Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида

10:12 17 Октябр 2018 Ҳужжатлар
1566 0
Illyustrativ foto

Ўзбекистон Республикасининг Қонуни

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади хусусий бандлик агентликларининг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Хусусий бандлик агентликларитўғрисидагиқонун ҳужжатлари

Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Хусусий бандлик агентлиги

Хусусий бандлик агентлиги иш қидираётган шахсларга иш танлаш ва ишга жойлашиш бўйича, иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар кўрсатувчи, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатувчи тижорат ташкилотидир.

Хусусий бандлик агентлиги олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида икки нафар ходимга эга бўлиши керак.

4-модда. Хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг асосий принциплари

Хусусий бандлик агентликлари фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, очиқлик ва шаффофлик, камситишга йўл қўймасликдан иборатдир.

5-модда. Хусусий бандлик агентликларини тузиш

Хусусий бандлик агентликлари юридик ва (ёки) жисмоний шахслар томонидан ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклда тузилиши мумкин.

Хусусий бандлик агентлиги давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва диний ташкилотлар томонидан тузилиши мумкин эмас.

6-модда. Хусусий бандлик агентлигининг фирма номи ва муҳри

Хусусий бандлик агентлиги фирма номига эга бўлиши ва бу номда «Xususiy bandlik agentligi» деган сўзлар бўлиши керак.

«Xususiy bandlik agentligi» деган фирма номидан фақат ушбу Қонун қоидаларига мувофиқ фойдаланилиши мумкин. Ушбу Қонун 3-моддасининг талабларига жавоб бермайдиган юридик шахслар ўз номида «Xususiy bandlik agentligi» деган сўз бирикмасидан ва унинг асосида ҳосил қилинган сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас.

Хусусий бандлик агентлиги ўзининг давлат тилидаги тўлиқ фирма номи ва ўз жойлашган ери кўрсатилган муҳрга эга бўлиши керак. Муҳрда фирма номи бир вақтнинг ўзида бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин.

Хусусий бандлик агентлиги ўз номи бўлган штамплар, бланкаларга ва ўзининг эмблемасига эга бўлишга ҳақли.

7-модда. Хусусий бандлик агентлигининг таъсис ҳужжатлари

Хусусий бандлик агентлиги таъсис ҳужжатлари асосида фаолият кўрсатади.

Хусусий бандлик агентлигининг таъсис ҳужжатларида юридик шахсларнинг муайян ташкилий-ҳуқуқий шакллари учун қонун ҳужжатларида белгиланган маълумотларга қўшимча равишда қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

фақат ушбу Қонуннинг 10-моддасида назарда тутилган хизматларни кўрсатиш бўйича фаолият тўғрисидаги;

таъсисчиларнинг, бошқарув органларининг тузилмаси ва ваколатлари ҳақидаги;

кўрсатилаётган хизматлар сифатининг ички назоратига нисбатан қўйиладиган талаблар тўғрисидаги.

8-модда. Хусусий бандлик агентлиги фаолиятининг мулкий асоси

Хусусий бандлик агентлигининг фаолияти ўзининг хусусий мол-мулки ва (ёки) жалб этилган мол-мулк асосида амалга оширилиши мумкин.

Хусусий бандлик агентлиги ўз фаолиятини қайси мол-мулк асосида ва мулкий ҳуқуқлар воситасида амалга оширса, ўша мол-мулк, шу жумладан мулкий ҳуқуқлар олди-сотди, гаров, ижара ҳамда ҳуқуқлар ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ва (ёки) тугатиш билан боғлиқ бошқа битимлар объекти бўлиши мумкин.

9-модда. Хусусий бандлик агентликларини давлат рўйхатидан ўтказиш

Хусусий бандлик агентликларини давлат рўйхатидан ўтказиш Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.

Давлат хизматлари марказлари аризачига уни хусусий бандлик агентлиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни ушбу агентликни тузиш мақсадга мувофиқ эмас деган важлар билан рад этишга ёки қонунда назарда тутилмаган қўшимча талаблар белгилашга ҳақли эмас.

Аризачини хусусий бандлик агентлиги сифатида давлат рўйхатидан ўтказишни рад этиш, шунингдек давлат рўйхатидан ўтказиш муддатларининг бузилиши устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарори, шунингдек унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) суд томонидан ғайриқонуний деб топилган тақдирда, улар рўйхатдан ўтказишни рад этиш ёки рўйхатдан ўтказиш муддатини бузиш туфайли аризачига етказилган зарарнинг ўрнини қоплайди ҳамда маънавий зиённи компенсация қилади.

10-модда. Хусусий бандлик агентликларининг хизмат турлари

Хусусий бандлик агентликлари қуйидаги хизмат турларини кўрсатиши мумкин:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш;

иш берувчилар учун кадрлар танлаш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш;

ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари.

11-модда. Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш бўйича хизматлари

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

иш қидираётган шахслар тўғрисидаги ахборотни иш берувчилар ўртасида тарқатиш, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқатиш;

бўш иш ўринларига эга бўлган иш берувчиларни излашни амалга ошириш;

иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш;

иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги суҳбатга тайёргарлик кўриш ҳамда музокараларда (суҳбатларда) иштирок этиш;

иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги меҳнат шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш.

12-модда. Хусусий бандлик агентликларининг иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлари

Иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш берувчи ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади.

Иш берувчилар учун кадрлар танлаш бўйича хизматлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотни тарқатиш, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқатиш;

ишга жойлаштириш учун мақбул номзодларни излашни амалга ошириш;

ишга жойлаштириш учун номзодлар билан музокаралар ўтказиш;

иш берувчилар ва бўш иш ўринларини эгаллашга номзодлар ўртасидаги музокараларда (суҳбатларда) иштирок этиш;

иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги меҳнат шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш.

13-модда. Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлари

Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлари уларда Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия (бундан буён матнда лицензия деб юритилади) мавжуд бўлган тақдирда тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар хусусий бандлик агентлиги ва иш қидираётган шахс ўртасида тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида кўрсатилади ҳамда қуйидагиларни ўз ичига олади:

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш масаласи бўйича чет эллик шериклар билан ўз ваколатлари доирасида музокаралар (суҳбатлар) ўтказиш, шартномалар, битимлар ва баённомаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш;

эҳтимол тутилган иш берувчиларни қидириш, хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганиш асосида бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларга ахборот тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳлаётган шахслар ҳақидаги ахборотни фақат уларнинг розилиги билан чет эллик иш берувчилар ўртасида тарқатиш;

иш қидираётган шахсларга Ўзбекистон Республикасидан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун дастлабки тайёргарлик тадбирларини ўтказиш йўли билан кўмаклашиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлашиладиган мамлакатда бўлиш қоидалари, меҳнат шароитлари, ижтимоий ва уй-жой-маиший таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида хабардор қилиш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахслар билан иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномаларини тузишга кўмаклашиш.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатиш учун хусусий бандлик агентликлари захира қилинадиган сумма сарфланган тақдирда маблағларнинг ўрнини тўлдириш, шунингдек лицензия тугатилган ёки бекор қилинган тақдирда маблағларни қайтариш шартлари билан эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўяди.

14-модда. Хусусий бандлик агентликларининг ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари

Ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида ёки бепул кўрсатилади.

Ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари буюртмачини меҳнат бозори ҳолатининг таҳлили ва прогнози ҳамда унинг иштирокчилари, мазкур бозорнинг конъюнктураси, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлашни, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасидаги бошқа ахборотни тақдим этишни ўз ичига олади.

15-модда. Хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома

Хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома хусусий бандлик агентлиги томонидан иш қидираётган шахс ва (ёки) иш берувчи билан ёзма шаклда тузилади.

Хусусий бандлик агентликлари томонидан хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома қуйидагиларни ўз ичига олиши керак:

хизматларнинг мазмуни;

хизматлар кўрсатиш муддатлари;

хизматлар кўрсатилганлиги учун ҳақ тўлаш миқдори ва шартлари;

шартнома тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

шартнома мажбуриятларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун тарафларнинг жавобгарлиги;

шартномани бекор қилиш тартиби ва шартлари;

шартнома мажбуриятлари бажарилмаганда ёки лозим даражада бажарилмаганда пул маблағларини қайтариш тартиби;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган тақдирда, хусусий бандлик агентлигида лицензия мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар, лицензиянинг тартиб (рўйхатдан ўтказиш) рақами ва берилган санаси кўрсатилган ҳолда.

16-модда. Хусусий бандлик агентлигининг ҳуқуқлари

Хусусий бандлик агентлиги қуйидаги ҳуқуқларга эга:

хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномага мувофиқ пуллик хизматлар кўрсатиш;

ишга жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларидан ахборот олиш;

иш қидираётган шахслардан, шунингдек иш берувчилардан ишга жойлаштириш учун зарур бўладиган ҳужжатлар ва ахборот олиш;

иш қидираётган шахслар ва иш берувчилар ишга жойлаштириш масалаларига доир ҳужжатларни ҳамда ахборотни тақдим этмаган тақдирда хизматлар кўрсатишни рад этиш.

17-модда. Хусусий бандлик агентлигининг мажбуриятлари

Хусусий бандлик агентлиги:

иш қидираётган шахсларга ёки иш берувчиларга фақат хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома асосида хизматлар кўрсатиши;

хизматлар кўрсатиш чоғида буюртмачининг манфаатларини ифодалаши;

хизматлар кўрсатиш чоғида олинган ахборотнинг махфийлигига риоя этиши;

хизматлар кўрсатиш жараёнида буюртмачидан олинган ҳужжатларнинг бут сақланишини таъминлаши;

иш берувчининг ёки Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахснинг талабига кўра лицензиясини кўрсатиши;

иш берувчиларнинг ва иш қидираётган шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиши ҳамда уларга жавоб қайтариши;

ўз фаолияти ҳақидаги маълумотларни ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этиши;

хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги бажарилган шартномаларга оид архив материалларини шакллантириши ва сақлаши;

хусусий бандлик агентлиги тўғрисидаги маълумотлар ўзгарганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигини бир ҳафталик муддатда хабардор қилиши шарт.

18-модда. Иш берувчиларнинг ва иш қидираётган шахсларнинг ҳуқуқлари

Иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар қуйидаги ҳуқуқларга эга:

иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштиришга, иш берувчилар учун кадрлар танлашга кўмаклашиш бўйича хизматлар кўрсатиш, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари кўрсатиш тўғрисидаги шартнома бажарилишининг бориши ҳақида хусусий бандлик агентлигидан ахборот олиш;

хусусий бандлик агентлиги томонидан шартнома шартлари бажарилмаган тақдирда ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳолларда, хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартноманинг бекор қилинишини талаб қилиш;

хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартнома хусусий бандлик агентлигининг айби билан бекор қилинганлиги туфайли етказилган зарарнинг ўрни қопланишини ва маънавий зиён компенсация қилинишини талаб қилиш;

ўз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилган тақдирда тегишли давлат органларига, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотларга, хусусий бандлик агентликларининг бирлашмаларига ёки судга мурожаат қилиш.

19-модда. Иш берувчиларнинг ва иш қидираётган шахсларнинг мажбуриятлари

Иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар:

хусусий бандлик агентликлари билан тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар шартларига риоя этиши;

хусусий бандлик агентликлари билан тузилган хизматлар кўрсатиш тўғрисидаги шартномалар шартларига мувофиқ хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлаши;

хусусий бандлик агентлигига ўз фаолиятини амалга ошириши учун зарур бўлган ишончли ва тўлиқ маълумотлар ҳамда ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

20-модда. Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг хусусий бандлик агентликлари фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги:

Хусусий бандлик агентликларининг реестрини юритади;

лицензияни беради, қайта расмийлаштиради, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туради, қайта тиклайди ва тугатади, лицензияни бекор қилади;

хусусий бандлик агентликлари томонидан қонун ҳужжатлари талабларига, шу жумладан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни амалга оширади;

Хусусий бандлик агентликларининг реестрида мавжуд бўлган маълумотларни ҳамда лицензияни бериш, қайта расмийлаштириш, лицензиянинг амал қилишини тўхтатиб туриш, қайта тиклаш ва тугатиш, лицензияни бекор қилиш тўғрисидаги ахборотни оммавий ахборот воситаларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтида эълон қилади.

21-модда. Хусусий бандлик агентликларининг реестри

Хусусий бандлик агентликларининг реестри хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги янгиланиб турадиган ёзувларни ўз ичига олган маълумотларнинг ягона ахборот базасидир.

Хусусий бандлик агентликларининг реестрида хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қуйидаги асосий маълумотлар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами;

хусусий бандлик агентлиги раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми;

лицензия берилган (қайта расмийлаштирилган, лицензиянинг амал қилиши тўхтатиб турилган, қайта тикланган, тугатилган, у бекор қилинган, дубликатлари берилган) сана ва унинг рақами (мавжуд бўлган тақдирда).

Хусусий бандлик агентликларининг реестридаги ахборот Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

22-модда. Юридик шахсни Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тартиби

Юридик шахс Хусусий бандлик агентликларининг реестрига кириш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тўғрисидаги аризани;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширганда лицензияни;

аризани кўриб чиққанлик учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдоридаги йиғим аризачи томонидан тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжатининг кўчирма нусхасини.

Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилиши керак:

юридик шахснинг номи, жойлашган ери (почта манзили) ва ташкилий-ҳуқуқий шакли;

хизмат кўрсатаётган банкнинг номи, банкда талаб қилиб олинадиган депозит ҳисобварағининг рақами;

аризачи раҳбарининг фамилияси, исми, отасининг исми, паспорт маълумотлари;

аризачи кўрсатмоқчи бўлган хизмат турлари;

ходимларни асосий иш жойи бўйича ишга қабул қилиш тўғрисидаги маълумотлар;

штатда олий маълумотли раҳбарни қўшган ҳолда камида икки нафар ходим мавжудлиги ҳақидаги маълумотлар.

Юридик шахсдан ушбу моддада назарда тутилмаган ҳужжатларни талаб қилишга йўл қўйилмайди.

Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш учун зарур бўлган ҳужжатлар юридик шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига бевосита, почта алоқаси воситалари орқали ёки электрон шаклда, улар қабул қилиб олинганлиги тўғрисида маълум қилган ҳолда тақдим этилади. Электрон шаклда тақдим этилган ҳужжатлар юридик шахснинг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади.

Тақдим этилган ҳужжатлар рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхат ҳужжатлар қабул қилинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда дарҳол аризачига берилади (юборилади).

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги уч кунлик муддатда аризачини Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқади ва бу ҳақда унга хабар қилади ёки асослантирилган рад жавобини юборади.

Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган тақдирда, рад этиш ҳақидаги билдиришнома рад этишнинг аниқ сабабларини кўрсатган ҳолда ёзма шаклда аризачига берилади (юборилади).

Аризачи билдиришномада кўрсатилган сабабларни бартараф этиб, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш учун ўттиз календарь куни ичида тақдим этиши мумкин.

Такроран мурожаат қилинганда Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритишни рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар аризачи томонидан бартараф этилмаганлиги факти аниқланган тақдирда, ҳужжатларни такроран кўриб чиқиш амалга оширилмайди, берилган ҳужжатлар эса аризачига қайтарилиши лозим.

Билдиришномада кўрсатилган, рад этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабаблар бартараф этилганидан кейин Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритишни рад этишга йўл қўйилмайди.

Ушбу Қонунда назарда тутилган хизматларнинг Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритилмаган юридик шахслар томонидан кўрсатилишига йўл қўйилмайди.

23-модда. Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолият лицензия асосида амалга оширилади.

