Паркентда ёниб кетган барча савдо дўконлари ўрнида тез кунларда замонавийлари қад ростлайди

08:41 09 Март 2020 Жамият
654 0

Аввал хабар берилганидек, 2020 йилнинг 8 март куни тунги 00-10 да Паркент тумани марказида жойлашган “Паркент деҳқон бозори” МЧЖ ҳудудида ёнғин юз берди. 
Дастлабки маълумотларга кўра, аланга туман марказининг автоуловлар қатнов йўли ёқасидаги дорихоналардан бирининг ичидан чиққан.

Воқеа жойида Паркент тумани ФВБ томонидан тезкор гуруҳ ташкил этилиб, талафатни бартарф этиш чоралари кўрилди. 

Ёнғин чиққан тунда орадан кўп вақт ўтмай, вилоят ҳокими Рустам Холматов Паркентга етиб келган. Тезда алангани ўчириш чоралари кўрилди. Тегишли ташкилот ва идоралар иштирокида махсус ишчи гуруҳи тузилиб, уларга ушбу фалокатни бартараф этиш борасидаги топшириқ ва вазифалар юклатилди..

Ёнғин оқибатларини бартарф этиш юзасидан Паркент тумани ҳокимининг 2020 йил 8 мартдаги 28-Ф-сонли фармойиши чиқарилди. Содир бўлган ёнғинни тўлиқ бартараф этиш ва мулк эгаларига амалий ёрдам кўрсатиш юзасидан туманда фавқулодда ҳолат жорий этилди. Аланга ичида қолган ҳудудни тозалаш, бозорда фаолият юритаётган тадбиркорларга етказилган зарарни қоплаш борасида шошилинч чоралар кўрилмоқда. Бу йўналишда тузилган махсус ишчи гуруҳлари фаолият олиб боряпти.

Фармойишда зарар кўрган барча дўконлар тезда қайта таъмирланиб, аҳолига савдо хизмати кўрсатишни қайта йўлга қўйилиши алоҳида қайд этилган. Бирламчи манбаларга кўра, 800 кв м. майдондаги савдо дўконлари катта аланга ичида қолиб кетган. Етказилган талафот жуда жиддий. Шу боис, айни дамда “Паркент деҳқон бозори” фаолияти вақтинча тўхтатилди.

Туман ҳокимининг фармойишда ёниб кетган барча савдо дўконлари ўрнида тез кунларда замонавий услубдаги янги бинолар қад ростлаши қайд этилади. Бироқ, кимнингдир эҳтиётсизлиги туфайли “Паркент деҳқон бозори”да чиққан ушбу ёнғиндан талафот кўрган биноларни қайта таъмирлаш ва қуришнинг ўзи бўлмайди. Қолаверса, бу ердаги тадбиркорларга етарли шарт-шароитлар яратиш, уларнинг моддий зарарини қоплаш ҳам шунчаки осон гап эмас. Қисқаси, яна давлат ғазнасига қўл чўзилади. Аҳолининг истеъмол тизимини тезкорлик билан йўлга қўйиш зарур бўлади.

Бозор ҳудудини қайта барпо этишга жалб қилинадиган қурилиш ташкилотларини ҳам саралаш лозим бўлади шекилли. Чунки, бу ишга ҳамёнини эмас, давлат манфаатларини ўйлайдиган, терилган минг сўмлик ғиштни ўн минг сўмга айлантирмайдиган иймонли буюртмачи ва пудратчиларни топиш зарур. Акс ҳолда, “Паркент деҳқон бозори” МЧЖ қайта барпо этилгунича кимлардир қўша-қўша саройлар тиклайди. Масаланинг бу жиҳатига тегишли ташкилотлар, айнан туман ҳокимлиги мутасаддилари жиддий эътибор қаратишига аминмиз. Чунки, давлат мулки муқаддас. Унинг ғазнасидаги ҳар бир сўмнинг ҳисоб-китоби бор. Акс ҳолда, вилоятда юзага келган ер сотиш жиноятлари қабилидаги “ишбилармонлик” бу ерда ҳам такрорланиши мумкин.

Шодиёр МУТАҲАРОВ,

(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?