзбекистонда синовдан ўтказилиши кутилмоқда. Синовларда қанча кўнгилли қамраб олинади?

Биз бевосита шуғулланаётган, Ўзбекистонга трансферини амалга оширмоқчи бўлган рекомбинад вакцина иккинчи босқич синовлари Хитойда мингдан ортиқ кўнгиллида муваффақиятли тугади.

Энди камида 15 минг одамда учинчи босқич синовларини ўтказиш режалаштирилган. Ва шундан 5 минг нафар кўнгиллини Ўзбекистондан танлаб олиб, синовларни юртимизда ўтказиш бўйича ҳамкорлик ўрнатяпмиз. Демак, Ўзбекистонда 5 минг кўнгиллида ана шу вакцина синовини ўтказишни режалаштиряпмиз.

Вакцина синовларида ёш чегараси кўзда тутилганми? Агар бу эътиборга олинган бўлса, қайси ёшдагилар дастлаб вакцина қабул қилади?

Албатта. Махсус протоколларга асосан ёш чегараси аниқланган. Яъни 18 ёшдан 59 ёшгача бўлган битта гуруҳ бўлади. Ва иккинчи гуруҳга 60 ёшдан юқори бўлганлар қамраб олинади. Биринчи босқичда биз 18–60 ёш оралиғидаги кўнгиллилар билан дастлабки босқични бошлаймиз. Ҳозир шунга тайёргарлик кўриляпти.

Хориж ОАВда коронавирусга қарши вакцина билан эмланган бир кўнгиллининг вафот этгани ҳақида хабар тарқалди ва вакцина синови тўхтатилмади. Ўзбекистонда бундай ҳолат бўлмаслигига кафолат борми?

Дастлаб мана шу воқеага аниқлик киритсак. “AstraZeneca” компанияси томонидан ишлаб чиқилган вакцинани учинчи клиник синовлари пайтида битта кўнгиллининг вафот этгани тўғрисида хабар тарқалди. Ва, албатта, катта шов-шувларга сабаб бўлди. Лекин қайта текширув ўтказилганда вафот этган кўнгилли аслида вакцина олмагани маълум бўлди.

Вакцинани синовида битта нарсани ҳамма яхши тушуниши керак: мана беш минг кўнгиллида синовлар ўтказамиз дедик. Аслида беш минг кўнгиллини икки ярим минг нафари ҳақиқий вакцина олмайди. Тенг ярми ҳақиқий вакцина олади. Бу платсебо усули дейилади.

“AstraZeneca” компанияси томонидан ўтказилган синовларда вафот этган кўнгилли коронавирус асоратлари туфайли ҳаётдан кўз юмган. Яъни, у ҳақиқий вакцина олмаган. Ва шунинг учун бу синовлар яна давом эттириляпти. Дори-дармонлар ўзи платсебо усулида текширилади. Бу албатта психологик ҳолатни енгишга ҳам ёрдам беради. Негаки, айримлар эмлашдан кейин «Вой мен вакцина олдим» деб касалликка берилиб қолиши мумкин.

Умуман вакциналар ишлаб чиқишда турли технологиялардан фойдаланилади. Ва асосан, шу анъанавий тарзда вакциналар ўлдирилган вирусларни тўғридан-тўғри одамни организмига юбориш орқали антитаналар ҳосил қилинади.

Булар ҳозир биринчи синовлари якунланаётган вакциналар тури ҳисобланади. Бундан ташқари АҚШ, Европада ДНКга, РНКга асосланган вакциналар бор. Булар нуклеин кислоталар асосида яратилган ва бундай вакциналарнинг ҳам синовлари ўтказиляпти.

Ва, учинчи турдаги — рекомбинад вакциналар. Бу биз олиб келишни режалаштираётган вакцина турига киради. Ва одинавирус типидаги рекомбинад ҳисобланиб, у ҳам вирус типидаги бир вакцина ҳисобланади.

Биз ҳозир 200 дан ортиқ вакцинани кузатиб турибмиз. Мана шуни ҳозир 11 таси ҳозир учинчи клиник босқичга етиб келди. Ва буларни иккинчи клиник босқичида ўлим қайд этилгани тўғрисида хабарлар йўқ.

Биз синовдан ўтказишни режалаштираётган вакцина биринчи ва иккинчи клиник синовларда жуда кам ҳолатларда салбий таъсирлар кўрсатган. Протоколлар билан яхшилаб танишганимизда ушбу вакцинани ёт таъсирлари бир фоиздан ошмаган. Шу боис ҳам уни «ўзимга ҳам раво кўраман» деганман.

