Қиш чилласида борадиган жойи йўқ оиланинг уйи мажбуран бузиб ташланди

09:12 30 Январь 2019 Жамият
1719 0

“Халқ сўзи ONLINE”. Аҳад Муҳаммадиев/Қашқадарё. Қаршида янги уйлар қурилиши муносабати билан “снос”га тушган эски уйлар бузиб ташланмоқда. Унда яшаётган оилаларга бузиладиган уйининг пули тўланиб ёки хонадон соҳиблари янги уйларга кўчирилиб, кейин бузиш амалиёти бажарилиши керак, аслида. Ҳарқалай, ўтда ёнмас, сувда чўкмас, номи қулоққа ваҳима билан эшитиладиган “Қонун” аталмиш қоғозларда шундай ёзилган... Аммо фақат қоғоздагина шундай шекилли холос бу гап.

Йўқса, Қарши шаҳридаги Қарлиқхона маҳалласида яшайдиган фуқаро Ғайрат Қудратовнинг хонадонини бузишдан аввал мутасаддилар дўппиларини бошдан олиб, қилажак ишларининг оқибатини бир дам ўйлаб кўрмасмидилар?! Агар шундай бўлганида, ҳозир биз ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган воқеада қонун ҳужжатларига мутлақо терс келгувчи қарорлар чиқарилиб, қишнинг синоптиклар кучли қаҳратонни ваъда қилган палласи энди бошланай деганда, эски уйни бузиш баҳонасида бир оила кўчага қувилармиди?!

Инсонпарварликнинг бундай “янги усули” эса, табиийки, уй эгасининг норозилигини келтириб чиқарди.

Ғ. Қудратовнинг “Халқ сўзи” таҳририятига йўллаган шикоят хатида уйни баҳолашдаги адолатсизликлар, қурувчи томонидан уй арзонга баҳоланиб, оиласини чиқариб юбориш учун босим ўтказилаётгани, ҳали пули тўланмаган уйи эса суд қарори асосида бузиб ташланаётгани, қишнинг айни совуқ кунларида оиласи, болалари билан газ ва электр таъминотидан ажратилиб, бузилган уйда танг аҳволда қолаётгани ҳақида баён этилган.

Ушбу ариза асосида олиб борилган суриштирув ишлари давомида ҳақиқатан ҳам уйи бузилаётган оилага нисбатан инсон ҳақ-ҳуқуқини поймол этадиган ҳаракатлар содир этилганлиги, бу борада ижтимоий адолат мезонлари бузилганлиги маълум бўлди.

Қарлиқхона маҳалласида ўнлаб эски уйлар ўрнида кўп қаватли янги биноларнинг қурилиши муносабати билан Маҳмуд Қошғарий кўчасидаги Ғайрат Қудратовга тегишли бўлган 33-уй ҳам бузилишга тушган эди. Дастлаб қурувчи — Қарши шаҳридаги “Ихтисослаштирилган нефтгаз таъмирлаш” МЧЖ томони вакиллари хонадон эгаси Ғ. Қудратовдан баҳолаш қийматидаги пулни олиб, уйни бўшатиб беришни сўрашади. Қизиғи шундаки, унинг уч хона ва бир даҳлизли яшаш уйи, ошхона, айвон, ҳаммом, ҳожатхона, ҳовузи бор, боғдевор ҳамда дарвозали 2 сотих майдонни эгаллаган тураржойи Тошкентдаги “Estimate group” МЧЖ томонидан… 27 миллион 906 минг 772 сўмга баҳоланади. Табиийки, бундай арзон баҳодан норози бўлган уй эгаси тураржойи баҳосини Қарши шаҳридаги “Kelajak kapital invest konsalting” МЧЖга қайтадан ҳисоблатиб, жами 100 миллион бўлишини аниқлайди ва шу суммани талаб қилади. Афсуски, ушбу баҳолаш ҳужжатлари қурувчи томонидан қабул қилинмайди ҳамда фақат биринчи баҳолаш қийматидаги пулни беришларини айтишади.

