Тошкент вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси. У танқидий руҳда бўлиб ўтди

08:19 07 Октябр 2020 Жамият
517 0

Хабар берганимиздек, 2020 йил 6 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлигида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг сайёр мажлиси бўлиб ўтди. Унда, Сенат аъзолари ва қўмита раислари, сенаторлар, Ҳисоб палатаси экспертлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, ОАВ ходимлари иштирок этишди. Сайёр мажлисда Республика вазирлик ва идоралар раҳбарлари, вилоятнинг маҳаллий Кенгашлар депутатлари, мавжуд туман ва шаҳар ҳокимлари онлайн мулоқот тарзида қатнашдилар.

Сенат Раиси Танзила Нарбаева йиғилишни очар экан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида сўзлаган нутқининг тарихий аҳамияти хусусида батафсил тўхталди. БМТ минбарида юртбошимиз томонидан кўтарилган долзарб муаммолар жаҳон ҳамжамияти томонидан қизғин қўллаб қувватланганлигини таъкидладилар. «Бу ўз навбатида Ўзбекистоннинг жаҳондаги тараққий этган давлатлар ичида обрўси кун сайин юксалаётганлигидан далолатдир», деди Т.Нарбаева.

Сўнгра, Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига қилган ташрифлари доирасидаги долзарб вазифалар ҳамда Cардобадаги техноген ҳолатларини бартараф этиш, мамлакатимизда камбағалликни босқичма-босқич тугатиш юзасидан берган тавсияларини муҳим аҳамияти хусусида тўхталди. Сенат ишчи гуруҳи томонидан ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалаларини жойларга чиқиб ўрганиш амалиёти жорий этилгани катта самара бераётганини таъкидлади. Жумладан, Тошкент вилоятида олиб борилган ўрганишлар натижалари хусусида тўхталаркан, бундай деди:

— Йигирма беш йил давомида депутатлармиз ва сенаторлар жим келишди. Жойлардаги муаммолар ечими хусусида мутлақо бош қотиришмади. Бугун янги давр бошланди. Янги Ўзбекистон юз очди. Сенат ишчи гуруҳи томонидан Сардобадаги техноген ҳолат оқибатларини тугатиш, бу ердаги аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, шунингдек, республикамизнинг Боёвут, Бўстон, Олот, Тўрақўрғон туманлари, Қарши ва Каттақўрғон шаҳридаги бир қатор муаммоларни бартараф этиш юзасидан амалий таклифлар ишлаб чиқилди. Улар асосида ушбу ҳудудларни ривожлантириш борасида Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарори тайёрланмоқда. Бу қонуний ҳужжатлар ижроси Сенатнинг алоҳида назоратида бўлади.

Сенат ишчи гуруҳининг Тошкент вилоятидаги ўрганиши натижаларида бир қатор давлат дастурлари ижроси борасида талайгина камчиликлар, уй-жой, йўл қурилиши, маҳаллаларни ободонлаштириш, қишлоқларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш, инвестиция дастурларини ишлаб чиқиш борасида қўпол хатоларга йўл қўйилганлиги маълум бўлди. Ижтимоий таъминотга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш борасида «Саховат ва кўмак» ҳаракати доирасида кўрсатилган моддий ёрдамларни ўзлаштириш, қўшиб ёзиш, мансабдор шахсларнинг ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилиш каби нохуш ҳолатлар аниқланди. Вилоятда коронавирус пандемиясига қарши кураш борасидаги таҳлиллар ҳам қувонарли эмас. Бу тизимда ҳам кўзбўямачиликларга йўл қўйилган. Бандлик, аҳолини иш билан таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш бўйича давлат буюртмасини бажариш борасида эса сохталиклар қалашиб ётибди.

Сенат Раиси бу борадаги ҳолат тўғрисида тўхталар экан, одамлар тақдирига бефарқлик оқибатида, вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш борасида кечириб бўлмайдиган хатоликларга йўл қўйилганлигини санаб ўтди. Ҳисоботларда амалда йўқ бўлган 800та иш ўрини яратилди деб, ёлғон маълумот берилган. Давлат буюртмасига мувофиқ режалаштирилган 5.500 нафарга яқин иш ўрини яратиш топшириғи эса шунчаки таъминланмаган.

Йиғилишда ушбу ҳолат юзасидан вазирлик ва идоралар раҳбар ва мутасаддилари тегишли тартибда тушунтириш бердилар.

Ишчи гуруҳи томонидан вилоятдаги, ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқ- тартибот идоралари фаолияти таҳлили қониқарсиз эканлигини афсус билан қайт этмоқчиман, дейди, ишчи гуруҳи аъзоси, Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасида доимий асосда ишловчи сенатор Малика Қодирхонова. — Импорт маҳсулотларини маҳаллийлаштириш дастури ўрганилганида, қатор лойиҳаларда қўшиб ёзиш ҳолатлари аниқланди. Ҳудуд пойтахт вилояти бўлишига қарамасдан, аҳолини ичимлик суви билан таъминлашда ҳам бир қатор камчилик ва нуқсонлар мавжуд. Масалан, 14та аҳоли манзилларида сув қувурларини янгилаш, таъмирлаш борасида 19,3 миллиард сўмлик маблағ мақсадсиз ишлатилган. Натижада, бажарилиши кўзда тутилган ишлар амалга оширилмаган ва аҳолига ичимлик суви етиб бормаган.

