Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида

09:04 11 Декабрь 2019 Ҳужжатлар
6394 0

Ўзбекистон Республикасининг қонуни

(янги таҳрири)

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг (бундан буён матнда Вазирлар Маҳкамаси деб юритилади) фаолиятини тартибга солишдан иборат.

2-модда. Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Вазирлар Маҳкамаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

3-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мақоми

Вазирлар Маҳкамаси – Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ижро этувчи ҳокимиятнинг олий органи бўлиб, иқтисодиёт, ижтимоий ва маънавий соҳаларнинг самарали фаолият кўрсатишига раҳбарлик қилишни, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасида ижро этувчи ҳокимиятнинг ягона тизимига раҳбарлик қиладиган коллегиал органдир.

4-модда. Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий принциплари

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги, инсон ҳамда фуқаронинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш, коллегиаллик, ҳокимият тармоқларининг бўлиниши ва ҳамкорлиги, шунингдек очиқлик ва шаффофлик Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг асосий принципларидир.

2-боб. Вазирлар Маҳкамасининг таркиби ва уни шакллантириш тартиби

5-модда. Вазирлар Маҳкамасининг таркиби

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг аъзолари – Ўзбекистон Республикаси Бош вазиридан (бундан буён матнда Бош вазир деб юритилади), унинг ўринбосарларидан, вазирлардан, давлат қўмиталари раисларидан иборатдир. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Вазирлар Маҳкамаси таркибига ўз лавозими бўйича киради.

6-модда. Вазирлар Маҳкамасини шакллантириш тартиби

Бош вазир номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) сайловда энг кўп депутатлик ўринларини олган сиёсий партия ёки тенг миқдордаги энг кўп депутатлик ўринларини қўлга киритган бир неча сиёсий партия томонидан таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир лавозимига тақдим этилган номзодни кўриб чиққанидан кейин ўн кунлик муддатда уни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг кўриб чиқиши ва тасдиқлаши учун таклиф этади.

Бош вазир лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида унинг номзоди кўриб чиқилаётган ва тасдиқланаётганда Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳаракатлар дастурини тақдим этади.

Бош вазир номзоди, агар уни ёқлаб тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати (бундан буён матнда Сенат деб юритилади) аъзолари умумий сонининг ярмидан кўпи овоз берса, тасдиқланган ҳисобланади.

Агар овоз бериш чоғида Бош вазир номзоди Қонунчилик палатасида ёки Сенатда Қонунчилик палатаси депутатлари ёки Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини ололмаса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан қўшимча маслаҳатлашувлар ўтказганидан кейин Бош вазир лавозимига номзодни яна бир марта тақдим этиш ҳуқуқига эга.

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари Бош вазирнинг Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин киритилган тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади ва лавозимидан озод этилади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзод Қонунчилик палатасидаги масъул қўмита, сиёсий партиялар фракциялари ва депутатлар гуруҳлари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилганидан кейин Қонунчилик палатасининг мажлисида кўриб чиқилади ва маъқулланади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзоси лавозимига номзод унинг номзодини Қонунчилик палатасида кўриб чиқиш ва маъқуллаш чоғида Вазирлар Маҳкамасининг ҳаракатлар дастури билан ўзаро боғлиқ бўлган, истиқболга мўлжалланган мақсадли кўрсаткичлар ва вазифаларга эришиш борасидаги ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий, ташкилий-техник чора-тадбирларни назарда тутувчи ҳаракатлар режасини тақдим этади.

Қонунчилик палатаси Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодни рад этган тақдирда, Бош вазир кўриб чиқиш ва маъқуллаш учун янги номзодни киритади.

Вазирлар Маҳкамасининг аъзоси Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланганидан кейин ўз вазифаларини бажаришга киришади.

Бош вазир ва Қонунчилик палатаси ўртасида доимий зиддиятлар юзага келган тақдирда, Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида учдан бир қисми томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти номига расман киритилган таклиф бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўшма мажлиси муҳокамасига Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми билдириш ҳақидаги масала киритилади.

Бош вазирга нисбатан ишончсизлик вотуми тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари умумий сонининг камида учдан икки қисми овоз берган тақдирда қабул қилинган ҳисобланади. Бундай ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда Вазирлар Маҳкамасининг бутун таркиби Бош вазир билан бирга истеъфога чиқади.

Янги Бош вазир номзоди Қонунчилик палатасидаги барча сиёсий партиялар фракциялари билан тегишли маслаҳатлашувлар ўтказилганидан кейин Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига кўриб чиқиш ва тасдиқлашга тақдим қилиш учун таклиф этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан Бош вазир лавозимига номзод икки марта рад этилган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазир вазифасини бажарувчини тайинлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисини тарқатиб юборади.

Амалдаги Вазирлар Маҳкамаси янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси олдида ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилади, бироқ Вазирлар Маҳкамасининг янги таркиби шакллантирилгунига қадар мамлакат Президентининг қарорига мувофиқ ўз фаолиятини давом эттириб туради.

Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши янги шакллантирилган Сенатнинг биринчи мажлиси ўтказилган кунда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига Бош вазир томонидан ёзма мурожаат бериш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари ўзининг мажлисларида Вазирлар Маҳкамасининг ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиши тўғрисидаги тегишли қарорларни қабул қилади.