— Шу пайтгача кўп жойга мурожаат қилдим, — дейди Ғайрат Қудратов. — Шаҳар ҳокимлигига, прокуратурага, Президент қабулхонасига, Омбудсманга, Олий судга… Лекин муаммо ҳал бўлмаяпти. Олий суддан бир ярим ойдан буён жавоб келмади. Шаҳар ҳокимлиги “Эртага ҳал қиламиз,” деганига ҳам бир ҳафта бўлди. Прокуратурага 5 марта ёзиб берганман. “Бир ой ичида текшириб, натижасини хабар қиламиз”, дейишганди. Мана, уч ой ўтаяпти ҳамки, ҳали ишни варақлаб ҳам кўришмагандир... “Икки ойдан буён уй-жойимиз бузилган, бузманглар”, деб бир марта икки оғиз қаттиқроқ гапирувдик, милиция одамлари мени олиб кетиб қамаб қўйишди. Болаларни машинага қамаб туриб, уйимизни мажбуран бузишди. Ҳовлини текислагунича икки соат милицияхонада ётдим.

“Нега қаршилик кўрсатяпсиз, бу ижрога берилган, бузамиз, қишми, ёмғирми бизни қизиқтирмайди”, дейишди. “Пулини уйни бузгандан кейин берамиз”, дейишди, лекин уй бузилганидан кейин бир тийин ҳам бергани йўқ. Мана, совуқ забтига олган бир пайтда ҳам бир хонага ҳаммамиз тиқилиб ўтирибмиз. Ёмғир ёғса, тепасидан чакка эмас, худди шаршара оқаётгандек...

— Ғайрат Қудратов эгалигидаги уйни ўша пайтдаги бозор нархида 100 миллион сўмга баҳолаганмиз, — дейди “Kelajak kapital invest konsalting” МЧЖ раҳбари Феруз Узоқов. — Биз энг паст ҳисобда баҳолаб бердик. Бу уйнинг ҳақиқий баҳоси шу кеча-кундузда юз миллиондан анчагина ошади.

— Уйимиз аслида уч, аммо каттагина коридори билан 4 хонали эди, — дейди Ғайрат Қудратовнинг турмуш ўртоғи Мақсуда Назарова. — Ноябрь ойида мен маҳалладан пахтага чиққанимда мажбурий ижродан одам келиб, ҳовли деворларимизни катаклар билан бирга бузиб ташлатибди. “Баҳолатиб келинглар, квартира пули билан қўшиб тўлаймиз”, дейишди. Баҳолатган эдик, “Бу нотўғри”, деб, қабул қилишмади. Ҳозир қиш чилласида бузилган уйимизнинг муздек бир хонасида яшаяпмиз, свет йўқ, газ йўқ, қўшниларникида чой, овқат қиламиз. Уй бузиладиган бўлса, борадиган жойимиз ҳам йўқ.

— Буларнинг борадиган жойи йўқ. Кўпчилик бўлиб келишиб, Ғайрат қўшнимизни қўл қўйишга мажбурлаётган экан. “Аввал пулини берсин”, деб кўнмаганидан кейин милицияга олиб кетишди, болаларини ушлаб туришиб, уйни бузишди. Ҳатто хотинини устига деворни йиқитиб юборишди. Ташқаридан кўрган одамга босқинчиликдек туюларкан бу, — суҳбатга қўшилишди қўшнилар.

Энг ачинарлиси, бу ишларнинг бошида Қарши шаҳар ҳокимлиги, суд идорасида ишлайдиган, вазифаси қонунни бузиш эмас, уни ҳимоя қилиши шарт бўлган “қонун посбонлари” турганига нима дейсиз?! Яъни Қарши шаҳар ҳокимлиги Ғ. Қудратовнинг оиласини “уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш ва уй-жойини бузиш ҳақида” судга даъво аризаси киритиб, суднинг ҳал қилув қарори асосида оилани кўчага ҳайдаган. Бунга қаршилик қилган уй эгаси эса милиция пунктига олиб кетилган. Болалар уйдан мажбуран чиқарилиб, кўчада ушлаб турилган.

