Самарқандда аслида нималар бўлган эди?

14:01 14 Июль 2018 Сиёсат
2644 1
Самарқанд шаҳри.

13 июль куни Халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари эллик учинчи сессияси бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати раиси И. Абдуллаев иштирок этди.

Сессияда Бош вазир вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида қатор муаммолар, йўл қўйилган камчиликларга тўхталди. Хусусан, вилоятда экспорт масаласида аҳвол ёмон эканлиги, айниқса, қурилиш ишларида ўзибўларчиликка ташлаб қўйилганлиги, порахўрлик ва бюрократизм авж олганлиги кескин танқид қилиниб, Президентимизнинг 17-18 март кунлари вилоятга ташрифи давомида берган топшириқларини бажаришда сусткашликка йўл қўйилгани, натижада вилоят иқтисодиётида, шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий ҳаётида юзага келаётган муаммоли вазиятлар ўзгаришсиз қолиб кетаётганлиги таькидланди.

Бу фикрларни ярим йиллик якунлари натижалари ҳам исботлаб турибди. Масалан, вилоятдаги 4 та йирик саноат корхонасида ишлаб чиқариш ҳажми пасайиб кетганлиги оқибатида 288 миллиард сўмлик маҳсулот ҳажми йўқотилган. Бундай салбий ҳолат, албатта, ушбу корхоналарда ишчи ўрни қисқаришига олиб келади. Шунингдек, вилоятда саноат корхоналарини қўллаб-қувватлаш ишлари эътибордан четда қолмоқда. Жумладан, вилоятнинг республика саноатидаги улуши 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида 6,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2018 йилнинг шу даврида 5,3 фоизни ташкил этиб, 1,5 фоизга камайиб кетган.

Жорий йилнинг 1 июлига қадар ишга туширилиши лозим бўлган 16 та йирик саноат лойиҳалари амалга оширилмаган. Вилоят табиий минерал хомашё ресурсларига бой бўлиб, улардан самарали фойдаланиш тўғри йўлга қўйилмаган. Мисол учун, Пахтачида каолин, гранит, гипс, Нарпайда цемент, керамзит, қум-шағал, керамика, Нурободда цемент, мармар, оҳак, гипс ва бўр, Иштихонда мармар ва керамика каби замонавий қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаган. Мазкур шаҳар ва туманлар ҳокимлари ўтган олти ой давомида биронта ҳам тадбиркор билан учрашмаган, аксинча тадбиркорликни ривожлантиришига тўсиқ бўлган.

Энг ачинарлиси, вилоятда фаолият кўрсатмаётган саноат корхоналари ўтган йилга нисбатан 65 тага кўпайиб, бугунги кунда 238 тага етган. Вилоятда 6 ойликда экспорт прогнози атиги 62 фоизга таъминланган.

Кичик бизнесни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, қулай инвестиция муҳитини яратиш масалаларига умуман эътибор қаратилмаган. Бунинг оқибатида бугунги кунда вилоятда рўйхатдан ўтган 18 минг 856 та кичик бизнес субъектларининг 3 минг 458 таси ёки 18 фоизи фаолият кўрсатмаяпти. Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказилган 805 та тадбиркорлик субъектлари банкдан умуман ҳисоб рақам очмаган.

Инвестиция дастури доирасида 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида умумий қиймати 356 миллиард сўмлик 446 та лойиҳани амалга ошириш орқали 2 774 та янги иш ўринлари ташкил этиш белгиланган. Бироқ 1 июль ҳолатига амалга ошиши лозим бўлган 58 миллиард сўмлик 44 та лойиҳа ишга туширилмаганлиги оқибатида 324 та янги иш ўринлари яратилмасдан қолган.

Жорий йилда ғаллачилик бўйича 153 та фермер хўжалиги шартнома мажбуриятини бажармаган. Шунингдек, 2018 йил ҳосили учун вилоят бўйича 2 490 тонна пилла тайёрлаш белгиланган бўлиб, амалда 390 тонна пилла топширилмади.

Ёшлар билан ишлаш тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида 2018 йилнинг ўтган даврида 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар томонидан жами 590 та турли кўринишдаги жиноятлар содир этилган.

“Обод қишлоқ” дастурига асосан бу йил вилоятдаги 94 минг аҳоли яшаётган 29 та, келгуси йил яна 119 минг аҳоли яшаётган 42 та қишлоқ обод қишлоққа айлантирилиб, бу ерда яшаётган ҳалқимиз учун зарур бўлган шароитлар яратилади. Бироқ, вилоятда “Обод қишлоқ” дастури ижросини таъминлаш ишлари суст бормоқда.

Сессияда Бош вазир вилоятдаги яна бир қатор камчиликларни жиддий танқид қилиб, бунга вилоят ҳокимининг фаолиятидаги жиддий нуқсонлар сабаб эканлигини қайд этиб ўтди. Шунингдек, ишлаб чиқариш, аҳоли уй-жойлари, ижтимоий соҳа объектлари қуриш учун қилган мурожаатларини вилоятдаги соҳа раҳбарлари фақат манфаат эвазига ҳал қилиб берганига алоҳида тўхталди.

Самарқанд шаҳрининг тарихий қисмида ЮНЕСКОнинг талабларига зид равишда қурилиш ишлари олиб борилган ва бунга била туриб рухсат берилган. Айрим ҳолларда тарихий-маданий объектлар бузилишига сабаб бўлган. Хорижлик сайёҳлар Самарқандга янги биноларни эмас, асосан тарихий-маданий иншоотларни томоша қилиш мақсадида ташриф буюришини вилоят ҳокими, соҳага масъул бўлган шахслар инобатга олмаган.