7-модда. Бош вазирни лавозимидан озод этиш

Бош вазир Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан қуйидаги ҳолларда лавозимидан озод этилади:

Бош вазирнинг истеъфога чиқиш тўғрисидаги аризасига биноан;

Бош вазир ўз ваколатларини бажариши мумкин бўлмай қолган тақдирда;

Вазирлар Маҳкамаси таркибида унинг нормал фаолият кўрсатишига таҳдид солувчи, бартараф этиб бўлмайдиган ихтилофлар юзага келганда, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси томонидан бир неча бор Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига зид қарорлар қабул қилинган тақдирда;

Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракцияларининг Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун тақдим этган ташаббусига биноан. Агар зарур асосларга эга бўлган бундай ташаббус Қонунчилик палатасидаги сиёсий партияларнинг етакчи фракциялари томонидан қўллаб-қувватланса ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Қонунчилик палатасида ва Сенатда овозга қўйилганда тегишинча Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенат аъзолари умумий сонининг учдан икки қисмидан кўпроғининг овозини олса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Бош вазирни лавозимидан озод этиш тўғрисида қарор қабул қилади;

Бош вазирга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан қабул қилинган ишончсизлик вотуми билдирилган тақдирда.

Бош вазирнинг лавозимидан озод этилиши бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг истеъфога чиқишига сабаб бўлади.

3-боб. Вазирлар Маҳкамасининг ваколатлари

8-модда. Вазирлар Маҳкамасининг умумий ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

самарали иқтисодий, ижтимоий, молиявий, пул-кредит сиёсати юритилиши, илм-фан, маданият, таълим, соғлиқни сақлашни ҳамда иқтисодиётнинг ва ижтимоий соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш бўйича дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилиши учун жавобгар бўлади;

фуқароларнинг иқтисодий, ижтимоий ва бошқа ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир чораларни амалга оширади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ҳамда йўналтиради, уларнинг фаолияти устидан назоратни таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари ижросини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан ҳар йилги маърузаларни тақдим этади;

давлат бошқаруви тузилмасини такомиллаштириш тўғрисида, вазирликларни, давлат қўмиталарини, идораларни ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш, қайта ташкил этиш ҳамда тугатиш ҳақида таклифлар ишлаб чиқади;

стратегик режалаштиришнинг замонавий шакллари давлат бошқаруви тизимига жорий этилишини таъминлайди;

мамлакатни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг энг муҳим ҳамда устувор йўналишлари бўйича яқин, ўрта ва узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган стратегиялар, концепциялар, дастурлар ҳамда «йўл хариталари»ни амалга ошириш юзасидан чоралар кўради.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида, ушбу Қонунда ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

9-модда. Вазирлар Маҳкамасининг иқтисодиёт соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

иқтисодиёт соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини ва индустриал сиёсат олиб борилишини таъминлайди;

барқарор иқтисодий ўсишни, макроиқтисодий мутаносибликни таъминлаш, иқтисодиётни ислоҳ этиш ва таркибий ўзгартириш, миллий иқтисодиётни диверсификация қилиш ҳамда унинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича чоралар кўради;

иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмлари жорий этилишини ва унинг асосий тармоқларини ривожлантириш стратегиялари шакллантирилишини таъминлайди;

саноатни модернизация ва диверсификация қилишни, юқори технологияли қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантиришни, инновацион ишланмаларни ва энергия тежайдиган технологияларни ишлаб чиқаришга кенг жорий этишни, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтиришни, шунингдек атом энергетикасини ривожлантиришни таъминлайди;

иқтисодиёт тармоқларини стратегик жиҳатдан ривожлантириш давлат дастурларини, давлат ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

туризм индустриясини ривожлантириш ва туризм инфратузилмасини кенгайтириш учун шарт-шароитлар яратади;

эркин иқтисодий зоналар, технопарклар, кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштиришни ва мониторинг қилишни амалга оширади, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш чораларини кўради;

давлат бошқаруви усулларини такомиллаштиради, шу жумладан электрон ҳукумат принциплари асосида такомиллаштиради, бозор принципларига асосланган хўжалик бошқаруви ҳамда корпоратив бошқарувнинг замонавий принциплари ва усуллари жорий этилишини рағбатлантиради; 

қишлоқ хўжалигини бошқариш тизимини такомиллаштириш, аграр секторни модернизация қилиш ҳамда жадал ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ресурсларни тежовчи ва интенсив замонавий агротехнологияларни жорий этиш, ер ресурслари сифатини сақлаш ва яхшилаш ҳамда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш чораларини кўради;

урбанизация жараёнларининг давлат томонидан тартибга солинишини ва давлат уй-жой сиёсати амалга оширилишини, ер участкаларига нисбатан замонавий бозор механизмлари жорий этилишини таъминлайди;

эркин тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, «хуфиёна» иқтисодиёт улушини қисқартириш, иқтисодий жараёнларда давлатнинг иштирокини мақбуллаштириш учун шарт-шароитлар яратади, шу жумладан лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш ҳамда давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш орқали шарт-шароитлар яратади;

тадбиркорлар, шу жумладан чет эллик инвесторлар мурожаатлари билан ишлаш, улар билан очиқ ва тўғридан-тўғри мулоқотни таъминлаш бўйича самарали тизимни жорий этиш чораларини кўради.

