Шифокор калтак еди, жиноятни яшириш учун туман ҳокими ва бош имом хатиб ўртага тушди

00:12 15 Февраль 2019 Жамият
1033 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Элёржон Эҳсонов/Фарғона. 24 январь куни Бувайда туманидаги Найман қишлоқ врачлик пунктида ўз вазифасини бажараётган умумий амалиёт шифокори Мўйдинжон Жўраевни “Жов” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Н.У. калтаклади.

Бу хабарни эшитиб шифокор Мўйдинжон Жўраев билан учрашдик.

— Ҳа, ҳақиқатан ҳам шундай воқеа бўлди, — деди биз билан суҳбатда Мўйдинжон Жўраев. — Ўша куни чақалоқлар эмланаётган эди. Жов маҳалласида яшовчи аёл уч ойлик чақалоғини эмлатишга олиб келди. Аммо унда чесотка яъни қичима касаллиги борлигини аниқладим. Бола қачонки соғ-саломат бўлса, эмлаш унинг соғлиғига хавф туғдирмаса, кейин эмланади. Мен у аёлга “Фарзандингизни дерматолог кўригига олиб боринг. Бу юқумли касаллик. Қанча тез тузатсангиз шунча яхши”, дедим. Ҳар бир беморни кўрикдан ўтказганимиздан сўнг албатта қўл ювишимиз керак. Мен ҳам кейинги болани тиббий кўрикдан ўтказиш учун қўлимни ювгани ташқарига чиқдим, келсам аёл ҳалиям кетмабди. Мен унга “Тезроқ болангизни марказий поликлиника, дерматологга олиб боринг” дедим.

Бир соатлардан кейин хонага бир ёши каттароқ киши ва йигит кириб келди. “Сизми келинойимни ҳақорат қилган”, деб менга ўдағайлай бошлади. Аввалига ҳеч нарсани тушунмадим, кейин у йигитнинг гап-сўзларидан ўша чесотка тошган боланинг амакиси эканлигини англадим. У бола менга дўқ-пўписа қилиб, мушт туширишга шайланаётган пайтда ҚВПнинг катта фельдшери Рўзали Ваҳобов келиб қолди. У киши йигитнинг қўлидан маҳкам ушлаб, “Эй, бола, нима қиляпсан, тинчликми?”деб турган жойида йигит пешонамга боши билан бир солди. Пешонамдан тирқираб қон чиқиб кетди. ҚВПнинг ўзида ҳамширалар менга биринчи ёрдамни кўрсатди ва мени ҳамкасбим Аҳмаджон Умаровнинг ўғли машинасида туман тиббиёт бирлашмасининг тез тиббий ёрдам бўлимига олиб келишди. Пешонам йиртилган экан, у ерда тикишди.

— Мен касал кўргани чиқиб кетгандим, — деди Мўйдинжон Жўраевнинг ҳамкасби Аҳмаджон Умаров. — Келганимда Мўйдинжоннинг пешонасини ҳамширалар боғлашаётган экан. “Жароҳатни тикиш керак”, дейишди. Мен ўғлимни “Машинани олиб чиқ”, деб чақирдим. Машинада Мўйдинжонни туман тиббиёт бирлашмасига олиб бордик.

Аслида ҳудуд катталиги учун 6 штат бирлигида олий маълумотли умумий амалиёт шифокори ишлаши керак. Аммо 1 февралгача фақат икки киши ишладик. Қишлоқ жойларида бир ставкада ишлайдиган шифокор 700 нафар аҳолига хизмат кўрсатиши керак. Бироқ 11 минг аҳолига икки киши қараймиз. Мана шу кунларда ҳам бир кунда 60 нафаргача беморни қабул қиляпмиз. Бунга жисмонан улгуриш қийин. Айниқса, ҳозир ўткир респиратор, нафас йўли, камқонлик, шамоллаш, бронхит, тонзиллит каби касалликлар кўпайган пайтда. Ундан ташқари, тиббий кўрикка ҳам кўпчилик келади.

Эмлама куни одам кўп бўлади. Дўхтир беморга нима деганини билмайман, аммо аёл киши уйига бориб, дўхтирнинг гапини бошқача талқин қилган бўлиши мумкин.

