Парламент аъзолари фуқаролар репродуктив саломатлигини сақлашга оид қонунни маъқуллашди. У нимаси билан долзарб?
Фото: Ҳасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Халқ сўзи online. Мунисхон Каримова. Сенат ялпи мажлисида парламент аъзолари “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кўриб чиқилди. Қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида” 2018 йил 7 декабрда қабул қилинган Фармонига мувофиқ ишлаб чиқилди.
Сўзга чиққан сенаторлар репродуктив саломатлик масалалари, умуман фуқаролар соғлиғини, оналик ва болаликни сақлаш, ҳар томонлама ва уйғун баркамол авлодни шакллантириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратиш масалалари давлат сиёсатининг устувор йўналишлари эканини таъкидладилар. Шундан келиб чиққан ҳолда, Қонуннинг мақсади – аҳолининг репродуктив саломатлигини сақлаш, бепуштликнинг олдини олиш ва уни даволаш соҳасидаги жамоат муносабатларини тартибга солишдир. Қонуннинг ҳуқуқий тартибга солиниши мамлакат фуқаролари саломатлигини, уларнинг соғлом ва бахтли оила яратиш имкониятларини таъминлашга қаратилган.
Қонунда асосий принциплар белгиланган бўлиб, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлашни ташкил этишнинг барча босқичларида тиббий хизматлар қулайлиги ва сифатлилиги, фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш ва оилани режалаштириш бўйича давлат томонидан кафолатланган хизматлар ҳажмини таъминлаш, шахсий ҳаётга аралашувдан ҳимояланиш, шахсий ва оилавий сирни сақлаш, инсонпарварлик, инсонга ҳурмат билан муносабатда бўлиш, репродуктив муаммоларни ҳал қилишда ахборотнинг махфийлиги, репродуктив саломатликни сақлаш масалаларида эркаклар ва аёлларнинг тенглиги шулар жумласидандир. Бундан ташқари, ҳужжатда мазкур соҳадаги давлат сиёсатининг қуйидаги асосий йўналишлари белгиланган: фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш соҳасида давлат дастурлари ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш, тасдиқлаш ва амалга ошириш; фуқароларнинг саломатлигини сақлаш тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш; ота-оналарда соғлом болалар туғиш учун жавобгарлик ҳиссини пайдо қилиш орқали уларда бунинг учун онгли муносабатни шакллантириш ва ҳоказо.
Мазкур Қонун аҳолининг репродуктив саломатлигини яхшилаш тизимини қонунчилик даражасида мустаҳкамлаб қўйишга кўмаклашиши таъкидланди. Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон миллий терма жамоаси учун Жаҳон чемпионати қуръаси омадли ўтдими?
- “Матонатли Марям” фильми кенг жамоатчиликка тақдим этилди
- Ўзбекистон терма жамоасининг Жаҳон чемпионатидаги ўйин саналари эълон қилинди
- АҚШ Европадан НАТО мажбуриятларининг асосий қисмини ўз зиммасига олишни талаб қилди
- FIDE жаҳон кубоги чемпиони Жавоҳир Синдаровни кутиб олиш маросими бўлиб ўтди (+фоторепортаж)
- Reuters: Асаднинг Москвадаги тарафдорлари Сурияда қўзғолон режалаштирмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг