Ўзбекистонда крахмал ишлаб чиқариладиган биринчи корхона ишга туширилди

16:15 20 Октябр 2018 Иқтисодиёт
5443 0

Тошкент шаҳрида масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Golden Corn” крахмал-паток заводи фойдаланишга топширилди. Бу мамлакатимиздаги ушбу турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ягона корхона ҳисобланади.

Дарҳақиқат, шу пайтгача қандолатчилик, озиқ-овқат, фармацевтика саноати корхоналарининг крахмал, крахмал патоки, яъни қиёмига бўлган эҳтиёж импорт ҳисобига таъминланар эди. Янги қувват четдан кириб келаётган маҳсулот ҳажмини камайтириш орқали ишлаб чиқарувчилар моддий ресурсларини тежашга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир. Чунки маккажўхори донидан олинадиган крахмал таннархи турдошларига қараганда тўрт баробар арзондир.

Мазкур инвестициявий лойиҳа ўтган йили Президентимизнинг Чилонзор туманига ташрифида доирасида тақдим этилган эди. Унинг умумий қиймати қарийб 5 миллион АҚШ долларига тенг бўлиб, шундан 2 миллион АҚШ доллари “Қишлоқ қурилиш банк” АТБ томонидан молиялаштирилди.

— Банк кредити эвазига Хитойдан энг замонавий технологик ускуналар олиб келиб, 10 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштирдик, — дейди корхона раҳбари Шамсиддин Шукуров. — Лойиҳанинг дастлабки босқичида кунига 50 тонна хом ашё қайта ишланиб, ўртача 35 тонна крахмал кукуни, у асосида эса қандолатчиликда энг муҳим хом ашё ҳисобланадиган крахмал қиёми, мальтоза қиёми тайёрланмоқда. Бундан ташқари, саломатлик учун ниҳоятда фойдали бўлган жўхори ёғи ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ҳозирги пайтда корхонада 100 киши меҳнат қилаётган бўлса, у тўлиқ қувват билан ишлай бошлагач, яна 50 та иш ўрни яратилади. Йилига салкам 20 минг тонна хом ашё қайта ишланиб, ички бозорга 9,6 миллион АҚШ долларилик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар етказиб берилади.

Эътиборлиси, хорижликлар Ўзбекистон крахмалига ҳозирданоқ катта қизиқиш билдирилмоқда. Масалан, қўшни давлатлардан буюртмалар туша бошлади. Бу, ўз навбатида, корхона раҳбариятига ишлаб чиқариш қувватини ошириш, экспортни йўлга қўйиш саъй-ҳаракатларини жадаллаштиришга туртки бермоқда.

Лойиҳа ташаббускорларининг айтишича, амалиётга чиқитсиз технология жорий этилган. Натижада асосий маҳсулотлардан ташқари, чорвачилик, балиқчилик ва паррандачилик учун омихта ем, турли биоқўшимчалар, шунингдек, ёғ-мой саноати учун иккиламчи хом ашёлар тайёрлаш, пировардида қўшимча даромад топиш имконияти пайдо бўлди.

Заводнинг очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев иштирок этди.
Саид РАҲМОНОВ,
“Халқ сўзи” мухбири.

Суратлар муаллифи: Ҳасан Пайдоев/"Халқ сўзи"​

Реклама ҳуқуқи асосида​​​​​​​

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?