Қишлоқ врачлик пунктида фақат умумий амалиёт шифокори бўлади холос, қишлоқ оилавий поликлиникасида эса барча соҳадаги мутахассислар ишлайди. Биз ташхис қўйиб, касални мутахассисга йўналтирамиз. Масалан, беморга жарроҳ кўриги керакдир ёки аёлларга гинеколог кўригига йўлланма ёзиб берамиз, — деди Аҳмаджон Умаров.

Найман ҚВП 11 мингдан ошиқ аҳолига хизмат кўрсатади. 14 ёшгача бўлган болалар икки минг нафар. Бу ерда 12 нафар патронаж ҳамшираси меҳнат қилади. Уларга 750 — 780 нафардан киши тўғри келади. Икки нафар умумий амалиёт шифокори ҳам пенсия ёшидаги кишилар.

Аҳмаджон Умаровнинг айтишича, агар ёшлар бу ерга ишга келса, бемалол уларга ўрин бўшатиб, пенсияга чиқиб кетишга рози. ҚВПда олий маълумотли шифокорлар йўқлиги учун иккала ходим ҳам ноилож ишламоқда.

— Мўйдинжон боласи билан келган аёлга нима деганини билганим йўқ, аммо Мўйдинжонни ўша йигит урганига гувоҳман. Мен иккаласини ажратаётганимда йигитнинг дадаси “Аралашманг, дўхтир, иккаласи гаплашволсин”, деди. Йигитнинг иккала қўлини ҳам ушлаб олдим, шунда у боши билан дўхтирни икки қоши ўртасига бир солди. Дарров дўхтирга биринчи ёрдам кўрсатдик ва участка инспекторини чақирдик, — деди ҚВП катта фельдшери Рўзали Ваҳобов.

— Энди бу мавзуни ёритишни нима кераги бор?! — деди ўзини “Найман” МФЙ мутахассисиман деб таништирган аёл. — Дўхтир у йигитни кечирди. У йигит ҳам дўхтирдан кечирим сўради.

Бизнинг “Ўша йигитнинг қилган иши тўғри эдими?” деб берган саволимизга “Ҳозир Президентимиз ҳам кечиряпти-ку, дўхтир ҳам кечирса бўлаверади”, дея жавоб қайтарди у.

“Жов” МФЙ раиси эса исмини айтишни хоҳламади ва йигитнинг дўхтирни ургани ҳақидаги муаммо йўқлигини айтиш билан чекланди.

— Бирор муаммо бўлса менинг ўзим сизга қўнғироқ қиламан, — деди раис бува, — ҳозирча ҳеч қандай муаммо йўқ.

33 йиллик меҳнат стажига эга бўлган, шу йиллар давомида минглаб беморларни даволаган шифокор ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиб Бувайда тумани Халқ қабулхонасига келса-ю, унинг арз-додини эшитиш, жавобгарга муносиб жазо бериш ўрнига туман ҳокими, туман бош имом хатиби калтак еган дўхтирни кечиришга даъват қилиши қайси мантиққа тўғри келади? Уларнинг бу иши туманда жиноятчилик яна биттага ортмаслиги учун қилинган ҳаракат экан. Наҳотки, жиноятчиликка қарши шундай курашилса?!

— Менга туман ҳокими ва имом хатиби “У йигитни кечиринг, даъво-достоним йўқ деб ёзиб беринг. Туманимизда жиноятчилик сони ошиб кетмасин”, дейишди. Шундан кейин мен даъво аризамни қайтариб олдим, — деди Мўйдинжон Жўраев.

Аммо бу ҳақда кенг жамоатчиликка билдириш кераклигини, шифокорларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш учун қандайдир амалий ишлар қилиниши зарурлигини айтиб ўтди.

“Муштумзўр”ни қидириб унинг устахонасига бордик. Машина тузатадиган уста экан. Аммо ўзи билан юзма-юз учрашолмадик. Телефон орқали боғланганимизда, у йигит ҳам айни раҳбарларнинг гапини такрорлади.

— Ҳаммаси яхши, биз келишиб олдик!

Бу ҳол ҳаммада “Маза қилиб ураман, кейин ҳоким ва туман бош имом хатибини ўртага қўйиб бир оғиз кечириб сўрасам, жабрланувчи билан келиштириб қўйишади”, деган фикрни уйғотмайдими?

Ўзи шундоқ ҳам етишмаётган олий маълумотли, катта тажрибага эга бўлган шифокорларнинг ҳар бирининг эшиги ёнига биттадан посбон қўйиш вақти келдимикан, ёки?!

“Халқ сўзи ONLINE” бу мавзуга яна қайтади.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019