Сув бўлмаса, далда бўлар... Ойлаб сувсиз қолаётган янгийўлликлар ҳамон умидвор

Ҳаво ҳарорати юқори даражани кўрсатаётган шу кунларда, “Обод маҳалла” дастурига кирган Янгийўл туманининг А. Ортиқов номидаги қишлоқ фуқаролар йиғинининг Чортоқ маҳалласида сув муаммоси авжига чиқмоқда. Маҳалла ҳудудида аҳолига сув етказиб бериш учун ўрнатилган сув чиқариш насоси Янгийўл тумани ДУК “Сувсоз” балансида бўлиб, намунавий уй-жойларга аҳоли кўчиб келганидан буён ҳар йили мазкур насос 3-4 марта куйиши натижасида ишдан чиқиб тураркан.

“Ҳар сафар насосни таъмирлаш учун (насосни кран ёрдамида кўтариб олиб уни таъмирлашга олиб бориш ва яна кран ёрдамида жойига ўрнатиш) хонадонлардан пул йиғиб уни ўз ҳисобимиздан таъмирлаб келмоқдамиз. Ачинарли бўлса ҳам, бу одатий ҳолатга айланиб улгурди. “Сувсоз” ходимлари сўровимизга асосан келиб-кетишаверади, аммо насоснинг “куйиб” қолиш муаммоси ҳеч ҳал бўлмайди. Мана, бир ҳафтадирки, сувга зормиз. Ҳозирда аксарият яшовчилар сув масаласини узил-кесил ҳал бўлишига ишонмай қўйганлиги сабабли пул йиғиш ҳам муаммога айланди”, - дейди шу маҳаллада истиқомат қилувчи Темур Мўминов.
Эндиликда маҳалла аҳли уйига кичик насос ўрнатган кишининг ҳовлисида навбатда туриб ўз идишларига сув олишга мажбур бўлишмоқда.
“Кўчиб келганимизга тўрт йил бўлди. Чортоқ маҳалласининг 29-хонадонида яшайман. Тўрт йилдан бери сув танқислиги, чироқ ўчиб туриши ҳамда қиш фаслида газ муаммоси бизни қийнаб келмоқда. Икки ҳафта сув бўлса, бир ой бўлмайди. Ичаётган сувимиз ҳам ичишга яроқли эмас”, - дейди ўзини Раъно Бегалиева.
Абубакр Мўминов эса чиқиндилар муаммоси ҳал бўлмаётганини айтса, бошқаси яқин атрофда на мактаб бор, на боғча бор, на поликлиника борлигидан шикоят қилади. Аммо уларнинг маҳаллий ҳокимият вакиллари йўлига кўз тутишлари ҳам бесамар кетмас, ҳадемай уларнинг қораси кўриниб қолса, ҳаммаси яхши бўлиб кетишига умид одамларга далда бериб турибди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг