Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида

20:04 05 Октябр 2019 Жамият
263 0

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК ПАЛАТАСИНИНГ КЕНГАШИ ВА ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ КЕНГАШИ ҚЎШМА ҚАРОРИ
14.09.2019 й.
№ 2736–III/КҚ-592–III

Сўнгги йилларда халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишда шуҳратпарастлик, ўзини кўз-кўз қилиш, бошқаларнинг ижтимоий аҳволини инобатга олмаслик, исрофгарчилик, халқимизнинг урф-одатлари ва анъаналарини менсимаслик каби иллатлар кўзга ташланмоқда.

Бундай салбий иллатларга барҳам бериш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, шунингдек фуқаролар йиғинларида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди.

Бироқ ўрганишлар таҳлили, шунингдек аҳоли билан бевосита ўтказилган мулоқотлар, жамоатчилик вакилларидан келиб тушган мурожаатлар ушбу соҳада бир қатор жиддий муаммо ва камчиликлар ҳамон сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, айрим фуқаролар дабдабали тўй маросимлари ва уларни ўтказишга сарфланадиган катта харажатлар оқибатида қарзга ботмоқда ва ундан қутулиш мақсадида чет элга ишлаш учун чиқиб кетмоқда.

Баъзи фуқаролар тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни дабдаба билан ўтказишни қўшнилар, қариндошларнинг танқидларидан, қоралашидан, умуман олганда, жамоатчилик босимидан халос бўлиш воситаси сифатида тушунмоқда. Ваҳоланки, бундай тадбирлар яқин қариндошлар ўртасида қарздорликнинг вужудга келишига ва оқибатда кескин зиддиятларга олиб келмоқда.

Аксарият аҳоли, айниқса, хотин-қизларнинг онгида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда қиз томоннинг сарф-харажатлари қанчалик юқори бўлса, қайнона-келин муносабатлари шунчалик яхши бўлади, деган нотўғри тасаввур тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

“Чарлар”, “ақиқа маросими”, “мучал тўйи”, “қиз мажлис”, “куёв чақириқ”, ҳайитда “келин кўриш” каби маросимлар аҳоли томонидан ортиқча, деб баҳоланмоқда. Бироқ бундай маросимни ташкил этаётган шахсларда тадбирларни обрўлироқ жойда ўтказишга, ўзининг ютуқларини кўз-кўз қилишга, моддий мавқеи билан мақтанишга интилиш кучаймоқда.

Аксарият тўйхона эгалари ихчам ва камхарж ўтказиш ниятида бўлган фуқаролардан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда белгиланган қоидаларга зид равишда тўй харажатларини икки-уч баравар миқдорда асоссиз ундириб олмоқда.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар ҳаддан зиёд баланд нархларда хизмат кўрсатмоқда, ўз томоша хизматларини кўрсатиш давомида миллий менталитетимиз, қадриятларимиз ва урф-одатларимизга мос келмайдиган, “оммавий маданият” иллатларини тарғиб қиладиган ҳамда ёшлар тарбиясига салбий таъсир кўрсатадиган хатти-ҳаракатлар намойиш этилмоқда.

Юқоридаги салбий ҳолатларнинг тобора авж олиши минг-минглаб оилаларнинг нафақат ижтимоий аҳволига, балки бутун ҳаётига, қолаверса, жамиятимизда қарор топган маънавий муҳитга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Мазкур ҳолатларга чек қўйиш, оилаларда ижтимоий-маънавий муҳитни барқарорлаштириш, жамиятда ижтимоий адолатни таъминлаш, аҳоли, айниқса, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш мақсадида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни қатъий тартибга солишни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни тартибга солиш бўйича кенг жамоатчилик, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари, шунингдек фуқаролар йиғинларининг тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар томонидан билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Кенгаши

 

Қ А Р О Р Қ И Л А Д И Л А Р :

 

1. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси тузилсин, унинг таркиби 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

3. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва тартибли ўтказилишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури 3-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

4. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ва Ўзбекконцерт давлат муассасаси:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни миллий қадриятларга мос тарзда ихчам ва камхарж ўтказишга эришиш учун санъаткорлар томонидан хизматлар кўрсатилишини тартибга солиш чораларини кўрсин;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар томонидан хизмат кўрсатилишида тегишли лицензия талабларига риоя этилишини таъминласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишида жамоат тартиби ва йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда фуқаролар хавфсизлигига жиддий хавф солиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш чораларини доимий равишда кўриб борсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пуллик автотранспорт хизмати кўрсатиш фаолиятини лицензиялашнинг алоҳида тартибини ишлаб чиқсин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ой муддатда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш, шунингдек, ушбу тартибга риоя қилмаганлик учун тегишли жавобгарликни белгилаш юзасидан қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

8. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан биргаликда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар давомида муқаддас динимиз талабларига зид бўлган турли одат ва расм-русумлар ўтказилишининг олдини олиш бўйича қўшимча чораларни кўрсин, бу борада диний ташкилотларнинг ваколатли вакиллари масъулиятини янада кучайтирсин.

9. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ва Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши билан биргаликда Низом талабларидан келиб чиқиб, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ташкил этиш ва ўтказишда ички ишлар органлари профилактика инспекторлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини раисларининг фаолиятини ташкил этиш чораларини кўрсин.

10. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига риоя этилиши ҳолати, урф-одатларимиз ва анъаналаримизнинг ҳақиқий моҳияти ҳамда аҳамиятини кенг халқ оммасига мунтазам етказиб бориш тавсия этилсин.

11. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишининг доимий мониторингини амалга ошириб борсин ва унинг натижаларига кўра тегишли таклифларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига киритиб борсин.

12. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар

ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ушбу Қарорнинг ижроси юзасидан ҳар чорак якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига ахборот киритиб борсин.

13. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари (А.Қодиров) ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг ўринбосари (С.Артикова) зиммасига юклансин.

14. Ушбу Қўшма қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Мазкур Қўшма қарор билан тасдиқланган Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги низом 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб амалга киритилади.

 

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатасининг
Спикери

Н. Исмоилов

Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенатининг
Раиси

Т. Нарбаева


 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Кенгашининг
ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги
№ 2736–III/КҚ-592–III-сонли Қўшма қарорига
1-илова

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака
ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги
низом

1-боб. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низом тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солади ҳамда халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини сақлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилган.

Мазкур Низом мамлакат миқёсида ўтказиладиган расмий маросимлар, давлат ва жамият олдидаги буюк хизматларига эга шахсларни хотирлаш ва юбилей муносабатлари билан бўлиб ўтадиган, шунингдек, давлат идоралари, корхона ва муассасаларнинг ташкил этилган куни билан боғлиқ тадбирларга нисбатан татбиқ этилмайди.

2. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солишда ижтимоий адолат ва қонунийлик, миллий урф-одат ва қадриятларга содиқлик, бошқа дин ва миллат вакилларининг урф-одатларини ҳурмат қилиш ҳамда жамоатчилик фикрини инобатга олиш тамойилларига риоя этилади.

2-боб. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талаблар

3. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади.

Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

4. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;

никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;

шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;

маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

5. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

6. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, лицензияли хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар тўйхона, кафе, ресторан маъмуриятига ва ушбу хизматдан фойдаланувчиларга бу каби хизматларни кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этади.

7. Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”, “пул сочиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

8. Тўйхона, кафе ва ресторанларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар иштирокчилари сонига, уларни ўтказиш вақтига қатъий риоя этиш;

атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда маиший шовқинга қарши кураш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузмаслик;

озиқ-овқат маҳсулотлари сифат сертификати талаблари даражасида бўлиши ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш лозим.

9. Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

10. Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилаётганда хавфсизлик чораларини таъминлаши шарт.

11. Ушбу Низомнинг 3, 4-бандларида, 8-бандининг учинчи ва тўртинчи, хатбошиларида, 9-бандининг иккинчи, учинчи хатбошиларида, 10-бандида назарда тутилган қоидалар хонадонларда (гузарларда) ташкил этиладиган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларга ҳам татбиқ этилади.

3-боб. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда жамоатчилик ва давлат органларининг иштироки

12. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларидаги Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар (бундан буён матнда ҳудудий комиссиялар деб юритилади), Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика “Нуроний” жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ўз ваколатлари доирасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назорати ташкил этилишини таъминлайди.

13. Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ва ҳудудий комиссиялар:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилиши устидан жамоатчилик назоратини ташкил этади, шунингдек, бу борада мониторингни амалга оширади;

кенг жамоатчилик фикрини ўрганган ҳолда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга оид қонун ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, исрофгарчиликсиз ва белгиланган талаблар асосида ўтказиш бўйича аҳоли ўртасида тарғибот ишларини олиб боради ҳамда ўрнатилган тартибга риоя этмаган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғинига таклиф қилган ҳолда жамоатчилик ўртасида муҳокама қилади.

14. Маҳалла фуқаролар йиғини, “Нуроний” жамғармаси ҳудудий бўлимлари:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ миллий қадриятларга, ахлоқ қоидаларига зид бўлган маросимлар, номақбул одатлар ва уларнинг салбий оқибатлари тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориши ва тегишли тавсиялар бериши;

тўй эгалари томонидан содир этиладиган миллий урф-одат

ва анъаналарни менсимаслик, шуҳратпарастлик, исрофгарчилик каби хатти-ҳаракатлар устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиши, тегишли талабларга риоя этилмаган ҳолатларни жамоатчилик муҳокамасига олиб чиқиши;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам, кенг аҳоли манфаатларини, миллий қадрият ва анъаналарни ҳисобга олган ҳолда, ижтимоий табақаланишга йўл қўймасдан ўтказиш бўйича жамоавий суҳбатлар ташкил этиши;

ҳудудда ўтказилиши режалаштирилган ҳар бир оилавий тадбирдан хабардор бўлиши, унинг ўтказиладиган жойи, иштирокчилар сони бўйича маълумотга эга бўлиши;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлардан олдин ва кейин ўтказиладиган ортиқча расм-русум ва маросимларнинг олдини олиш чораларини кўриши лозим.

15. Республика Маънавият ва маърифат маркази:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда миллий қадриятларимизга ёт бўлган “оммавий маданият” унсурлари намоён бўлишининг олдини олиш мақсадида мунтазам маънавий-маърифий тарғибот ишларини олиб бориши;

оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали намунали тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида жамоатчилик фикрини шакллантириши, ижтимоий роликлар яратиши, услубий қўлланмалар ва тарғибот материаллари тайёрлаши;

маҳаллий ҳокимликлар билан ҳамкорликда ФҲДЁ идораларида никоҳдан ўтаётган келин-куёвларга оила маънавияти, ахлоқи

ва аждодларимизнинг мустаҳкам оила ҳақидаги ўгитлари баён қилинган маълумотлар, китоблар ва бошқа материаллар бериб бориш амалиётини йўлга қўйиши лозим.

16. Хотин-қизлар қўмитаси, “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказишни режалаштирган оила вакиллари билан, айниқса, никоҳнинг илк даврларида эр-хотин ва уларнинг ота-оналари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлаш борасида суҳбатлар ташкил этиши;

хотин-қизларга тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни камхарж қилиб ўтказишни, уларда ортиқча исрофгарчиликка берилиш оила иқтисодига ва ёш оиланинг мустаҳкамлигига салбий таъсир кўрсатишини ҳаётий мисоллар орқали кенг тушунтириши;

“Ота-оналар университети” машғулотларида сарпо, буюм йиғишга ружу қўйиш, оила бюджетини нотўғри режалаштириш ва бошқа носоғлом орзу-ҳавасларнинг салбий оқибатларини тушунтириши лозим.

17. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи:

турмуш қуриш арафасида турган ёшлар билан ижтимоий-психологик суҳбатлар уюштириши, уларни оилавий ҳаётга тайёрлаши, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва исрофгарчиликсиз ўтказиш бўйича тарғибот ишларини олиб бориши;

ёшлар ўртасида урф бўлаётган “оммавий маданият”, “севги тарихи”, қимматбаҳо машиналар кортежи ва бошқаларнинг салбий оқибатларини кўрсатиб берадиган ижтимоий роликлар ва фильмлар, бадиий асарлар тайёрлаш ҳамда тарғиб қилиш тадбирларини амалга ошириши лозим.