Шундан кейин сессияда ташкилий масалалар кўрилди. Туробжон Жўраев Самарқанд вилояти ҳокими вазифасидан озод этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тавсиясига кўра, шу вақтгача Сурхондарё вилояти ҳокими бўлиб ишлаб келган Эркинжон Турдимов Самарқанд вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тасдиқланди.

“Бундан 13 ой олдин Туробжон Жўраевнинг номзоди вилоят ҳокими лавозимига тавсия этилганда, унинг Халқ таълими вазири, Молия вазирининг ўринбосари, Бекобод тумани, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг ҳокими бўлиб ишлаганидан, бир сўз билан айтганда, босиб ўтган ҳаёт йўлидан қониққан эдик. Тан олиб айтаман, бундай тажрибали инсон келишини Самарқандимизнинг омади, деб ҳисоблаганман. Ҳозир намойиш қилинган видеолавҳани томоша қилиб, Бош вазиримизнинг маърузасини тинглаб, бояги қониқиш ва хурсандчилигимиз ғазаб ва нафратга айланди.

Одамзотнинг тили билан виждони бошқа-бошқа бўлар экан. У жамиятда ким эканлигидан қатъий назар, нафсга қул бўлиб қоларкан. Бу иллатни пайдо бўлишига, авваламбор, биз, депутатлар, жамоатчилик вакиллари йўл қўймаслигимиз керак эди. Шунча ишлар бўлиб ўтса-ю, наҳотки ҳеч биримиз бунга қаршилик қила олмадик?! Кўзимиз қаёқда экан, ўша пайтда?

Кимсан, вилоятнинг биринчи раҳбари, давраларда ҳамманинг қўли кўксида, ҳурмат-иззатинг жойида бўлиб туриб ҳам шу ишга қўл уриш мумкин эканда. Энг ёмони, Юртбошимизнинг ишончи суиистеъмол қилинди, халқимизнинг ишончи эса поймол бўлди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги энг кекса депутат, “Нуроний” жамғармаси вилоят кенгаши раиси сифатида мен ўзимни кечира олмайман.
Мана шу лоқайдлигимиз, эътиборсизлигимиз, бепарволигимиз учун, энг аввало Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромоновичдан, Самарқанд халқидан кечирим сўрайман”, - дейди “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими кенгаши раиси, вилоят Кенгаши депутати Ҳасан Нормуродов.

Буни эшитган одамларнинг “Эҳ, номард! Президент бағрикенглик қилиб сенга иккинчи марта имконият берган эди-ку. Жонингни жабборга бериб, ҳалол ишласанг бўлар эдику.” – деган хитоблари бугун кўча–кўйда кенг янграмоқда.

Маьлумки, Президентимиз Шавкат Мирзиёев лавозимига киришганидан сўнг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонунни имзолаб, мансабдорлар ва ҳокимият вакиллари қандай ишлаши кераклигини бот-бот такрорлаб келди. Шунга қарамасдан мансабдор шахслар томонидан содир этилган жиноятлар бартараф этилмаётганлиги ниҳоятда ачинарлидир.

Ҳа, Юртбошимиз фаолиятининг дастлабки кунларида “Бизнинг биринчи галдаги вазифамиз — муаммони тик қарши олиш, уларни ҳал қилиш, адолатни таъминлаш, бошбошдоқлик ва коррупцияга чек қўйиш, инсонлар ҳаётини яхшилашдир”, деган эди.

Туробжон Жўраев.

Бироқ, Самарқанд вилоят ҳокими лавозимида ишлаб келган Туробжон Жўраев ўзининг шахсий манфаатлари йўлида Президент ишончини суиистеъмол қилганлигини қандай баҳолаш мумкин? У муаммоларни жойида ҳал этиш, вилоят аҳолисига ёрдам кўрсатиш ўрнига пора олишнинг бутун бир вертикал тизимини яратганлиги одамлар қалбида чексиз нафрат туйғусини уйғотди.

Самарқанд вилоят ҳокимлигида турар жойлар қуриш учун рухсатнома бериш, ер участкаларини тақсимлашда ўзига хос “ставка” жорий этилган. Тергов-суриштирув ишлари давомида Туробжон Жўраевнинг ўзи бу борада бирор нарсани инкор этмаган. Вилоят ҳокимлигида ишловчи шахслар — ҳокимнинг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаев, қурилиш ишлари бўйича мутахассис — Баҳодир Хўжақулов ва вилоят ҳокимининг ёрдамчиси — Ботир Абдуллаев ҳам мазкур жиноий ишга алоқадор ҳисобланмоқда.

Қилни қирқ ёрадиган ҳуқуқ идораларимиз томонидан ноқонуний йўл билан топилган барча мол-мулк ва моддий бойликлар рўйхатга олинган. Барча фактлар бўйича жиноий иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Айбланувчилар ҳибсга олинган.

Айбдорлар албатта, қонун доирасида жазосини олади. Лекин Юртбошимиз томонидан ҳар томонлама демократик принциплар асосида мамлакатни ривожлантиришга асосий эьтибор қаратилаётган бир пайтда, ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати эьзозланаётган шундай ажойиб даврда бундай эзгу ишларга бажонидил ҳисса қўшадиган, Президент билан, оддий халқ билан елкама-елка турадиган лавозимдаги бундай кимсаларнинг хурмача қилиқлари ҳалол одамларнинг юрагига ханжардек ботади. Афсус, минг афсус...
Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.


Изоҳлар


Nodir Temirov

Uktam Mirzayor (mirzashoir@mail.ru):

Таҳририятга, дадил жамоага Раҳмат. Биз кутаётган материал бўлибди.

05:0315.07.2018

Кўп ўқилганлар