Ўзбекистонда сайёҳлик шифокори ҳам жорий қилиниши мумкин

12:45 06 Февраль 2019 Жамият
2525 0

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси раиси Жаҳонгир Саримсоқов ўтган йилда амалга оширилган ишлар ва келгусидаги режалар борасида саволларга жавоб қайтарди.

– Федерация ўтган йили истеъмолчилар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қила бориб, уларга етказилган 8 миллиард сўмлик зарарларни ундириб беришга муваффақ бўлинган экан. Жорий йилда яна қандай инновацион ташаббусларни илгари сурмоқчисизлар?

– Дарҳақиқат, ўтган йил давомида истеъмолчиларнинг 8 миллиард сўмдан ортиқ манфаатларини ҳимоя қилдик. Лекин гап ҳозир бунда ҳам эмас, ўзимиз қилиб юрган ишларни изчил давом эттирамиз. Аммо жорий йилда инновация ва янги ташаббусларга, давлат ва нодавлат ташкилотлари билан ҳамкорликка, халқаро амалиётни ўрганишга жиддий эътибор қаратяпмиз.

Ички ишлар вазирлиги, “Нуроний” жамғармаси, Бош прокуратурага куни кеча бир қатор таклифларни киритишни режалаштиряпмиз.

Сўнгги пайтларда пенсияга чиққан, ёши улуғ фуқароларимиз ҳам тобора кўпроқ автомобилларга эга бўлишмоқда. Аммо улар гарчи қоидаларни бузмаса-да, секинроқ ҳаракат қилиши ва йўл қоидаларига оғир-вазминлик билан муносабатда бўлиши айрим тарбиясиз ҳайдовчилар томонидан салбий қаралмоқда. Ортидан сигнал босишлар, йўл четига сиқиб қўйишлар ва ҳақоратли сўзлар билан камситишларига гувоҳ бўляпмиз.

Бунинг оқибатида яқинда шундай ҳолатни бошидан ўтказган 75 ёшли самарқандлик Маматқул отанинг айтишича, бундан кекса ва мўътабар кишиларимиз ҳақли равишда ранжимоқда ва асабийлашмоқда. Нуронийларимиз ўзларини камситилгандай ва ҳайдовчилик ҳуқуқлари чеклангандай ҳис этишмоқда.

Шу сабабли ёши улуғ кексаларнинг автомобилларни бошқариш ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида “хотин-қизлар”, “ногиронлиги бор”, “ўрганувчи” каби “кексалар” йўл ҳаракати ёрлиқ-белгиларини ишлаб чиқиб, амалга киритишни тавсия қилмоқдамиз. Уни тақиб олган машиналарни кўрган ёш ҳайдовчилар ҳушёр тортади, ортиқча ҳаракатлар қилиш ноўрин эканлигини тушуниб етади. Шунда мўътабар отахонларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга ва улар билан ҳисоблашиб муомала қилишларига ишончимиз комил.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Бош прокуратуранинг оммавий ахборот воситаларида ҳар қандай фикр ва чиқиш, таклиф ва ташаббусга юқори даражадаги эътибор ва рағбат кўрсатаётгани, журналистларнинг саволларига тезкорлик билан жавоб қайтариб, аҳолининг ҳақиқий ахборотга бўлган эҳтиёжларини қондираётганини кузатишга одатланиб қолганимиз мамнуният бағишлаётганини айтиб ўтмоқчиман.

Жаҳонгир Саримсоқов

– “2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” бўлди. Ижтимоий ҳимоя ҳамиша бирламчи вазифамиз бўлиб қолган. Аниқ ижтимоий йўналтирилган қандай таклифларингиз бор?

– Давлат бор жойда ижтимоий юк доимо бўлган. Лекин Ўзбекистон Президенти унинг ижросига чуқур масъулият билан қараётгани бошқаларни ҳавасини тортмоқда. Чунки энг ривожланган жамият ҳатто ўз ногиронини ҳам эътиборсиз қолдирмай, доим бошини силашга қурби етадиган жамиятдир.

Ногиронлар учун 100 фоизлик тўсиқсиз муҳит яъни алоҳида эскалаторлар, ҳожатхоналар, йўлакчалар, таълим ва соғлиқни сақлаш шароитларини яратиш уларнинг ҳуқуқларини тугал ҳимоя қилишнинг бир шакли бўлади.

Яқиндан бошлаб, масалан Бирлашган Араб Амирликлари Бош вазири Муҳаммад Ол Мактум ташаббуси билан Амирликлар ҳудудида имконияти чекланганларга нисбатан “ногирон” сўзи ўрнига “мардонавор инсон” сўзи қўлланила бошлади. Ногирон бўлиб яшашнинг бир куни, бир соати қанчалар азоб, қанча руҳий куч талаб қилади.

Уларга давлат томонидан ҳар сафар имтиёзли уйлар топширилганини кўрганда қалбимиз кўзи яққолроқ очилади.

Яқинда кореялик бир меҳмон билан суҳбатимизда айтган ушбу фикри мени жуда тўлқинлантириб юборган эди: “Ўзбекистонда ногиронлиги бор одамлар ҳам Президент Мирзиёев ислоҳотлари шиддатига ўзи мисолида ишонч ва умиди шу қадар каттаки, буни уларнинг ёниб турган кўзларидан ҳам сезиш мумкин. Мен ортиқча такаллуфларсиз, сиёсий етакчингизни улкан савоблар ва хайрли ишлар президенти демоқчи эдим. Ўзбекистондаги мустаҳкам ижтимоий ҳимоя тизими иқтисодиётнинг барқарорлигига сармоядорларни ишонтирувчи муҳим барометр ҳамдир”.

Шу маънода мен маҳаллий ҳокимиятлар давлат муассасалари, жамоат жойлари, супермаркетлар, транспорт, дам олиш марказларидаги “ногиронлар учун” деб ёзиб қўйилган таглавҳаларни “мардонавор инсонлар учун”, деб ўзгартириш таклифини билдирмоқчиман.

Ўзи “ногирон” сўзини “ногиронлиги бор” деб ўзгартирилишига қаршиман. Ожизни кўнглига тегмасин, деб қайтанга таъкидни кучайтириб қўймадикми?!

Бу билан улар учун кенг имкониятлар яратишимиз, ижтимоий жараёнларга фаол жалб қилишимиз, кундалик ҳаётда шахсий иштирокларини тобора кучайтиришимиз мумкин. Бизни эса ақлий ва жисмоний жиҳатдан тан олинган меъёрларни бажаришга қодир бўлмаган одамларга меҳр-муҳаббат билан муносабатда бўлишга ундайди. Қолаверса, ташкилот ва муассасаларда бу тоифадаги одамлар билан ишлаш учун янги “мардонавор инсонлар билан ишлаш бўйича масъул” лавозимлари жорий этиш ҳам мумкин. Бу бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ягона классификаторга мазкур йўналишни қўшиш тавсиясини ҳам киритилди.

Яна бир таклиф. Биз шу кунларда Ички ишлар вазирлиги, Марказий банкка, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Республика ногиронлар жамиятларига ҳам ҳамкорлик қилиш ниятидамиз.

“2019 йил – Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” доирасида жаримага тортилган, бироқ тўловга қурби етмайдиган, фарзандини контракт асосида ўқитаётган, оиласида ногирони бор, боқувчисини йўқотган, бир сўз билан айтганда эҳтиёжманд фуқаролар учун 50 фоизгача чегирмалар бериш таклифини берамиз. Сабаби бу тоифадаги шахслар билан алоҳида ишлаш талаб этилади.

Бу орқали давлатнинг ижтимоий ҳимоя тизими янада кучайиб, қурби етмайдиган, ижтимоий ёрдамга муҳтож фуқароларимизнинг жаримасини ўз вақтида тўлай олмагани учун жазоланиб қолишидан муҳофаза қилинади.

Қолаверса, юксак истеъмол маданиятини шакллантириш мақсадида йўл ҳаракати қоидаларини бузмай, тартибларга қатъий амал қилиб келаётган фуқароларни тақдирлаш тизимини жорий этиш таклифини илгари сурмоқдамиз.