Тошкент, Янгийўл, Чиноз, Қибрай, Зангиота, Бўстонлиқ туманлари ва Ангрен шаҳридаги солиқ тизимининг фаолияти таҳлил қилинганида тадбиркорларнинг давлат олдидаги қарздорлигини ўз вақтида ундириш борасида хатоликларга йўл қўйилгани маълум бўлди. Судларга 21,3 миллиард сўмлик, солиқ қарзини ундириш бўйича даво аризалари ўз вақтида киритилмаган. МИБга эса 46,1 миллиард сўмлик қарзларни ундириш тўғрисидаги солиқ идораларининг қарорлари юборилмаган. Натижада, бюджет тушумларига жиддий путур етказилган.

Айниқса, бозорлардаги тартиб-интизом бўшаштириб юборилган. Гўшт ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан савдо қилувчи шахслар фаолияти ўрганилганида, уларнинг на якка тартибдаги тадбиркор сифатида ва на юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтмагани маълум бўлди. Сохта тадбиркорларнинг ноқонуний фаолияти натижасида бюджетга 5 миллиард сўмдан ошиқ солиқ тўловлари ҳисобланмаган.

Сайёр мажлисда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қабул қилинган 655 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатдаги 4 155 та топшириқдан 41 таси ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаган. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга ташрифлари доирасида амалга оширилиши белгиланган 30 та инвестиция келишуви ижроси ўрганилганда, қиймати 622,4 млн. долларлик 14 та келишув ижроси тўхтаб қолганлиги, 339,3 млн. долларлик 7 та келишув ижроси муддатидан кечикканлиги, 450 млн. долларлик 5 та лойиҳа эса умуман бошланмаганлиги аён бўлди. Шунингдек, инвестиция дастурлари доирасида амалга оширилиши лозим бўлган 909 та лойиҳадан 233 тасининг ижроси ортда қолмоқда.

Ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича ҳисоботларда ўртача маҳаллийлаштириш даражаси 2019 йилда 67,7 фоиз, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 56 фоиз кўрсатилган бўлса-да, ўрганиш натижасида ушбу кўрсаткич мос равишда 48,6 ва 51 фоизни ташкил этган. Ҳисоботларда қўшиб ёзиш ҳисобига ошириб кўрсатиш ҳолатларига йўл қўйилиши оқибатида маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқарилган маҳсулотларга ўхшаш маҳсулотлар импорт қилинган.

Юқорида таъкидланганидек, янги иш ўринлари ташкил этиш бўйича давлат буюртмасини бажаришда ҳам муайян камчиликлар мавжуд. Хусусан, давлат буюртмасидаги 7 та йўналиш бўйича белгиланган кўрсаткич (30 401 та иш ўрни) 32 847 тага ёки 108 фоизга бажарилган бўлса-да, 2 та йўналишда 5 439 та иш ўрни яратилиши таъминланмаган. Танлов асосида 2019 йилда ҳақиқатда яратилмаган иш ўринлари ҳудудлар ва йўналишлар кесимида ўрганилганда, уларнинг сони ҳисоботларда кўрсатилганга нисбатан 797 тага кўпни ташкил қилган.

Жойларда йўл қўйилаётган хато ва камчиликлар аҳолининг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда. Бунинг натижасида Сенатга бугунгача вилоят аҳолисидан 800дан зиёд мурожаатлар тушганлиги айтиб ўтилди. Эътирозлар миқдори асосан, Зангиота ва Қибрай туманларида ортиб бормоқда. Т.Нарбаева буларнинг натижаси хусусида жойлардаги ҳоким ва раҳбарларга мурожаат қилар экан: «Ҳокимлик идоралари, Халқ қабулхоналари ишламаяптими?!»,- дея ҳаққоний савол берди.

Мажлисда шу ва бошқа камчиликларнинг сабаблари таҳлил қилиниб, уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланди. Жумладан, Олий Мажлис Сенати ва Ҳисоб палатаси томонидан Тошкент вилоятида ўтказилган ўрганишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва келгусида уларга йўл қўймаслик юзасидан ишлаб чиқилган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Унда, жумладан, амалга ошириш муддатидан кечикаётган 10,9 трлн. сўмлик 126 та ҳамда амалга ошмай қолаётган 20,7 трлн. сўмлик 107 та лойиҳанинг ишга туширилишини ўрганиш учун хатлов ўтказиш режа графигини ишлаб чиқиш, шунингдек, истиқболсиз лойиҳаларни ўриндош лойиҳалар билан алмаштириш ва уларни белгиланган муддатларда ижро этилишини таъминлаш каби чора-тадбирлар белгиланди.

Мажлисда муҳокама этилган масалалар юзасидан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.

Йиғилиш сўнггида Т.Нарбаева анъанага кўра, ушбу тадбирда иштирок этган ОАВ ходимлари ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказди. Унда, сайёр мажлисда кўрилган масалалар юзасидан берилган саволлар атрофлича таҳлил қилинди.

Шодиёр МУТАҲАРОВ

(Халқ сўзи)

Суратлар муаллифи Нозим Абдуллаев.

 

 

 

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?