Сурхондарёдан 24 давлатга 150,4 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди

18:43 15 Сентябр 2020 Жамият
1207 0

Бугун Халқ депутатлари Сурхондарё вилояти кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди.

Видеоалоқа шаклида “Zoom” дастури орқали бўлиб ўтган сессия ишида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари, вилоятдан Олий Мажлис Сенатига сайланган сенаторлар, кун тартибидаги масалаларга алоқадор корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда оммавий-ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияда дастлаб Президентимизнинг «2020-2022 йилларда Сурхондарё вилоятининг Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тўғрисида»ги қарори ижроси юзасидан Денов тумани ҳокими Б. Иботовнинг ҳисоботи тингланди.

Қайд этилдики, мазкур ҳужжат билан 2020-2022 йилларда Денов тумани ва унинг марказини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари дастурининг мақсадли параметрлари ва молиялаштириш манбалари тасдиқланган. Унга кўра, биргина жорий йилда қиймати 603 миллиард 420 миллион сўмлик 181 та лойиҳа амалга оширилади.

Туманда йил бошидан буён саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги йўналиши бўйича қиймати 14 миллион 742 миллион сўмлик 11 та лойиҳа бажарилиб, 67 та янги иш ўрни яратилди. Саноат тармоқларини ривожлантиришда тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш, маҳаллий хом-ашёдан экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали валюта тушумини ошириш учун 2 та лойиҳа бўйича 991 минг доллар қийматидаги маблағ ўзлаштирилди.

Бундан ташқари, ижтимоий соҳалар, йўл-транспорт инфратузилмаси, ичимлик сув таъминоти ва канализация тармоқлари, электр энергияси ва газ тизими, кўп қаватли уй-жойлар қурилиши, ободонлаштириш-таъмирлаш, ахборот-коммуникация технологиялари, туризм каби йўналишларда олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шундан сўнг сессияда вилоят ҳокимининг ўринбосари – вилоят инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи А.Ориповнинг «2020 йил учун экспорт прогноз кўрсаткичларини бажариш, маҳаллий экспортёрларни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар ижроси тўғрисида»ги ҳисоботи тингланди.

Таъкидланишича, жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 253 та ҳудудий корхона томонидан 24 та давлатга 150,4 миллион долларлик 291 турдаги маҳсулот экспорти амалга оширди. Шундан 87,4 миллион доллари саноат, 63 миллион доллари мева-сабзавот маҳсулотларидир.

Ҳисобот даврида 132 та тадбиркорлик субъекти экспорт фаолиятига янгидан жалб этилиб, улар томонидан 54,4 миллион долларлик маҳсулот хорижга жўнатилди. Жорий йилда воҳанинг экспорт географияси Сингапур, Эстония, Қирғизистон каби давлатларга кенгайди. Хусусан, Сингапур ва Эстонияга 1,9 миллион долларлик қурилиш материаллари, Қирғизистонга 6,5 миллион долларлик тикув трикотаж ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилинди.

Сессияда муҳокама қилинган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

Илҳом Раҳматов, 
«Халқ сўзи» мухбири.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер