Ўзбекистонликлар магистратура ва аспирантурада ўқиш учун Осиё тараққиёт банкидан стипендия олиши мумкин

10:33 19 Февраль 2019 Жамият
2099 0

Мазкур дастур таълим олиш, яшаш, транспорт харажатлари, шунингдек, ҳар ойлик стипендияни ўз ичига олади.

Осиё тараққиёт банки Япония ҳукумати билан ҳамкорликда Осиё-Тинч океани минтақасидаги университетларда таҳсил олишни истаган магистратура ва аспирантура талабалари учун 150 та стипендия таклиф этяпти. Стипендия иқтисодиёт, менежмент, илм-фан, техника каби соҳаларни ривожлантириш билан боғлиқ мутахассисликларда ўқиш учун тўланади.

Стипендия қуйидагиларни таъминлаб беради: таълим олиш учун тўлиқ тўлов, ҳар ойлик стипендия, яшаш, ўқув қўлланмалари ва материаллари, транспорт харажатлари, тиббий суғурта.

Алоҳида ҳолатларда(тил ўрганиш, компьютер дастурларини ўрганиш) тайёргарлик курслари учун ҳам тўлаб берилади.

Стипендия бир йилга берилади. Ўқиш муваффақиятли давом эттирилса, бу муддат узайтирилиш мумкин. Хусусан,ушбу муддат магистратура учун икки йил, аспирантура учун уч йилни ташкил қилади.

Талаблар:

ОТБга аъзо давлатлар(уларнинг ичида Арманистон, Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон)дан бирининг фуқароси бўлиш;

35 ёшдан катта бўлмаслик(айрим дастурлар учун 45 ёшдан);

Бакалавр ёки унинг муқобилига эга бўлиш;

Аъло академик даражага эга бўлиш.

Стипендия олиш учун ушбу дастурнинг ҳамкор университетларидан бирига магистратура ёки аспирантурага ўқишга кириш керак. Киришда номзод ОТБ стипендиясига даъвогарлик қилаётганини кўрсатиб ўтиши лозим. Аризани ўқиш бошланишига олти ой қолганда кириш учун ҳужжатлар тўплами билан бирга бериш даркор. Стипендия учун ариза беришда номзоднинг охирги йилдаги даромадлари акс этган солиқ декларацияси тақдим этилиши керак. Шунингдек, оилавий даромади(ота-оналар даромади)га оид ҳужжатлар ҳам.

Ўқиш якунида талабалари ватанига қайтиб, ўз мамлакати иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшишлари шарт.

Ушбу жараён ҳақида ушбу ҳавола орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?