Қорақалпоғистондаги шўрланган ерлар намуналари Германия лабораториясида таҳлил этилади
Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга сафари якунлари бўйича қабул қилинган “Йўл харитаси”нинг ижроси сифатли ва ўз вақтида амалга оширилиши мақсадлари доирасида ушбу минтақа фермер хўжаликлари вакиллари мамлакатимизнинг Берлиндаги элчихонаси кўмагида Германияда бўлиб қайтишди.
Сафар давомида улар германиялик касбдошлари, шунингдек, соҳанинг илмий-тадқиқот марказлари, уюшма ва компаниялари фаолияти ҳамда сут-гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зотдор қорамоллар етиштиришнинг замонавий технологиялари ва самарали усуллари билан танишдилар.
Жумладан, мамлакатимиз вакиллари Мекленбург Олд Померания федерал ерида “Rinderallianz” зотдор чорвачилик уюшмасида, қорамоллар етиштиришга ихтисослаштирилган фермер хўжаликлари ва тармоқ компанияларида бўлишиб, ветеринария назорати, озуқа тайёрлаш, уларни сақлашга оид лаборатория тадқиқотлари ҳамда технологиялари билан танишдилар.
“Bioenergie Postma” фермер хўжалигида қорақалпоғистонлик меҳмонлар соатига 350 кВт электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга биогаз станциясида бўлишди. 1,5 минг гектар ер ва 500 бош соғин сигирга эга мазкур фермер хўжалиги нафақат сут ҳамда гўшт маҳсулотлари, балки биогаз станциясида ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг ортиқчасини ҳам сотади.
Федерал ернинг йирик илмий марказларидан бири — Қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтида (LUFA) бўлиб ўтган учрашув доирасида олим ва мутахассислар томонидан делегация аъзолари учун махсус тақдимот ташкил этилди.
Қорақалпоғистонлик фермерлар ушбу илмий марказда озуқабоп экинларнинг юқори ҳосилли, янги навларини яратиш ва экиш бўйича олиб борилаётган илмий изланишлар, шунингдек, чорва озуқаси маҳсулотларини етиштириш ҳамда таркибини белгилашда замонавий ва тежамкор технологиялардан фойдаланиш имкониятлари билан яқиндан танишишди. Айниқса, ер таҳлили, шўрланган ерлар таркибини ўрганиш ҳамда шўрланишни бартараф этиш орқали ҳосилдорликни ошириш борасида эришилган натижалар тақдимоти юртдошларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Мамлакатимиз делегацияси аъзоларининг Бранденбург федерал еридаги чорвачиликка ихтисослаштирилган қатор ташкилотлар ва фермер хўжаликларидаги учрашувлари ҳам самарали бўлди.
Сафар якунлари бўйича Германиядан 1000 бош наслли қорамол сотиб олиш, шунингдек, қорақалпоғистонлик фермерларнинг бу ерда малака оширишларини ташкил этишга келишилди. Бундан ташқари, Қорақалпоғистондаги шўрланган ерлар намуналари ҳам Германия лабораториясида таҳлил этиладиган бўлди. LUFA институти раҳбарияти Оролбўйидаги иқлим ҳамда экологик ҳолатни ўрганиш учун ушбу минтақага сафар уюштириш ташаббусини илгари сурди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Ойгул Халилова вафот этди
- “Юракка кўмилар асл шоирлар”
- Картошка нархи қачон пасайиши маълум бўлди
- «Ҳамза Ҳасановдан Ғайбулла Турсуновгача»: «Янги Ўзбекистон юлдузлари» мукофоти ғолиблари аниқланди
- Келгуси ҳафта учун об-ҳаво маълумоти эълон қилинди
- Алишер Навоий ижодини ўрганиш — қалб амримиз бўлмоғи даркор
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг