Тадбиркорни 14 йилдан буён қийнаб келаётган муаммо қачон ўз ечимини топади?

15:00 03 Август 2018 Жамият
2052 0
Архив фото

Масала ҳақида тузукроқ тасаввурга эга бўлиш учун бундан 17 йил аввалги бир ҳолатга эътиборни қаратишга тўғри келади. 2001 йилнинг ёзида Бухоро шаҳрида яшовчи ишбилармон Хурсанд Ботиров бўш ётган ерни тендер асосида олдию автоуловлар тўхташ маскани барпо этди.

Бу ердан шахсий автобуслар республикамиз пойтахти ва ҳатто олис Россия шаҳарларига йўл олар, хизмат рисоладагидек кўрсатилаётгани боис ҳеч кимда эътироз йўқ эди. Нега ҳам бўлсин?! Ахир, “Адизобод” корхонаси таъсисчиси бўлган тадбиркор ўз ҳисобидан анча-мунча маблағ сарфлаб, қаровсиз ётган жойни обод қилди. Автобусларнинг техник ҳолатини назорат қилувчи шарт-шароит яратди. Шофёрларга мўлжаллаб дам олиш хоналари қурди, йўловчилар учун ҳам қатор қулайликлар ҳозирлади.

Пичоғинг мой устида бўлса, сенга ҳавас қиладиганлар кўпаяди. Ҳасад қиладиганлар ҳам. “Шарқ” автостанцияси номи билан танилган бу масканни “ўзиники” қилмоқчи бўлганлар, уни бошқа жойга кўчирмоққа уринган мутасаддилар учради. Текшир-текширлар кўпайди. Хурсанд Ботиров ҳаммасига чидади. Чекинмади. Курашди. Ҳали – ҳануз курашади. Кейинги 14 йил давомида шаҳар, вилоят, республика миқёсида қилган мурожаатларини, суд муҳокамаларини, олган жавоб хатларини, турли оммавий ахборот воситаларига йўллаган аризаларини – барча-барчасини жамласангиз бутун бошли китоб бўлиши тайин.

Натижа нима бўлди, дерсиз? Афсуски, аҳвол тадбиркор кутганидек бўлиб чиқмади. Ҳозир ўша масканга ташриф буюрсангиз қаровсиз бир гўшани кўрасиз. Бу ердан йўловчилар қадами ҳам аллақачон узилган. Ҳудуд файзини йўқотган. “Адизобод” корхонаси ҳам фаолият кўрсатмай турибди. Бу манзарани кўрган Хурсанд Ботировнинг эса жони ачийди. Ёрдам сўраб турли идораларга мурожаат қилгани-қилган. Жавоблар ичида тадбиркорни умидвор қиладиганлари ҳам, кроссвордни эслатувчилари ҳам бор. Мана, унинг 2018 йил 22 июнда Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлигига йўллаган телеграммасига бошлиқ ўринбосари Ш. Шоваҳобов томонидан берилган жавоб: “Шарқ” автовокзалида ечилмай келаётган масалангизни Бухоро шаҳри ҳокимияти ходимлари билан жойига чиққан ҳолда ўрганишни келишган тақдирингизда, агентликнинг Бухоро вилояти бошқармаси мурожаат этган томонидан ходим ажратилишини билдирамиз”.

Табиатан ўжар, қайсар, адолат йўлида отасини ҳам аямайдиган кишилар сирасига кирадиган Хурсанд аканинг асл мақсади нимадан иборат?!

- Президентимизнинг ҳар бир чиқишларини кузатиб бораман,- дейди кекса тадбиркор. - У кишининг халқимиз турмуш даражасини ошириш, одамлар ташвиши билан яшаш тўғрисидаги фикрлари руҳимга руҳ қўшади. Айниқса, давлатимиз раҳбарининг минтақамизда яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш борасидаги ташаббуси биз, ишбилармонлар учун ҳам айни муддао бўлди. Шундан келиб чиқиб, Қирғизистон, Тожикистон, Россия шаҳарларига автобус йўналишларини очиш ниятидаман. Шу орқали туризм ривожига ҳисса қўшмоқчиман, йўловчилар ташвишини енгил қилмоқчиман. Замонавий автобуслар харид қилиш мақсадидаман. Бу лойиҳани амалга ошириш учун хорижий сармоядорлар ҳам топганман. Ниятимнинг амалга ошиши “Шарқ” автобекатини тегишли қарор асосида корхонамизга қайтарилишига боғлиқ.

Тадбиркорнинг чинакам тадбиркор бўлиб етишиши учун йиллар керак бўлади. Хурсанд Ботиров эса вилоятнинг дастлабки ишбилармонларидан саналади. Тажрибаси бор. Малакали. Жонкуяр. Одамларга қулайлик яратай, дейди. Шундай экан, мутасаддилар тадбиркор Хурсанд Ботировга ўз орзу-мақсадларини рўёбга чиқариш учун имконият беришса мақсадга мувофиқ бўларди. Қолаверса, халқимизда “Яхшилик қил, дарёга ташла, балиқ билар, балиқ билмаса, Холиқ билар” деган гап ҳам бор.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи” мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?