Лицензия Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан чекланмаган муддатга берилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширишнинг лицензияга оид талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:

меҳнат ва миграция тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мажбурий равишда риоя этиш;

фақат ушбу Қонунда назарда тутилган фаолиятни амалга ошириш;

штатда олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида икки нафар ходимнинг мавжудлиги;

лицензияловчи орган белгилаган тартибда уч йилда камида бир марта юридик шахс ходимлари томонидан малака сертификатини олиш;

ушбу фаолиятни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шу жумладан хусусий ёки ижарага олинган бинонинг мавжудлиги, тегишли моддий-техника базасидан, бошқа техника воситаларидан фойдаланиш;

лицензия даъвогари томонидан эллик минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи фуқароларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармасида захира қилиб қўйиш.

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

24-модда. Хусусий бандлик агентлигининг ҳисоби ва ҳисоботлари

Хусусий бандлик агентликлари ҳисоб ва ҳисоботларни юритади. Ҳисоботлар хусусий бандлик агентлигининг танловига кўра қоғозда ва (ёки) электрон шаклда тузилиши мумкин. Хусусий бандлик агентлигининг электрон шаклда тақдим этилган ҳисоботлари хусусий бандлик агентлиги раҳбарининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади. Давлат хусусий бандлик агентликлари томонидан ҳисобга олишнинг электрон тарзда юритилишини дастурий таъминотни имтиёзли шартларда ёки бепул тарқатиш орқали рағбатлантиради.

Хусусий бандлик агентлиги ҳисоботларни фақат давлат статистика органларига ва давлат солиқ хизмати органларига, шунингдек ўз фаолияти тўғрисидаги маълумотларни Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига тақдим этади.

Давлат органларига хусусий бандлик агентликлари учун ҳисоботларнинг қонунда назарда тутилмаган қўшимча турларини белгилаш тақиқланади.

25-модда. Хусусий бандлик агентликларининг давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлиги

Хусусий бандлик агентликлари аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида хизматлар кўрсатиш мақсадида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликни амалга оширади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қуйидаги йўналишлар бўйича хусусий бандлик агентликлари билан ҳамкорлик қилади ҳамда уларга кўмаклашади:

иқтисодиёт тармоқларида талаб қилинган касблар ва малакаларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини олиш учун танловларда иштирок этишга жалб этиш, шунингдек аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида бошқа хизматлар кўрсатиш;

хусусий бандлик агентликларининг сўровлари бўйича бўш ва ташкил этилаётган иш ўринлари, шунингдек иш қидираётган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш;

аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилган дастурлар ва лойиҳаларни амалга оширишга, шу жумладан хорижда амалга оширишга жалб этиш;

аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш;

аҳолини ишга жойлаштириш соҳасида ахборот кампаниялари, конференциялар, симпозиумлар, семинарларни биргаликда тайёрлаш ва ўтказиш.

26-модда. Хусусий бандлик агентликларининг бирлашмалари

Хусусий бандлик агентликлари умумий манфаатларни ифодалаш ва ҳимоя қилиш мақсадида хусусий бандлик агентликларининг бирлашмаларини тузиш ҳуқуқига эга.

27-модда. Хусусий бандлик агентликларини давлат томонидан рағбатлантириш

Хусусий бандлик агентликларини давлат томонидан рағбатлантириш қуйидагилар орқали амалга оширилади:

улар учун қулай шарт-шароитлар яратиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

аҳолини ишга жойлаштириш ва унинг бандлиги соҳасидаги дастурлар ҳамда лойиҳаларни амалга оширишда уларнинг иштирокини кенгайтириш бўйича чоралар кўриш;

уларнинг самарали фаолияти учун зарур бўлган ҳуқуқий, иқтисодий, статистик, ишлаб чиқариш-технологик, илмий-техникавий ва бошқа ахборот билан таъминлаш;

ишга жойлаштириш соҳасида солиқлар, бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар белгилаш;

хусусий бандлик агентликлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишда кўмаклашиш.

Хусусий бандлик агентликларини давлат томонидан рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа усулларда ҳам амалга оширилиши мумкин.

28-модда. Хусусий бандлик агентлигини тугатиш

Хусусий бандлик агентлигини тугатиш унинг таъсисчилари ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколатли бўлган унинг органининг қарорига кўра ёхуд суднинг қарори бўйича амалга оширилади.

Хусусий бандлик агентлиги тугатилганда бўшатилаётган ходимларга уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши кафолатланади.

Хусусий бандлик агентлиги рўйхатдан ўтказувчи органнинг тегишли давлат реестрига тугатиш тўғрисидаги ёзув киритилганидан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабардор қилинган ҳолда тугатилган деб ҳисобланади.

29-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

30-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар киритиш

1. Ўзбекистон Республикасининг 1992 йил 13 январда қабул қилинган «Аҳолини иш билан таъминлаш тўғрисида»ги 510–XII-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда қабул қилинган 616–I-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5–6, 97-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 124-модда, № 9, 229-модда; 2000 йил, № 5–6, 153-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 6, 260-модда; 2009 йил, № 12, 470-модда; 2013 йил, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2016 йил, № 12, 383-модда) қуйидаги қўшимчалар киритилсин:

1) 10-модданинг иккинчи қисми «меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали» деган сўзлардан кейин «шунингдек хусусий бандлик агентликларининг хизматлари воситасида» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

2) 13-модданинг иккинчи қисми «Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги» деган сўзлардан кейин «ва хусусий бандлик агентликлари» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

3) қуйидаги мазмундаги 18(1)-модда билан тўлдирилсин:

«18(1)-модда. Хусусий бандлик агентликларининг аҳолини иш билан таъминлашга кўмаклашишдаги иштироки

Хусусий бандлик агентликлари иш билан таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга оширишга қуйидаги хизмат турларини кўрсатиш йўли билан кўмаклашади:

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида иш қидираётган шахсларга иш танлаш;

иш берувчилар учун кадрлар танлаш;

Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш;

ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари».

2. Ўзбекистон Республикасининг 1995 йил 21 декабрда қабул қилинган 161–I-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 йил, 1-сонга илова; 1997 йил, № 2, 65-модда; 1998 йил, № 5–6, 102-модда, № 9, 181-модда; 1999 йил, № 1, 20-модда, № 5, 112, 124-моддалар, № 9, 229-модда; 2001 йил, № 5, 89-модда, № 9–10, 182-модда; 2002 йил, № 1, 20-модда, № 9, 165-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2005 йил, № 9, 312-модда; 2009 йил, № 12, 470, 471-моддалар; 2010 йил, № 12, 472-модда; 2012 йил, № 9/1, 238-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда, № 10, 263-модда; 2014 йил, № 1, 2-модда; 2015 йил, № 8, 312-модда; 2016 йил, № 4, 125-модда, № 12, 383-модда; 2017 йил, № 9, 510-модда, № 10, 605-модда; 2018 йил, № 1, 1-модда, № 4, 224-модда) 57-моддасининг иккинчи қисми «меҳнат органларининг бепул воситачилиги орқали» деган сўзлардан кейин «шунингдек хусусий бандлик агентликларининг хизматлари воситасида» деган сўзлар билан тўлдирилсин.

3. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майда қабул қилинган «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги 222–II-сонли Қарорининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2002 йил, № 6–7, 105-модда; 2003 йил, № 1, 8-модда; Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2006 йил, № 4, 154-модда; 2007 йил, № 7, 323-модда, № 9, 416-модда; 2009 йил, № 9, 330-модда; 2010 йил, № 9, 335, 341-моддалар, № 12, 470-модда; 2011 йил, № 12/2, 364-модда; 2012 йил, № 4, 105-модда, № 12, 336-модда; 2013 йил, № 4, 98-модда; 2014 йил, № 12, 343-модда; 2018 йил, № 1, 1, 4-моддалар) 1-иловаси қуйидаги мазмундаги хатбоши билан тўлдирилсин:

«Хусусий бандлик агентликларининг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги ишни қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолияти».

31-модда. Низоларни ҳал этиш

Хусусий бандлик агентликларининг фаолияти билан боғлиқ низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

32-модда. Хусусий бандлик агентликларитўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Хусусий бандлик агентликлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

33-модда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

34-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг Президенти   Ш. Мирзиёев

Тошкент шаҳри, 2018 йил 16 октябрь

№ ЎРҚ—501


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар