Ўзбекистон журналистларининг касб этикаси кодекси

08:44 24 Июль 2019 Ҳужжатлар
398 0

МУҚАДДИМА

Инсон манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланган демократик жамиятни сўз ва ахборот эркинлигисиз тасаввур этиб бўлмаслигини эътироф этиб, биз — Ўзбекистон Журналистлари мазкур касб этикаси кодексини (кейинги ўринларда – Кодекс) қабул қилдик.

Кодекс Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси (БМТ Бош Ассамблеяси, 1948 йил), Журналистикада касб этикаси халқаро принциплари (ЮНЕСКО, 1983 йил), Журналистлар одоб-аҳлоқи принциплари халқаро декларацияси (Халқаро журналистлар федерациясининг конгресси, 1954 йил) ва Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ҳамда қонунчилиги инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилди.

Кодекс журналистлар ва барча оммавий ахборот воситалари ходимлари ўз касб мажбуриятларини бажаришда риоя этиши шарт бўлган маънавий-ахлоқий йўналишларни белгилайди.

1.ЖУРНАЛИСТНИНГ КАСБ МАЖБУРИЯТИ

Ҳаққонийлик, холислик, адолат, фикрлар хилма-хиллиги ва инсон ҳуқуқларига ҳурмат Ўзбекистон журналистлари фаолиятининг асосий қоидаси ҳисобланади.

Журналист ўзининг сўз ва ахборот эркинлигини таъминлаш йўлидаги фаолияти жамият олдидаги бурчи экани ва унинг материаллари жамият манфаатларига хизмат қилиши кераклигини тўлиқ англайди.

Журналист Ўзбекистоннинг амалдаги қонунлари ва халқаро ҳуқуқ нормаларига асосланиб иш олиб боради, медиа маконда ижтимоий масъулият муҳитини яратган ҳолда соҳада ўзини-ўзи бошқариш тизимини вужудга келтириш ва мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшади, журналист обрў-эътибори ва шаънини ҳимоя қилади.

2. ЖУРНАЛИСТНИНГ ИЖТИМОИЙ МАСЪУЛИЯТИ

Журналист жамият учун ахборот тўплаши, тайёрлаши, тарқатиши, шунингдек фуқароларнинг ўз фикрларини билдиришлари учун эркин майдон яратади.

3. БЕТАРАФЛИК ВА ХОЛИСЛИК

Журналист бетараф бўлиши, воқеа-ҳодисаларни холисона ва ҳаққоний ёритиши, муомала маданияти ва очиқлик тамойилларига амал қилади.

Журналист ўз касб мажбуриятларини бажаришда ахборот олишнинг қонунга зид усулларидан фойдаланмаслиги (қўрқитиш, таъмагирлик, товламачилик, иғвогарлик, мукофот ваъда қилиш ёки одоб-ахлоқ нормаларига зид бошқа усуллардан фойдаланиш), шунингдек ўз хизмат ваколатларидан шахсий мақсадлари йўлида фойдаланмайди.

Журналист ҳар қандай шароитда ҳам ёлғон ахборот эълон қилмаслиги, далилларни бузиб кўрсатмаслиги ва ижтимоий аҳамиятга эга ахборотни атайлаб яширмайди.

4. АХБОРОТНИНГ ИШОНЧЛИЛИГИ

Ўзи тарқатаётган ахборотнинг ишончлилигини текшириш ва холис ахборот тақдим этиш журналистнинг мажбуриятидир. Журналист ҳаққонийлигига ишонч ҳосил қилган ахборотнигина тарқатади ва шарҳлайди (камида иккита мустақил манба орқали ахборотни текшириб кўриши тавсия этилади).

Ишончсиз ва далилларга асосланмаган ахборот тарқатган тақдирда журналист зудлик билан ўз хатосини тан олиши, узр сўраб, хатосини тузатиш чорасини кўради.

Журналист фикр ва нуқтаи назар хилма-хиллигини ҳурмат қилади.

5. АХБОРОТ МАНБАИ ВА УНИНГ МАХФИЙЛИГИ

Журналист жисмоний ёки юридик шахсларнинг ахборот тақдим этишни рад этиш ёки тақдим этишдан тийилиш ҳуқуқини тан олади.

Журналист ахборот манбаининг рухсатисиз маълумотларни ошкор қилмаслиги, ахборотдан ғаразли ёхуд учинчи шахс манфаатларини кўзлаб фойдаланмайди.

Журналист махфий йўл билан олинган ахборот манбаига нисбатан касб сирини сақлайди. Журналистдан ахборот манбани ошкор этишга мажбурлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

6. МИЛЛИЙЛИК ВА МАЪНАВИЯТ

Журналист қандай мавзуга қўл урмасин миллий ўзига хослик, миллий маънавият ва ахлоқий қадриятларга, шу билан бирга бошқа миллат ва элатларнинг урф-одат ва маданиятига нисбатан ҳурмат сақлайди. Материални тарқатишда адабий тил қоидаларига амал қилади.

Журналист ҳеч бир халқ ва элатнинг миллий, диний ёки ирқий камситилишига йўл қўймайди.

Журналист мамлакатнинг ахборот маконидаги нуфузи ва жаҳон ахборот майдонидаги имижига путур етказмасликка интилади.

7. ШАХСИЙ ҲАЁТГА ҲУРМАТ. ШАХС ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИММАТИНИ ҲИМОЯЛАШ

Журналист одамларнинг шахсий ҳаёт дахлсизлиги ҳуқуқини ҳурмат қилади. Шахс шаъни ва қадр-қиммати камситилишига йўл қўймайди.

Журналист одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақидаги маълумотларни фақат уларнинг розилиги ва ҳужжатларнинг сир сақланишига риоя қилган ҳолда эълон қилади.

Журналист ноқонуний йўл ва номақбул воситалар ёрдамида одамларнинг шахсий ҳаёти ҳақида ахборот тўплаш, овоз ёзиб олиш ва материаллар тўплаши мумкин эмас.

Журналист жиноий ишни ёритувчи материални тайёрлаётганида айбсизлик презумпциясига амал қилади.

8. ПЛАГИАТ

Журналист ўз фаолиятида плагиатга йўл қўймайди. Плагиат (кўчирмакашлик) ҳеч бир ҳавола кўрсатмай ўзга манбанинг матни, овози, кадри ҳамда тасвирини ўзлаштириб олишдир.

Журналист бошқа оммавий ахборот воситалари ва журналистлар муаллифлигидаги материаллардан фойдаланганида ёки уларга мурожаат қилганида аниқ манбани кўрсатишга бурчлидир.

9. ЖУРНАЛИСТЛАР БИРДАМЛИГИ

Журналистлар касбий бирдамлик талабларига риоя қиладилар. Журналист профессионал обрў-эътиборига путур етказадиган ва ижтимоий бурчига зид бўлган ишларга қўл урмайди, оммавий ахборот воситаларидан ғаразли мақсадларда ва ҳамкасблари ўртасида келишмовчиликлар келтириб чиқариш йўлида фойдаланмайди.

Профессионал фаолияти учун таъқиб остига олинган журналист журналистлар бирдамлиги туйғуси ва принципларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкасблари ҳимоясида бўлади.

10. ОММАВИЙ АХБОРОТ ВОСИТАЛАРИ БЎЙИЧА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ

Журналист касб этикаси талаблари ва меъёрлари бузилиш ҳолатларини кузатиш, таҳлил қилиш ва тегишли хулоса чиқариш мақсадида оммавий ахборот воситалари бўйича Жамоатчилик кенгаши тузилади.

Жамоатчилик кенгаши низоми Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси конференциясида тасдиқланади.

Жамоатчилик кенгаши етти кишидан иборат таркибда беш йиллик муддатга Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси конференциясида сайланади.

Жамоатчилик кенгаши:

— миллий ва хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган (тарқатилган) материалларни журналистнинг касб этикаси меъёрлари нуқтаи назаридан ўрганади, таҳлил қилади, баҳолайди, хулоса чиқаради;

— журналистлик фаолияти билан боғлиқ баҳсли ҳолатларга ойдинлик киритилишида ёрдамлашади;

— Кодекс меъёрларига риоя этилмаслик ҳолатлари юзасидан тақдим этилган мурожаатларни кўриб чиқади ва қарор қабул қилади;

журналист касб этикасига тааллуқли бошқа масалаларни жамоатчилик эътиборига ҳавола этади.

Кўриб чиқилган масалалар юзасидан Жамоатчилик кенгашининг қарори Оммавий ахборот воситаларида чоп этилади.

Жамоатчилик кенгаши қарори журналистни интизомий, маъмурий ёки бошқа турдаги жавобгарликларга тортиш учун асос ҳисобланмайди, у тавсия хусусиятига эга.

Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг IV конференцияси

Тошкент шаҳри, 2019 йил, 17 июль


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019