Ўзбекистонда интернет бошқа давлатларга нисбатан қимматми?

18:38 16 Декабрь 2019 Жамият
2187 0

Иллюстратив фото

Бундан бор-йўғи 20 йил олдин дунё аҳолисининг 4,1 фоизигина интернетдан фойдаланиш имкониятига эга эди. 2019 йилга келиб глобал тармоқдан фойдаланувчилар сони 4,5 млрд.дан ошиб кетди. Бу башариятнинг 58,8 фоизи деганидир.

Интернетнинг ҳаётимизда муҳим роль ўйнаши БМТ томонидан ҳам алоҳида таъкидлаб келинади. Ушбу ташкилот томонидан интернетдан фойдаланиш инсоннинг асосий ҳуқуқларидан бири сифатида эътироф этилган резолюция қабул қилингани, ўзига аъзо давлатларни рақамли нотенгликка қарши курашишга мудом чақириб келаётгани бунинг ёрқин тасдиғидир.

Хўш, бугунги кунда интернетдан фойдаланиш бюджет учун қанчага тушмоқда? Энг арзон веб-саёҳатни қаерда амалга ошириш мумкин? Супертезликка эга интернет қайси мамлакатда? Ростдан ҳам, Марказий Осиёда интернет қимматми?

Picodi.com тадқиқот манбаси таҳлилчилари дунёнинг 62 та давлатида уй хўжалиги учун оптик толали чегарасиз интернет етказиб берувчи 233 та энг йирик провайдер, улар белгилаган нархларни ўрганиб чиқди ва юқорида саволларга жавоб қайтарди.

100 Мбит/с ҳаммага етиши керак

Интернетдан қулай фойдаланиш бир нечта омилларга боғлиқ. Тарифнинг номинал тезлиги, тармоққа уланиш технологияси, симсиз сигналга халақит берадиган ҳолатлар, тармоқнинг юкланганлиги, шунингдек, кўрилаётган веб-сайтнинг сифати ва унинг сервергача бўлган масофаси шулар жумласидандир.

Speedtest.net платформаси маълумотларига кўра, дунёда симли интернетнинг ўртача тезлиги 70 Мбит/с(2019 йил декабрь ҳолатига)ни ташкил этган.

 

Ўз навбатида тадқиқ этилган мамлакатларнинг аксариятида, тўғрироғи 62 тадан 55 тасида энг кўп таклиф қилинадиган тезлик бу 100 Мбит/с.га тенг экан. Интернетга уланишнинг бундай суръати бир нечта қурилмада бир вақтнинг ўзида сайтларни эркин кўриб чиқиш ва стриминг сервисларидан 4 К(UHD), яъни энг яхши сифатда фойдаланиш имконини беради.

Аммо Польша, Руминия, Франция, Сингапур каби қатор давлатлардаги йирик интернет-провайдерлари бундай паст тезликни тақдим этишни ўзларига ҳам, мижозларига ҳам раво кўришмайди.

Масалан, Польша ва Руминияда бу борадаги энг кам тариф 150 Мбит/с.га, Францияда 200 Мбит/с.га, Сингапурда эса 500 Мбит/с.га тенг.

Тожикистон, Туркманистон ва Вьетнамда эса 100 Мбит/с. ҳамон кенг тарқалмаган.

Ўрганилган мамлакатларда 100 Мбит/с. тезлик учун энг кўп тўлов ЖАРда амалга оширилар экан — бир ойга ўртача 87 АҚШ доллари. Исландия ва Норвегия аҳолиси эса худди шундай тезлик учун 69 доллар тўлайди.

Шарқий Европанинг баъзи мамлакатларида фойдаланувчилар 100 Мбит/с. тезлик учун энг кам пул тўлар экан. Чунончи, ойига Молдовада 9,66 доллар, Россияда 7,68 доллар, Украинада 6,19 доллар.

Ўзбекистон ва Қирғизистонда бундай тезликка уланиш учун ойига мос равишда 51,22 доллар ва 34,13 доллар берилади. Қозоғистонда эса бунинг учун 11,21 доллар тўланиши маълум бўлган.

Интернет учун ойига 20 доллар

Хўш, тадқиқотга кўра, қандай турдаги интернет учун ойига 20 доллар тўланади?

62 давлатдан 25 таси бу рўйхатдан жой олмаган. Масалан, Австралия, Бразилия, Германия, Швейцария, Чили, Италия, Португалия, АҚШ ва ЖАРда оптик толали чексиз интернетга уланиш 20 доллардан қимматга тушади.



Бир ойга нархи бўйича 1 Гбит/с. юқори тезликдаги интернетни Руминия, Украина, Венгрия, Ҳиндистон, Молдова ва Латвиядан топиш мумкин.

Россияда бу нархга 890 Мбит/с., Қирғизистонда 40 Мбит/с., Ўзбекистонда 20 Мбит/с., Тожикистонда эса 1 Мбит/с. тезликдаги интернет харид қилиш мумкин.

Космик тезлик

Назарияга кўра, 1Гбит/с. тезликдаги уланишда 1 Гб. ҳажмли файлни 8 сонияда юклаб олиш мумкин. Кўплаб давлатларда бу таклиф этиладиган максимал опция ҳисобланади. Тадқиқот муаллифлари бундай тезлик керакми ёки йўқми деган саволга аниқлик киритишмаган. Улар фақат гигабайтли интернетни қайси давлатлар фойдаланувчилари ишлатиши мумкинлигини ва бунинг нархларини текшириб чиқишди. Аниқланишича, 1 Гбит/с. тезликка эга интернет кўплаб давлатларда ҳашам белгиси ҳисобланади.

44 мамлакатдан 24 тасида провайдерлар шу каби тарифни таклиф этишмоқда. Унинг бир ойлик тўлови 50 доллардан зиёд туради. Бу борада энг қиммат уланиш Австрия ва Австралияда(мос равишда 220 доллар ва 231 доллар)да экан.

Ўз навбатида энг арзон юқори тезликдаги интернет Руминия ҳиссасига тўғри келади — ойига 8,84 доллар. Марказий Осиёдаги йирик провайдерлар эса ҳозирги пайтда 1 Гбит/с. тезликдаги интернетни таклиф этишмаяпти.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?