Масалан айрим вакциналар учинчи босқич синовларида 15 фоизгача қанақадир ножўя таъсирлар кузатилаётган бўлса ҳам синовлар давом эттириляпти.

Дейлик, синовда иштирок этаётган кўнгиллининг саломатлиги оғирлашди. Унинг саломатлигига ғамхўрлик қилиш учун қандай чора-тадбирлар кўзда тутилган?

Ҳамкорларимиз билан қарийб бир ярим ойдан буён музокаралар ўтказяпмиз. Вакцинация жараёни ва учинчи босқич клиник синовларини ўтказиш бўйича протоколни яхшилаб ўрганиб чиқдик ҳамда муҳокама қилдик.

Дастлаб, тушунтириш ишларини олиб борилади. Яъни шу 5 минг нафар кўнгилли оилавий поликлиникалар врачлар томонидан танлангандан кейин тушунтириш ишларини олиб борамиз. Вакцинация нима? Уни олгандан кейин эртага касал бўлмаслик кафолатланганми? Ана шу жиҳатларга эътибор қаратилади. Масалан, нима учун мана Россияда ишлаб чиқарилган вакцинани олган депутатда ҳам касаллик аломатлари пайдо бўлди. Ва, табиийки, у ишламас экан деган фикрлар ҳам пайдо бўлди. Чунки у ҳам шу платсебо, яъни ҳақиқий вакцина қабул қилмаган. Мана шундай ҳолатлар барчаси олдиндан тушунтирилади.

Иккинчидан, беш минг нафар кўнгиллининг ҳаммаси тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтказилганда, қўшимча касалликлари борми, қўшимча касалликларининг ҳолати қайси даражада хавфлилик даражаси қандай? Булар тиббий кўрикдан ўтказилади. Тиббий кўрикдан ўтказилганидан кейин суғурта қилинади.

Вакцинация қилинганлар 35 дақиқа шифокор кўригида бўлади. Ўша жойда ножўя таъсирлар пайдо бўлса, дарҳол бартараф этиш чоралари кўрилади. Ва сутка давомида кузатув-назорат амалга оширилади. Йил давомида текширувларда мабодо ножўя таъсирлар бўладиган бўлса, буни ҳам даволаш чоралари кўрилади.

Буларнинг харажатларининг ҳаммаси тиббий суғуртада акс этади ва компания тарафидан қоплаб берилишига келишяпмиз.

Вакцинанинг акс таъсир кузатилса, синов тўхтатиладими ёки давом этадими?

Акс таъсири, яъни ножўя таъсирлари — рус тилида «побочние эффект» дейилади. Булар бўлиши мумкин. Чунки ҳар қандай вакцина олинганда тана ҳарорати кўтарилиши мумкин. Яъни, албатта, антитана ишлаб чиқариш жараёнида физиологик ҳолатлар, организмда кузатилади. Булар жуда ҳам хавфли ёки хавф зонасига кирмайдиган ножўя таъсирлар. Жараён кузатув остида бўлади. Ҳар бир кўнгиллига бундай ҳолатларда хавотирга тушмаслик тушунтирилади. Лекин жуда ҳам ножўя хавфли таъсирлар пайдо бўлганда, яъни айтайлик 15 фоиз одамларда шу ҳолат кузатилса, зудлик билан зарур чора-тадбирлар кўрилади ҳамда ўрганиш бошланади. Лекин бу агар 30 фоизга етадиган бўлса, вакцина синовлари тўхтатилади.

Бундан ташқари, мабодо бирон кўнгиллида жуда ҳам хавфли, ҳеч кимга аниқ бўлмаган ҳаттоки бир ҳолат кузатилса ҳам вакцина синови тўхтатилиб, сабаблари ўрганилади. Агар бу эмлаш жараёни билан боғлиқ бўлмаган бўлса, синов яна давом эттирилади.

Синов махсус ташкил этилган тиббиёт муассасасида ўтказиладими? Умуман, ушбу тадбирлар ҳақида маълумот берсангиз.

Албатта, биринчидан мана шу юқори технологияларга асосланган вакцина бўлганлиги учун биз иккита илмий марказни бунга асосий жавобгар сифатида белгилаб олдик. Биринчиси, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошидаги Илғор технологиялар маркази. Сабаби, биз бу ерда олимларимиз билан илк марта марта уларни генларини ўрганяпмиз.

Иккинчидан тест системалари ишлаб чиқарилди ва ҳозир вакцинани ишлаб чиқаришни дастлабки босқичлари амалга ошириляпти. Ана шу юқори технологияларни мувофиқлаштириб, қандай самаралари бор ва уларни доимий назорат назоратда ушлаб туришади.

