Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқандда юз берган овқатдан заҳарланиш ҳолати юзасидан расмий баёнот берди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида жорий йил 22 октябр куни қайд этилган овқатдан заҳарланиш ҳолати бўйича қуйидагиларни маълум қилади.
Вилоят юқумли касалликлар шифохонасига 22 октябр соат 13.00 дан 23 октябр соат 17.45га қадар 17 нафар фуқаро кўнгил айниши, бош оғриғи, қорин соҳасида оғриқ, 4-5 марта ич кетиши, тана ҳароратининг кўтарилганлиги, ҳолсизлик каби касаллик белгилари билан мурожаат қилишган. Шифокорлар кўригидан сўнг уларга “Овқат токсикоинфекцияси, ўрта оғир даражаси” бирламчи ташхиси қўйилиб, касалхонага ётқизилган. Беморларнинг 11 нафари эркак, 3 нафари аёл, 3 нафари 14 ёшгача бўлган болалардир. Беморлардан 4 нафарининг аҳволи ўртача оғирликда, 13 нафари эса енгил. Шифохонада беморларга малакали тиббий хизмат кўрсатилмоқда, дори-дармон заҳиралари етарли. Беморлардан лаборатория таҳлили учун биологик намуналар олинган, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ахборот хизмати хабарида.
Ўтказилган бирламчи эпидемиологик суруштирув натижасида аниқланишича, беморлар жорий йил 21-22 октябр кунлари Самарқанд шаҳар Саттепо мавзесидаги “Табиат саховати” деҳқон бозори ёнидаги киоска кўринишидаги будкада фуқаро Ғулом Муродов томонидан сотилаётган хот-догдан истеъмол қилишган. Хот-дог таркибида нон, сабзи салат(марковча), бодринг, помидор, сувда пиширилган тухум, пиширилган колбаса, сосиска, кетчуп ва уй шароитида тухум ва ўсимлик мойидан тайёрланган майонез бўлган.
Фуқаро Ғ. Муродов ўз фаолиятини ўрнатилган тартибда расмийлаштирмасдан, тиббий кўрикдан ўтмасдан, ноқонуний равишда фаолият олиб борган. Хот-дог тайёрланган будка санитария-гигиена талабларига мутлақо жавоб бермайди, ичимлик суви билан таъминланмаган, маҳсулотларни сақлаш ва сотиш учун талаб этиладиган санитария шароитлари йўқ. Ҳудудий санитария-эпидемиология хизмати томонидан фуқаро Ғ. Муродовга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиб, жарима солинди ва унинг фаолияти тўхтатилди. Маҳсулотлардан лаборатория таҳлили учун намуналар олинди, қолган маҳсулотлар эса савдодан олиниб, белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Касаллик қайд этилган ҳудудда республика, вилоят ва Самарқанд шаҳар санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари томонидан профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилмоқда.
Самарқанд шаҳрида қайд этилган мазкур вазият Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан назоратга олинган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва БААнинг «Манара» маркази ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
- Эҳтиёжманд оилаларга электр ва газ бўйича компенсация берилади
- Ўзбекистонда доимий аҳоли сони ҳар куни неча кишига ошяпти?
- Танзила Нарбаева Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей ассамблеяси Президенти этиб сайланди
- Баҳодир Жалолов профессионал боксда илк бор тўлиқ 10 раунд жанг ўтказди
- Шаҳрам Ғиёсов тажрибали рақибини муддатдан олдин мағлуб этди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг