Шерободда йирик цемент заводи ишга туширилди

18:20 20 Август 2018 Жамият
10493 0
Фото: Илҳом Раҳматов / "Халқ сўзи"

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан бунёд этилган янги цемент заводи ишга туширилди. Бу ҳақда “Халқ сўзи“ мухбири Илҳом Раҳматов хабар бермоқда.

Шу муносабат билан уюштирилган тадбирда Сурхондарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Б. Пўлатов, “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти раиси А. Хурсандов, Туркиянинг “Dal texnik makina tigaret ve sanayi a.s.” фирмаси вакиллари ҳамда вилоят, туман жамоатчилиги иштирок этишди. Унда қайд этилганидек, Президентимизнинг 2016 йил 10 октябрдаги “Сурхондарё вилояти Шеробод туманида цемент заводи қурилиши инвестицион лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан “Олмалиқ кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти томонидан бунёд этилган заводнинг технологик қисмини Туркиянинг “Dal texnik makina tigaret ve sanayi a.s.” фирмаси амалга оширди.

- Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ўтган йили вилоятимизга ташрифи чоғида туманимизнинг Вандоб қишлоқида барпо этилаётган цемент заводи лойиҳачи ва қурувчилари билан учрашиб, қурилиш суръатини жадаллаштириш бўйича аниқ топшириқлар берган эдилар, - дейди Шеробод тумани Ҳокими Ў. Бобоқулов.– Ўшанда Сурхондарё вилоятида иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш, саноат корхоналарини техник ва технологик янгилашга доир истиқболли лойиҳалар қаторида мазкур инвестицион лойиҳа алоҳида урғу берилганди. Дарҳақиқат, мамлакатимиз мустақиллигининг 27 йиллиги арафасида ишга туширилган йирик цемент заводи нафақат вилоят, балки, мамлакатимиз иқтисодиётида муҳим ўрин тутишиши шубҳасиз.

Фото: Илҳом Раҳматов / "Халқ сўзи"

Ушбу инвестицион лойиҳани амалга ошириш учун айнан Шеробод тумани танлангани бежизга эмас. Бу ерда улкан хом ашё захирасига эга цемент, оҳактош ва тупроқ(глина) конлари мавжуд. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 212,8 миллион долларни ташкил этиб, корхонада йилига 1,5 миллон тонна сифатли портланд цемент ишлаб чиқарилади. Эндиликда 1200 нафар маҳаллий аҳоли доимий иш таъминланади.

Корхонада ишлаб чиқариладиган юқори сифатли цемент маҳсулотлари нафақат ички бозорда сотилади, балки, унинг маълум қисми қўшни Афғонистонга ҳам экспорт қилиниши кўзда тутилмоқда.

“Ўзқурилишматериаллари” акциядорлик жамияти маълумотига кўра, ҳозирда мамлакатимиздаги та 14 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан 9,1 миллион тонна маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Жорий йил якунига қадар 3 миллион тоннадан зиёд бўлган 8та, келгуси йилда ишлаб чиқариш қуввати 4,7 миллион тонна бўлган яна 9 та лойиҳа амалга оширилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?