Ва иккинчиси, Соғлиқни сақлаш вазирлиги тасарруфидаги Вирусология илмий текшириш институти. Вирусли касалликлари билан шуғулланувчи катта тажриба эга бўлган бу институт асосий марказ ҳисобланади.

Вирусология илмий текшириш институтида турли вирусли касалликларга қарши вакциналар синовдан ўтказилган. Бу ерда борада катта тажриба тўпланган.

Нега айнан Хитой вакцинаси танланди? Очиғи у ҳақида маълумот кўп маълумотга эга эмасмиз. Ва аксинча, Россияда яратилган вакцина (“Спутник-V”) ҳақида кўпроқ маълумот мавжуд ва унга нисбатан ишонч юқоридек...

Бу ҳам тўғри эътироз. Ҳозир Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарафидан Россиянинг “Спутник V” вакцинасини синовларини ўтказиш ва кейин халқимизга тақдим қилиш бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилаяпти. Бу вакцинанинг анча олдин клиник синовлари йўлга қўйилди. Ҳозир яхши натижаларга эришилди ва Россия Федерациясида кўп сонли аҳолида учинчи босқич синовлари ўтказиляпти. Бу бўйича ҳам давлатимиз раҳбарининг алоҳида топшириқлари бор. Соғлиқни сақлаш вазирлиги икки томонлама шартномалар орқали музокаралар олиб боряпти. Ушбу вакцинани ҳам Ўзбекистонга олиб кириш чоралари кўриляпти.

Бундан ташқари, Хитойнинг «Синофарма» компаниясининг вакцинасининг синовларини ўтказиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. У ҳозир етилиб пишган. Шу боис «Синофарма» компаниясини маҳсулотини ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари ва Хитойдаги элчихонамиз томонидан Ўзбекистонга олиб кириш ишлари чора тадбирлари кўриляпти.

Инновацион ривожланиш вазирлиги эса рекомбинад оқсил молекуласига асосланган вакцинани олиб келиш учун қўл уряпмиз.

Умуман, шу жойда бир нарсани айтмоқчиманки, халқимизга ҳар қандай вакцинани олиб келиш учун биз бир неча вакциналарни синовини ўтказишимиз керак.

Бу Россия, “AstraZeneca” (Европа) компанияси, АҚШнинг «Модерна» компаниясини ёки Хитой вакцинаси ҳам бўлиши керак. Бир неча вакциналарни синовини параллель равишда ўтказиш давр тақозоси. Чунки вакцинани ҳам, коронавирусни ҳам типлари бор. Ва, шу жумладан, ҳудудларда тарқалиш масаласи ҳам. Бир ҳудудда яратилган вакциналар иккинчи ҳудудга жуда ҳам самарали таъсир қилмаслиги мумкин. Бу аҳолини геномидан, генотипидан, физиологик ҳолатидан, яшаш турмуш тарзидан келиб чиқиб, уларни самараси ҳар хил бўлиши мумкин.

Албатта, эмлаш жараёни текинга бўлмайди. Бу жуда ҳам қиммат технология бўлади. Сотиб олиш тўғри келганда, албатта, самаралисини танлаб олишимиз керак. Шунинг учун бир пайтни ўзида бир неча вакциналар устида ишлар олиб бориляпти. Аҳолимиз буни тўғри тушуниши керак.

Биз танлаган вакцинанинг хавфсизлик даражаси энг юқориларидан бири деб ҳисоблайман. У “Covid”ни турли штаммларига универсал таъсирга эгалиги бизни эътиборимизни тортган. Нафақат бу “Covid” типидаги вируслар МАРС, САРС типидаги вирусларга ҳам универсал таъсир қиладиган гетта вакцина сифатида намоён бўлди.

Ўзим генетик олим сифатида, генлар инженерлиги билан шуғулланганлигим ва бу соҳани яхши тушунганлигим ва хавфсизлигига ишончим жуда ҳам юқори бўлганлиги учун ўрганишга қарор қилдим.

Қолаверса, бошқа вакциналарга нисбатан арзонлиги ҳам бизни эътиборимизни тортди.

Синовда иштирок этган кўнгиллилардан бири вафот этса, унинг оиласига компенсация тўланадими?

Жуда ўринли савол. Мен суҳбатимиз бошида таъкидлаганимдек, тиббий суғурта бўлади. Ҳозир аниқ бир сонларни айта олмайман. Лекин музокаралар қиляпмиз ва бундай харажатларни компания ўз зиммасига олади. Демак, компенсация бўйича ҳам аниқлик киритилади.

Самимий суҳбат учун миннатдорчилик билдирамиз!

Шаҳноза ТЎРАМУРОДОВА («Халқ сўзи») суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер