Татаристон Ўзбекистонда тиббиёт робот-симуляторлари ишлаб чиқармоқчи


Татаристон Ўзбекистонда “Химград” технополиси шохобчаси ва “Эйдос-Медицина” компаниясининг робот-симуляторлар йиғиш корхонасини очишни режалаштирмоқда. Мазкур ташаббус жорий йил май ойида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги келишув асосида амалга оширилади. Бу ҳақда “Халқ сўзи” мухбири Татаристон президенти матбуот хизмати маълумотига асосланиб хабар берди.
“Бизда шу йил май ойида имзоланган ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тайёрланмоқда. Ҳужжат барча йўналишларни қамраб олади: савдо-иқтисодий, илмий-техник, маданий соҳалар”, - дея таъкидлаган Татаристон президенти Рустам Минниханов Тошкент вилояти ҳокими Ғуломжон Ибрагимов билан учрашув якунида.
Бу борада белгилаб олинган “йўл харитаси”даги лойиҳалардан бири Тошкент вилояти ҳудудида Татаристоннинг “Химград” технополиси шохобчасини яратишдир.
Р.Миннихановнинг айтишича, мазкур майдонда ўз бизнесини ривожлантиришга тайёр бўлган ишбилармонлар бор. У Ўзбекистонга шу бўйича бошқарувчилар ва технологиялар юборилишини, Тошкент вилояти эса ўз тарафидан зарур инфратузилма масалаларида қўллаб-қувватлашини қайд этиб ўтган.
Вилоятда рўёбга чиқарилиши кутилаётган яна бир истиқболли лойиҳа “Эйдос-Медицина” компанияси билан боғлиқ. Айнан мазкур бренд Ўзбекистон эҳтиёжлари учун тиббиёт робот-симуляторларини йиғиш корхонасини очмоқчи.
Ўз навбатида Тошкент вилояти маҳсулотларини Татаристонга улгуржи етказиб беришни ташкил этиш, татар товарларини Ўзбекистон бозорларида илгари суриш режалаштириляпти. Бунинг учун махсус тузилмага асос солинади.
Маълумот учун, “Химград” технополиси – кимё ва полимерларни қайта ишлаш соҳасидаги тадбиркорлик учун замонавий саноат парки ҳисобланади. Унинг лойиҳавий майдони 500 минг квадрат метрдан ошади. 2007 йилда очилган. Айни чоғда “Химград” майдон резидентларига комплекс муҳандислик инфратузилмаларига эга ер участкаларини ҳам тақдим этади. Технопаркда йирик миқёсдаги лойиҳаларни амалга ошириш доирасида турли-туман инфратузилма шакллари вужудга келяпти. Эксперименталь лабораториялар, инжиниринг марказлари, стажёрлар учун тажриба майдонлари шулар жумласидандир. Шулар баробарида “Химград”да энергия тежамкорлик маркази, Татаристон нанотехнологиялар марказининг фармацевтика модули ҳам жойлашган. Айни пайтда ушбу технополис резидентлари сони 100дан ортиқ.
“Эйдос-Медицина” МЧЖ эса Россия ва МДҲдаги ягона тиббиёт тренажёр-симуляторлари яратувчиси ҳамда уларни туркум ишлаб чиқарувчисидир. Унга 2012 йилда асос солинган. Ушбу компания “Сколково” биотиббиёт технологиялари жамғармаси кластери резиденти саналади. 200дан ортиқ мутахассислар фаолият юритадиган компания ўз йўналишида дунёдаги энг етакчи бешталикка киради ҳамда маҳсулотларини Европа, Осиё, АҚШ ва МДҲ мамлакатлари бозорларига етказиб бермоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар миқдори 10 фоизга оширилади
- Кадастр паспортларини бериш муддатлари ўзгартирилди
- Олимлар Альцгеймер касаллигидан ҳимоя қилувчи парҳез ҳақида маълумот беришди
- Доллар курси ошишда давом этмоқда
- «Ғалаба боғи»да мудофаа инновацион технологиялари фестивали ўтказилди—Фоторепортаж
- Президент Маккада бўлиб турган муфтий шайх Нуриддин Холиқназар билан телефонлашди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг