Саид Аҳмад Бухорий: Ўзбекистон Президентининг ташаббуслари бутун ислом оламида қувонч, ғурур-ифтихор уйғотди

11:02 14 Март 2018 Маданият
972 0
Фото: Getty Images

Мамлакатимизга Ҳиндистоннинг Деҳли шаҳри жоме масжиди бош имоми, Ҳиндистондаги нақшбандия тариқати етакчиси Саид Аҳмад Бухорий бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.

Меҳмонлар юртимизда ислом дини ривожи йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан танишиш, табаррук қадамжоларни зиёрат этиш, қадимий обидалар, тарихий ёдгорликларни кўздан кечиришни мақсад қилганлар.
Делегация аъзолари дастлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университетида бўлиб, бу ерда ўқитувчи ва талабалар учун яратилган шароитлар билан танишди.

Мамлакатимизда инсон манфаатлари ҳамда эркинликларини таъминлашга, миллий ва диний қадриятларни янада юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, йўлга қўйилган диний таълим тизими замонавий талабларга жавоб беради. Тошкент ислом университетида юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, диний бағрикенглик тамойиллари асосида тарбияланган мутахассислар етишиб чиқмоқда.

Айни пайтда мазкур ўқув даргоҳида диний ҳамда дунёвий фанлар ўзаро уйғунликда ўрганилиб, илмий тадқиқотлар олиб борилаётир. Жумладан, университет қошида таъсис этилган Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази Қуръони карим ва ҳадисларнинг диний ақидапарастлик ҳамда мутаассибликка қарши курашдаги ўрнини очиб бериш, ислом маданиятининг умуминсоний маданият ривожига қўшган ҳиссасини тизимли ўрганиш ва бошқа йўналишларда самарали фаолият юритмоқда.

— Қутлуғ заминингизга қадам қўйишимиз билан қалбимизни чексиз қувонч, сурур эгаллаб олди, — дейди Саид Аҳмад Бухорий жаноблари. — Зеро, бу тупроқ не-не муборак зотларни камолга етказган. Уларнинг қилган ишлари, илму амалидан таралган ёғду бугун ҳам инсонлар қалбини ёритиб, юртингизда эзгулик соғиниб яшаш, меҳр-оқибат, бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаб турибди.

Ўзбекистонда ислом динини янада ривожлантиришга йўналтирилган ишлар таҳсинга лойиқ. Самарқандда Имом Бухорий номидаги халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси фаолиятининг йўлга қўйилиши дунё аҳли эътиборини яна бир бор мамлакатингизга қаратди. Ўзбекистонда “Жаҳолатга қарши маърифат” тамойили асосида олиб борилаётган ишлар, илмнинг ҳамма учун очиқлиги таъминланаётгани бугун тобора долзарблашиб бораётган дин масаласидаги жаҳолатга барҳам беришда муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон раҳбарининг БМТ Бош Ассамблеясининг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган 72-сессиясида сўзлаган нутқи бутун дунёда, жумладан, Ҳиндистонда катта қизиқиш билан кутиб олинди. Президентингиз ислом дини эзгулик ҳамда тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини алоҳида таъкидлади. Ўз навбатида, муҳим таклифларни ўртага ташлади. Хусусан, Шавкат Мирзиёевнинг БМТнинг “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббуси бутун ислом оламида қувонч, ғурур-ифтихор уйғотди. Бу таклифлар ҳозирги мураккаб давр учун ғоят долзарб аҳамиятга эга. Экстремизм, радикализмга қарши курашишда исломнинг асл манбалари — Имом Бухорий, Ҳаким ат-Термизий ҳадислари, Насафий тафсирларига мурожаат қилиш керак. Ўйлайманки, ислом маданиятини тушунмоқчи бўлганлар, албатта, Ўзбекистонга келишлари зарур. Бу ҳам илм, ҳам зиёрат бўлар эди.

Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада рўй бераётган ижобий ўзгаришлар, зиёрат туризмини қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, юртингиздаги табаррук манзилларда сайёҳлар учун яратилаётган қулай шароитлар бу борада муҳим ўрин тутади.
Тадбир давомида меҳмонлар Тошкент ислом университетида сақланаётган халифа Усмон Мусҳафи нусхаси, Бурҳониддин Марғиноний ўз қўли билан ёзган “Ал-Ҳидоя” асари, таълим даргоҳида олиб борилаётган илмий изланишлар билан таништирилди.

— Ўзбекистон — ислом дини ва маданияти тараққиётига пойдевор қўйган алломалар юрти, — дейди Деҳли шаҳри жоме масжиди бош имомининг Уттараканд штати шариат ишлари бўйича бош маслаҳатчиси Мавлоно Зоҳид Раза Ризви. — Тошкент ислом университетида йўлга қўйилган таълим жараёни, бу ерда талабалар учун яратилган қулай шароитлар билан танишиб, қутлуғ заминингизда улуғ аждодларига муносиб ворислар улғаяётганига яна бир бор ишонч ҳосил қилдик.
Ташриф дастурига мувофиқ, меҳмонлар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раҳбарияти билан учрашув ўтказади. Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси фаолияти билан танишади. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро, Хива, Термиз ҳамда Андижон шаҳарларида бўлишади.
Дилшод КАРИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Маълумот ўрнида:
Деҳли шаҳри жоме масжиди ёки Жума-Масжид катталиги жиҳатидан дунёда саккизинчи ўринда туради. Унинг қурилиши бобурийлар сулоласи вакили Шоҳжаҳон (“Тожмаҳал” бунёдкори) томонидан бошланиб, олти йил давом этган. Масжидда бир вақтнинг ўзида 25 минг киши ибодат қилиши мумкин. Бу ерда 400 йилдан буён асли Марказий Осиёдан бўлган бухорийларнинг ўн уч авлоди хизмат қилиб келмоқда. Саид Аҳмад Бухорий ҳам ушбу силсиланинг давомчисидир.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар