Самарқанд яна бир халқаро анжуманга мезбонлик қилмоқда.

Самарқандда “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуидаги халқаро анжуман ўз ишини бошлади.
Маълумки, бу йил буюк ватандошимиз, ҳадис ва фиқҳ илмининг равнақига улкан ҳисса қўшган йирик аллома Абу Мансур Мотуридий таваллудига 1150 йил тўлади.
Марказий Осиёда калом илмининг ривожланишида Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлганлиги тарихий манбалардан бизга яхши маълум. IX асрнинг охири ва X асрнинг биринчи ярмида Имом Мотуридий диннинг асл моҳиятини очиб бериш, соф исломий ақидани сақлаб қолиш борасида беқиёс ишларни амалга оширган. Ҳанафий мазҳаби асосчиси Абу Ҳанафанинг таълимотига суянган ҳолда ўзига хос калом мактабини яратган.
Таъкидлаш керакки, кейинги йилларда юртимизда муқаддас ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган улуғ алломалар ҳаёти ва фаолиятини, улардан мерос қолган асарларни ўрганишга қаратилган алоҳида эътибор туфайли Имом Мотуридий ва унинг Мотуридия таълимоти ҳам кенг тадқиқ этилмоқда.
Бу ишларнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Мисрнинг ал-Аҳзар мажмуаси ҳамкорлигида 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва Мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзуида халқаро конференция ташкил этилди.
Мазкур нуфузли анжуманда иштирок этиш учун дунёнинг йигирмага яқин мамлакатидан олимлар, диний уламолар, халқаро ташкилотлар вакиллари Самарқандга келди. Жумладан, ушбу халқаро конференцияда қатнашиш учун Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб ҳам Самарқандга ташриф буюрди.
Самарқанд халқаро аэропортида мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқа расмий кишилар кутиб олди.
Бугун Форумлар мажмуасида анжуманнинг асосий тадбирлари бошланди. Халқаро конференция доирасида меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги Имом Мотуридий ёдгорлик мажмуаси ва бошқа муқаддас қадамжолар, тарихий обидаларни зиёрат қилиши, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот мажмуаси ва Ҳадис илми мактаби билан танишиши кўзда тутилган.
Муаллиф: Абдулазиз Йўлдошев
(Халқ сўзи)
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
- «Air India» фожиасидаги тирик қолган ягона йўловчи ҳикояси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг