Қудратилло Абдуқаҳҳоров навбатдаги жангини япониялик жиддий рақибга қарши ўтказади

11:29 16 Октябр 2018 Спорт
2210 0
Фото: Sportal.uz

Профессионал бокснинг ярим ўрта (-66,67 кг) вазн тоифасида рингга чиқадиган ўзбекистонлик Қудратилло Абдуқаҳҳоровнинг навбатдаги жангдаги рақиби аниқ бўлди. Бу ҳақда спортчининг ўзи “Халқ сўзи Online”га маълум қилди.

Қудратиллонинг навбатдаги рақиби япониялик Кеита Обара бўлади. Ноябрда 32 ёшга тўладиган Кеита шу кунга қадар 24та жанг ўтказган бўлиб уларнинг 20тасида ғалаба қозонган (18 нокаут), 3 марта мағлубиятга учраган, битта жангда дуранг натижа қайд этилган. Ҳозирда спортчи ярим ўрта вазннинг WBO йўналишида Осиё-Океания камари соҳиби саналади. Обара айни вақтда IBF йўналишида рейтингда олтинчи, WBO йўналишида эса 15-ўринда бормоқда. Кеита 2016 йилда IBF ва IBО йўналишлари чемпионлик камари учун рингга чиқиб, россиялик Эдуард Трояновскига имкониятни бой бериб қўйганди.

“Америкада уч ой давомида шуғулланиб, рақиб топа олмадик. Негадир улар бизнинг таклифларимизни рад қилишди. Рейтингда энг юқори ўринларга чиқиш учун шу даражадаги боксчиларга таклиф билан чиқдик. Аммо улар рад этишди. Масалан америкалик Жесси Варгасга икки марта таклиф билан чиқдик. Аммо унинг промоутерлари рози бўлишмади. Агар у билан жанг қилиб ютганимда, бир йўла иккита камарга биринчи рақамли даъвогар бўлардим.

АҚШда жанглар ҳал бўлмагач, Малайзияга қайтдик. Бу ерда япониялик Кеита Обара билан жанг ўтказишга келишиб олдик. Жангни декабр ойининг бошларида ўтказишни режалаштиряпмиз“, дея гапириб ўтган Абдуқаҳҳоров.

Ҳозирча жангнинг аниқ санаси ва ўтказиладиган жойи номаълум бўлиб турибди. Жанг Малайзия ёки Японияда бўлиб ўтиши кутилмоқда. Бу борада музокаралар давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Қудратилло Абдуқаҳҳоров WBC йўналишининг иккинчи даражали WBC Silver камарини ўз вақтида ҳимоя қилмагани учун камар ундан олиб қўйилганди. 6 октябрь куни Жесси Варгас ва Томас Дулорме ушбу камар учун рингга кўтарилди, аммо жангда ғолиб аниқланмади. Натижада олдинроқ Абдуқаҳҳоровга тегишли бўлган камар, айни вақтда келиб вакант бўлиб турибди.

Маълумот учун, Қудратилло Абдуқаҳҳоров профессионал боксда 15 жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба (9 нокаут) қозонган. Айни вақтда спортчи WBC рейтингида 3-ўринда бормоқда. Шунингдек, у IBF рейтингида тўртинчи, WBO рейтингида эса 12-ўринда бормоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?