Масалан, тартибли бўлгани учун жаримага тортилмаган ҳайдовчилар ҳар ойда бир баллдан жамғариб боришади. Кейинроқ билиб-билмай майда қоидабузарлик содир этиб қўйган чоғда бу баллардан фойдаланишлари мумкин бўлсин. Шунда улар янада масъулиятлироқ бўлишади. Агар бир йилда 12 балл жамғаришса, улар орасидан ҳудудлар бўйича энг муносиб 14 нафар юртдошимизни Федерациямиз томонидан махсус совғаси билан тақдирлашимиз мумкин.

10, 20, 30, 40, 50 йил давомида бирор маротаба ҳам қоида бузмаган энг намунали ҳайдовчиларни аниқлаб, уларга қимматбаҳо совғалар бериш, ҳатто Гиннеснинг рекордлар китобига киритишга тавсия этиш ҳам мумкин. Балки рекордчилар ичимиздадир.

– Яқиндан бошлаб Тожикистон, Корея, Ҳиндистон, Туркияда юрган ўзбекистонлик ишчилар ва сайёҳлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ва ушбу давлатларнинг Ўзбекистондаги фуқаролари учун имкониятлар яратувчи келишувларга эришдингизлар. Аммо Ўзбекистонга келаётган миллион-миллион сайёҳнинг истеъмол ҳуқуқлари бўйича қандай янгиликлар қилинмоқда.

– Асосий мақсадимиз ўзбекистонлик истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда ҳимоя қилишдир. Бунинг учун чет давлатлардаги турдош ташкилотлар билан меморандумлар имзолаяпмиз. Бизга бу борада яқиндан кўмак кўрсатаётган ташқи ишлар вазири 1-ўринбосари Илҳомжон Неъматов миннатдорчилик билдирмоқчи эдим.

Ўзбек фуқаролари ҳалол меҳнат қилиб, ўз оиласи, ватани иқтисодиётини мустаҳкамлаш учун жуда катта ҳисса қўшаётган экан, уларнинг ҳуқуқларини ҳамма томондан муҳофаза қилиш бўйича бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилишимиз кераклигини ходимларимиз яхши тушунади.

Саволингизни иккинчи қисмига келсак. Рақамларга кўра, 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллион хорижий сайёҳ ташриф буюргани баён этилмоқда. Аммо улар Ўзбекистон ҳудудида юрган вақтида соғлиғи ёмонлашса, саломатлиги билан боғлиқ кўнгилсиз муаммога юзага келса, қўшимча харажатга тушишидан ҳимоя қилинмаган.

Биз улуғ ниятлар билан сайёҳлик полициясини туздик. Жуда ажойиб иш ва хайрли иш бўлди. Аммо уларнинг ёнида албатта, сайёҳлик шифокори ҳам керак. Шунда бу яхлит бир фойдали тузилмага айланади.

Мажбурий суғурта тизимига тўлиқ ўтгунимизга қадар Ўзбекистонга сайёҳлик мақсадида келадиган хорижликларга виза тақдим этиш чоғида мажбурий тиббий суғуртани ҳам қўшиш мумкин. Касал бўлиб қолганида уларнинг шифокорлар хизматидан фойдаланишига шароит яратиб, яхшилаб даволаб юборсак, аптекаларда сотилаётган дори-дармонлар рецептини инглизчасига ҳам ўгириб қўйсак, шубҳасиз бу мамлакатимиз имижи бўлади.

Якуний мақсад сайёҳларга кутилмаган ҳолатларда тушиб қолганида уларнинг ортиқча харажатга тушишидан суғурта қилишдир.

Виза нархи ичига қўйилган 4-5 долларни соғлиқни сақлаш, туризм қўмитаси ёки молия вазирлигининг махсус жамғармасига ўтказиш мумкин. Нима бўлганда ҳам бундай ёндашувлар орқали сайёҳларнинг истеъмол ҳуқуқи самарали, замонавий стандартларга мос ва хавфсиз шаклларда таъминланиб, уларнинг Ўзбекистонга нисбатан юқори ишончи ва муҳаббати ортади. Бу тўйғулар охир-оқибат мамлакатга миллиардлаб доллар инвестиция келтиради, деганидир.

Дурдона Шарофиддинова суҳбатлашди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?