Айни пайтда эса бу оила бузилган уйнинг ҳали бутун турган бир хонасида амал-тақал қилиб яшашга мажбур бўлмоқда... Ана сизга адолат, мана сизга инсон ҳуқуқлари... 

Ўйласанг, ақлингга сиғмайди. Энг аввало, фуқароларнинг манфаатини ҳимоя қилиши керак бўлган шаҳар ҳокимлигининг ўзи ўз фуқаросини судга бериб, уйнинг пулини келишмасдан бузишга тушган қурувчини ҳимоя қилаётган бўлса, “Эй, барака топкур, борадиган жойимиз йўқ-ку ахир”, деб турган оилани бола-чақаси билан кўчага қувиб чиқариб қўйса, бу адолат аталмиш тарозининг қайси палласига тўғри келади. Ҳолбуки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 2-моддасида “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”, 14-моддасида эса “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади”, дея ёзиб қўйилган.

— Аризачининг уйини баҳолашганда, чиндан ҳам, ноҳақлик бўлган, — дейди Қарлиқхона маҳалласи раиси Зафар Саидов. — Мен уларга тушунтирдим, “Президентимиз нима деяптилар, ҳаммаси адолатли бўлсин, фуқаро рози бўлсин, хафа қилманглар”, дедим. “Ўзингнинг шундай 4 хонали уйинг, ҳовлиси, ҳаммоми, ҳовузи билан бўлса, неча пулга чақардинг, булар неча йилдан буён яшайди шу ерда, оиласи, болалари бор, кадастр ҳужжатлари бор, газ, светдан қарзи йўқ бўлса”, деб гапирганимдан кейин қурувчи бир оз иносфга келди шекилли, 60 миллион сўм беришга рози бўлди.

Пудратчи ташкилот “Шу билан қутуламан”, деган уйда 28 миллион сўмни суд қарори орқали мажбурий ижрога ўтказиб юборган. Уч ойдан буён шу гап. Ҳар сафар йиғиламиз. Уй эгаси кўнмагандан кейин қурувчи “Майли, ўзинг баҳолатиб бер, тўлайман”, деб ваъда берди. Ғайратжон 100 миллион сўмга баҳолатди, лекин баҳолатиш тўловини қилолмагани учун ҳужжатни қурувчига келтириб беролмаган. Натижада пудратчи ташкилот ўзи 27 миллион сўмга баҳолатиб, ана ўша маблағни ижрога ўтказган. Биз, маҳалла жамоатчилиги ўртага тушиб жами 80 миллион сўм тўлашга келиштирдик. Бу орада уйнинг томи, эшик ромларигача бузиб ташлашди.

Уй эгасининг суд қарори устидан норози бўлиб берган аризаси апелляция тартибида кўрилиб, кейинги инстанция судида рад этилди ва ҳал қилув қарори ўз кучида қолдирилди. Қизиғи шундаки, бу суд жараёнида Ғ. Қудратов қатнашмаган ҳамда чақирилмаган ҳам. Қарорда кўрсатилган 28 миллион 464 минг 908 сўм маблағ 2018 йил 11 сентябрда қурувчи ташкилот ҳисоб рақамидан Мажбурий ижро бюроси Қарши шаҳар бўлими томонидан кесиб олинишига қарамасдан, шу пайтга қадар уй эгасининг пластик картасига тушириб берилмаган.

Ажабо... Ахир биз қайси замонда яшаяпмиз ўзи?! Устига-устак, бу воқеалар адолат маёғини бутун дунёга кўрсатиб қўйган буюк соҳибқирон Амир Темур бобомиз юртида юз берса-я...

Таҳририятдан: “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, дейди Президентимиз. Аммо афсуски, ҳали-ҳануз жойларда бунга амал қилмайдиган раҳбарлар ҳам учраб тургани ачинарлидир.

Таҳририят юқоридаги воқеалар юзасидан тегишли мутасаддиларнинг жавоби ва ижобий муносабатини кутиб қолади. Бу мавзуга ҳали қайтамиз.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019