Умрбоқий ижод кўзгуси

12:45 28 Апрель 2018 Маданият
2043 0

"Раҳбар бўлсанг, китоб ўқи" маънавий-маърифий лойиҳаси доирасида

Ўзбекистон халқ шоири Шукруллонинг адабиёт оламига илк қадам қўйганига 75 йил бўлибди. Тўқсон бешинчи довон устида турган отахон шоиримиз шунча йиллар мобайнида шеър ва достонлар, драматик асарлар ҳамда публицистик мақолалар, телеэкран орқали долзарб мавзуларда чиқишлар билан эл-юрт кўз ўнгида ижод қилиб келмоқда.

“Mumtoz so’z” нашриёти ижодкорнинг ҳаёт фаолияти давомида жамоатчилик томонидан олган баҳоларни, тақриз ва муносабатларни жамлаб, “Шукрулло ижодининг олмос қирралари” сарлавҳаси остида 725 бетлик салмоқли китобни чоп этибди. 1-китоб “Умрбоқийлик” деб номланиб, унда Шукруллонинг устозлари ва дўстлари сўзи, шеъриятига берилган ички тақриз ва мактублари, “Жозиба сеҳри” номли 2-китобда ижодкорнинг қадрдонлари, тенгқурлари, олим ва адабиётшунослар фикрлари, “Тинчлик” достони муҳокамаси, тақризлар, интервьюлар, 3-китобда шоирга битилган мактублар жой олган.

Шукрулло ижоди Ўзбекистондан ташқарида ҳам алоҳида эътибор билан кутиб олингани диққатга сазовордир. Ижодкорнинг адабиёт оламида яратган асарлари, жамоат арбоби сифатидаги янгроқ овози дунёга танилган машҳур ёзувчи шоирлар Мустай Карим, Расул Ҳамзатов, Қайсин Қулиев, Давид Қўғилтинов, Татьяна Кузовлева томонидан эътироф этилгани ўзбек адабиётининг ютуғидир.
Қайсин Қулиевнинг ушбу китобда келтирган эътирофи билан танишайлик: “Шукрулло ижоди — бу шунчаки ўзбек шоирининг ижоди эмас, у миллий адабиётларнинг, шаклланган бой ва ранг-баранг шеьриятининг ажралмас, узвий қисмидир. Тўғрисўзлик, самимийлик адабиётимизга зарур сифатлардир.    Мен Шукрулло каби дўстсевар шоирларни кам кўрганман. Бу ажойиб адиб, боладай беғубор, Хўжа Насриддиндай оқил ва ҳазилкаш, самимий ва дилкаш инсонни ёқтириб қолмаслик мумкин бўлмаган ҳолдир”.

Қаранг, дунёга танилган Қайсин Қулиев ўзбек шоири ҳақида ҳам ижодкор, ҳам самимий инсон сифатида юқори баҳо беряпти.
Шоиримиз ижоди барқ уриб гуллаган йилларда бир йўла икки китоби “Самимий суҳбат” ва “Парвоз эт, бургут” ўқувчилар қўлига етиб боради. Ана шу воқеа ҳақида Татьяна Кузовлева “Литературная газета”да чиқиш қилганди. Т. Кузовлеванинг ўз вақтида адабий жамоатчилик орасида воқеа бўлган “Севгимиз яшайди юракда пинҳон” сарлавҳали мақоласи шу китобдан жой олган. Мақолада ёзилишича, “Шукруллонинг шеьрият дарахти баракали ўзбек шеьрияти, хусусан, Алишер Навоий тупроғида униб-ўсдики, унинг сатрлари буюк саньаткор хотирасига бўлган ҳурмат-эъзоздир. Муаллифнинг Фарғонага нисбат бериб айтган “илҳом водийси” ибораси бутун ўзбек тупроғига ҳам тўлалигача қўлланиши қонуний бўлса керак.   Ўттиз йил муқаддам бу ерда унга кейинчалик шоирнинг ижодий йўлини ёритган нарса аён бўлади”.

Мазкур мақолада Ватан тупроғини мардона ҳимоя қилган аскарлар ҳаётидан ёзилган “Кўнгил чироғи” достони ўзбек шоирининг ижоди кенг ва жиддий эътиборга лойиқлиги таъкидланади. Айни пайтда бу достон нисбатан чўзилганлиги танқид қилинади.

Ўзбекистон мустақилликка эришганининг илк ойларида юртимизга таниқли ёзувчи Давид Қўғилтинов ташриф буюради. Унинг “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ҳафтаномасида ёзишича, Тошкент кўчаларини Шукрулло билан сайр қилиш меҳмонга ҳузур бахш этган. Шукруллодаги олижаноб туйғулар Д. Қўғилтиновни мафтун этади. Мана, элга танилган ижодкорнинг Шукрулло ҳақидаги қайдларини бирга кўздан кечирайлик:  “Шукрулло ҳамиша бахтиёр инсон каби юзидан табассум аримайди, афсуски, мен шоирлар қалби ҳамиша бахт билан лиммо-лим тўла бўлмаслигини яхши биламан. Лекин, начора, шоирлик бу — дардларни ўзингга олиб бўлса-да, бошқаларга бахт улашишдир. Шукрулло шеьрлари ҳам ана шундай руҳда ёзилган. Шоирнинг ижоди, унинг шеьрияти ҳақида гап кетганда,  ундаги яна бир хусусиятни — табиийликни алоҳида таькидлашни истардим.  Шеьрларини ўқир экансан, сўзлар, фикр, куй-оҳанг — хаммаси табиий равишда қуйилиб келгандек,  ўз-ўзидан яралгандек таассурот қолдиради”.
Худди ўша газетанинг ўша сонида таниқли таржимон Римма Казакованинг “Донишманд инсон” мақоласи чоп этилади. Бизга маълум бўлишича, ўша кунлари юртимизда Шукруллонинг 70 йиллик тўйи ўтказилган. Шунга ҳам чорак аср бўлибди-я!

Римма Казакова шоир шеърларини русчага таржима қилар экан, унинг шахсий ҳаёти билан ҳам қизиқади. Мустабид замонда Шукруллонинг бошидан айлантирилган тегирмон тошларидан хабардор бўлади. Ҳам ҳаёти, ҳам ижодини яқиндан ўргангач, таржимонда тўлақонли таассуротлар ойдинлашади. Римма Казакова ёзади:   “Шукруллонинг, ҳаётда бўлганидек, асарларида ҳам донишмандлиги яққол сезилиб туради. Шеьрлари ўқувчини ўйлантиради, фикрлатади, баҳсга чорлайди. У шоир сифатида ҳеч вақт даврдан ортда қолган эмас, шунинг учун шеьрларидаги фалсафа ҳам инсон учун доимо хизматда.  У бир нарсага — кўҳна дунёни яхшилик ва муҳаббат билан, гўзаллик ва садоқат  билан қайта қуришга қаттиқ ишонади. Ва биз  ҳам бу донишманд шоирнинг умидлари бир кун амалга ошишига дилдан ишонамиз”.

Қуёш ўз нурларини она замин узра таратганда нафақат чор-атроф ёришади, балки зулмат ҳукмрон бўлган паллада кўздан пана бўлган коваклар ҳам яққол очилиб кетади. Шукруллонинг “Кафансиз кўмилганлар” китоби ҳам айни истиқлол нурлари порлаган дамларда халқ мулкига айланди. Ҳа, бу асарда тоталитар тузумнинг чиркин иллатлари фош этилди. “Кафансиз кўмилганлар” асарига ўша даврдаги энг фаол танқидчимиз Норбой Худойберганов биринчилар қатори фикр билдирди. Шўро даврининг етмиш йили мобайнида оммавий иккиюзламачилик рўй берганини дадил фош этди. Норбой Худойберганов Шукрулло китобини ўзбек насрида Ҳабибулла Қодирийнинг ўз отаси Абдулла Қодирийнинг фожиали ҳаётининг сўнгги кунларига бағишланган ҳужжатли автобиографик асаридан кейинги янгича йўналишда яратилган қисса сифатида баҳолаб, асар бир қанча жиҳатларига кўра, Солженициннинг “Гулаг Архипелаги” деб номланган эпопеясига муштараклиги, ҳамоҳанглигини таъкидлаган.

Ёдингизда бўлса, ўтган асрнинг тўқсонинчи йилларида Норбой Худойберганов адабиётимиз поклиги йўлида ҳеч кимни юз-хотир қилмаган кескир танқидчилардан бўлган. Шу маънода Норбой ака камдан-кам ёзувчи, шоирлар танқидни сўраб, тўғри тушунишади, улар орасида Шукрулло ҳам бор, дейиши эътиборга сазовордир. Шу маънода Н. Худойбергановнинг мана бу фикрлари башорат каби янграйди: “Шукрулло инсон ҳамда ижодкор сифатида  дилу тил бирлигини муқаддас деб билиб, ана шунга мувофиқ  фаолият кўрсатишга сафарбар этилгандир. Жуда-жуда истайманки, мана шу сафарбарлик халқимизнинг сиёсий, ижодий ҳамда маънавий-маданий мустақиллигини таьминлашга баракалар келтирсин. Муҳтарам Шукрулло ака, умрингизга    яна камида  шунча умр қўшилсин, ёшлик шижоати,   ғайрати сизни ҳеч қачон тарк этмасин, ҳорманг, ҳамиша омон бўлинг!” 

Ўзбек адабиётшунослигида ўз мактабини яратган Озод Шарафиддинов ҳамиша адабиётимизда воқеа даражасига кўтарилган асарларга бефарқ бўлмаган. Шу маънода Шукруллонинг “Суянчиқ” тўплами ҳам танқидчимиз назаридан четда қолмайди. Бу тўплам сўнгги йилларда ёзилган янги шеърлардан эмас, ўттиз беш йиллик ижодидан саралаб олинган шеърлардан дасталанган. “Инсонни буюк қилган нарса, — дейди О. Шарофиддинов, —  унинг ақл- идроки, тафаккури, меҳнати. Шулар туфайли у атомлар қудратини бўйсундирган, шулар туфайли у фазоларга нурдан тез учади. Бироқ шоир инсоннинг буюклигини фақат шулардагина кўрмайди. Бу ўринда Шукруллонинг инсонни талқин қилишдаги энг муҳим хусусияти сифатида шуни алоҳида таъкидлаш керакки, шоир унинг буюклигини айтар экан, чегарасиз муболағаларга берилмайди, ададсиз мақтовлар ва тасаннолар айтмайди. Инсон шоир учун касби-кори, феъли-атвори, яшаш тарзи номаълум мавҳум мавжудот эмас. Лирик қаҳрамон шу реал заминда шоир билан ёнма-ён ҳаёт кечиради. Меҳнат қилади, севади, шодланади, изтироб чекади, изланади, адашади”.

Шукруллонинг 70 йиллиги адабий жамоатчилигимизда кенг нишонланган экан. Бу воқеа айни юртимизда мустакиллик эълон қилинган кунларга тўғри келиши рамзий маъно касб этгандай. Республика матбуотида таниқли адабиётшунос Иброҳим Ғафуровнинг чиқиши “Шукрулло ҳақида этюд” деб аталади. Ушбу чиқишда Шукруллонинг ўз ижодига ниҳоятда танқидий қараши, бу талабнинг ҳам меъёри бўлгани яхши, деган фикр билдирилади.
Ҳаёт ҳақиқатини қаламга олиш — ижодкорнинг виждоний бурчи эканлиги шундай уқтирилади:  “Унинг кўнгли ҳам шеъридек беғубор ва оламнинг ҳамма шамолларига ҳамда ҳамма шогирдларига очиқ. Сатрим орасидан қуёш юрар гўё, дейди шоир. Бу қуёшнинг алангаси боқий бўлсину, ёғдусини халқнинг дилига ҳам сочиб турсин”.

“Шукрулло ижодининг олмос қирралари” китобини варақлар экансиз, шоирнинг турли йилларда назарга тушган асарлари ҳақида ўз вақтида билдирилган фикрларга ошно бўласиз. Маҳмуд Саъдийнинг “Шукруллонинг кўнгил чироғи” сарлавҳали мақоласи замондошимизнинг “Лети, беркут” (“Учавер, бургут”) тўплами ҳақида. Мунаққид Шукруллонинг бошқаларга ўхшамаган услуби, овози, ўйчан поэтик олами борлигини таъкидлайди. Тилга олинган мажмуа шоирнинг шеърий дунёси тўғрисида анча яхлит тасаввур бериши уқтирилади. Маҳмуд Саъдий шундай давом этади: “Шукрулло шеърларининг  лирик қаҳрамонини ҳеч иккиланмай шоирнинг ўзи дейиш мумкин. У ростгўй, дилкаш, самимий суҳбатдош инсон. У шеърларида кучли хайриҳоҳлик туйғусини уйғотади, китобхон фикрига туртки беради, уни ҳушёр  торттиради, баҳорга чорлайди, ҳаёт лаззатларидан,  дўст меҳридан  баҳраманд бўлишга ундайди. Шоирнинг лирик қаҳрамони замондошларимизда инсоф-адолат, ҳақиқатга  ташналик туйғусини ўстиради”.
Биргина мақолада 725 бетлик китоб ҳақида муфассал фикр юритишнинг имкони йўқ, албатта. Шуни таъкидлаш ўринлики, юртимизда ижодкорларимизнинг захматли меҳнати беиз кетмаётгани, бу шижоат ҳақида олимларимиз, адабиётшунослар, кенг жамоатчилик холис ва ҳаққоний фикр билдираётганлиги эътиборга сазовордир.

Сўзимиз якунида бир мулоҳазани айтишни ўринли деб ўйлаймиз. “Mumtoz so’z” нашриёти шундай катта юкни зиммасига олган ҳолда китобда имловий хатолар меъёридан кўп учраши ўқувчининг тишига тегиши афсусланарли ҳол. Бу эътироз келгусида ҳисобга олинишини назарда тутиб қайд қилиняпти.
Шуҳрат ЖАББОРОВ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган журналист. 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?