18. ФҲДЁ органлари:

никоҳдан ўтиш мақсадида ариза берган шахслар ҳамда уларнинг ота-оналари билан яшаш жойларида, маҳаллада суҳбатлар уюштириши, уларга никоҳдан ўтиш тартиб-таомиллари, тўй маросимларини камхарж ва ихчам ўтказиш бўйича тушунтириш бериши;

маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқа ташкилотлар билан биргаликда дин уламолари, тиббиёт ходимлари, психологлар иштирокида

“Ёш келин-куёвлар клуби”, “Оила мактаби”, “Қудалар суҳбати” каби курслар ташкил қилиши;

никоҳдан ўтиш ҳақидаги аризани рўйхатдан ўтказгандан сўнг уч иш кунида никоҳланувчи шахслар яшаётган маҳалла фуқаролар йиғинини бу ҳақда хабардор қилиши лозим.

19. Ички ишлар органлари профилактика инспектори фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда фуқаролар ўртасида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ихчам ва камхарж ўтказишга, жамиятда қабул қилинган хулқ-атвор нормалари ва қоидаларини аҳоли онгига сингдиришга, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг шуҳратпарастлик ва дабдаба билан ўтказилишининг олдини олишга қаратилган аниқ ва мақсадли профилактик тадбирларни ташкил этиши, шунингдек бундай тадбирлар давомида жамоат тартибини таъминлаши лозим.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти режалаштирилаётган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ҳақида ушбу тадбирлар ўтказилишидан камида икки кун олдин тегишли ҳудуддаги ички ишлар органига ёзма равишда хабар бериши лозим.

20. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши устидан доимий депутатлик назоратини амалга оширади.

Депутатлик назорати натижалари бўйича маҳаллий урф-одатлар, миллий анъаналардан келиб чиқиб, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари томонидан ушбу Низом доирасида тегишли ҳудуддаги тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ бошқа қўшимча талаблар ҳамда тавсиялар белгиланиши мумкин.


 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Кенгашининг
ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Сенати Кенгашининг 2019 йил 14 сентябрдаги
№ 2736–III/КҚ-592–III-сонли Қўшма қарорига
2-илова

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини
мувофиқлаштириш бўйича
Республика комиссияси
ТАРКИБИ

1. И.Мирзаалиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Республика комиссияси раҳбари
2. А.Киргизбоев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси раиси, Республика комиссияси раҳбари ўринбосари
3. М.Нурматова Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг ўринбосари, Республика комиссияси раҳбари ўринбосари
4. Ф.Махмудов Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ўринбосари
5. А.Маврулов Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг шўъба мудири
6. А.Жўрабоев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ёшлар сиёсати, маданият, маънавият, оммавий ахборот воситалари, ижодий ва жамоат ташкилотлари масалалари котибияти мудири
7. О.Назарбеков Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари
8. Б.Юсупалиев Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари
9. М.Мирзаев Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари
10. Х.Мелиев Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари
11. А.Абдувалиев Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирининг ўринбосари – Автомобиль йўллари қўмитаси раиси
12. А.Ахмедов Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси
13. И.Жасимов Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари
14. Ж.Ниязбеков Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги бошқарма бошлиғи
15. Э.Бозоров Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги бошқарма бошлиғининг ўринбосари
16. У.Алимов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий
17. А.Хаджаев Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси в.б.
18. А.Ўрозов Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги бош директорининг ўринбосари
19. О.Абдуқаҳоров “Ўзбекконцерт” давлат муассасаси директори
20. Ф.Абдуҳолиқов Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси бошқаруви раиси
21. А.Саъдуллаев Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий кенгаши раиси
22. Д.Ташмухамедова Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази директори
23. Р.Убайдуллаева “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори
24. Д.Маҳбубов Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши бошқаруви раисининг ўринбосари
25. Х.Мирзажонова Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси раисининг ўринбосари
26. Ф.Азимова Республика Маънавият ва маърифат маркази бўлим бошлиғи
27. А.Миржалилов Ўзбекистон давлат муассасалари ва жамоат хизмати ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари
28. Д.Нажмутдинова Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси Тошкент шаҳар бўлими раиси
29. М.Бекмуродов Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси кафедра мудири
30. Ш.Ортиков “Халқ сўзи” газетаси мухбири
31. А.Турдиев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси котибиятининг бош маслаҳатчиси, ишчи гуруҳ котиби
32. Лавозими бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари раислари

Изоҳ: комиссия аъзолари бошқа ишга ўтган тақдирда, унинг таркибига ушбу лавозимларга янгидан тайинланган шахслар киритилади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019