10-модда. Вазирлар Маҳкамасининг бюджет, молия, пул-кредит сиёсатини амалга ошириш соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

бюджет, молия, пул-кредит сиёсати соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети (бундан буён матнда Давлат бюджети деб юритилади) ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари, республикани иқтисодий ҳамда ижтимоий ривожлантириш прогнозларини ва энг муҳим дастурларини инобатга олган ҳолда солиқ ҳамда бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ишлаб чиқилишини ва бажарилишини ташкил этади;

харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлигини сақлаб қолган ҳолда Давлат бюджетининг барча даражаларида мутаносибликни таъминлаш, маҳаллий бюджетларнинг даромад қисмини мустаҳкамлаш чораларини амалга оширади;

самарали фискал сиёсат олиб боради, солиқ солиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятчилиги тизимининг сифати ва самарадорлигини ошириш чораларини кўради;

пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш, валюта сиёсатини либераллаштириш, валютани тартибга солишнинг замонавий бозор механизмларини жорий этиш, шунингдек миллий валютанинг барқарорлигини таъминлаш чораларини кўради;

банк тизимининг барқарорлигини таъминлайди, ушбу тизимнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, шунингдек суғурта, лизинг ва бошқа молия институтларини ривожлантириш бўйича чораларни амалга оширади.

11-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ижтимоий соҳадаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

ижтимоий соҳада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

таълим тизими ривожлантирилишини, унинг сифати ва самарадорлиги оширилишини, узлуксиз таълимдан фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилишини таъминлайди;

мактабгача таълим тизимини такомиллаштириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятни рағбатлантириш чора-тадбирларини амалга оширади;

соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий ёрдамнинг сифати, самарадорлиги ва ҳамма учун очиқлигини ошириш, аҳоли соғлиғини сақлаш ва мустаҳкамлаш, соғлом турмуш тарзи принципларини жорий этиш, шунингдек санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш бўйича чораларни амалга оширади;

жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш, спорт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ҳамда спорт инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича чораларни амалга оширади;

иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади, меҳнат бозори инфратузилмаси ривожлантирилишини, фуқароларнинг ижтимоий ҳимоя қилинишини, ижтимоий ва пенсия таъминоти тизимларининг ишлашини таъминлайди;

оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга кўмаклашади, ёшларга оид давлат сиёсатини амалга ошириш чораларини кўради;

ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши ва бажарилишини таъминлайди, фуқароларнинг ҳақиқий даромадларини ошириш, аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш ҳамда аҳолининг ижтимоий жиҳатдан заиф қатламларини ва ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларини кўради.

12-модда. Вазирлар Маҳкамасининг маданий-гуманитар соҳадаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

маданий-гуманитар соҳада ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик соҳасида раҳбарликни амалга оширади;

маданиятни, санъатни ривожлантиришга, маданий қадриятлардан кенг кўламда фойдаланишни таъминлашга, фуқароларнинг ижтимоий ва маданий ҳаётда тўла ҳуқуқли тарзда иштирок этишига кўмаклашади;

театр-томоша, маданий-маърифий ташкилотлар ҳамда музейлар фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштириш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш чораларини кўради;

тарихий ва маданий мероснинг муҳофаза қилинишини, мамлакатнинг бутун ҳудудида ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида давлат тилининг ҳар томонлама ривожлантирилиши ҳамда амал қилишини таъминлайди;

хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан маданий-гуманитар алоқаларни кенгайтириш ҳамда ривожлантириш чораларини кўради.

13-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ҳудудларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

ҳудудларнинг иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш, уларнинг саноат ҳамда экспорт салоҳиятини ошириш орқали ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан комплекс ва мутаносиб равишда ривожлантиришни таъминлайди;

иқтисодиёт тармоқларини ва ижтимоий соҳани стратегик жиҳатдан ривожлантириш давлат дастурларини, ҳудудий ривожлантириш дастурларини, шунингдек ҳудудларда иқтисодий, ижтимоий ва маъмурий ислоҳотларни амалга ошириш чораларини кўради;

Қорақалпоғистон Республикаси республика бюджетининг, вилоятлар вилоят бюджетларининг ва Тошкент шаҳри шаҳар бюджетининг, туманлар ва шаҳарлар бюджетларининг мақсадли ижросини таъминлайди;

ҳудудларни, энг аввало, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишда орқада қолаётган қишлоқ туманларини ҳамда шаҳарларни ривожлантиришнинг истиқболли вазифаларини самарали ҳал қилиш бўйича давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мувофиқлаштирилган ишини таъминлаш чораларини кўради;

ҳудудларни комплекс ривожлантиришга, шу жумладан иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида бозор ислоҳотларини чуқурлаштиришга, ҳудудларда аҳоли бандлиги ва турмуш даражаси узлуксиз ошириб борилишини таъминлашга доир ислоҳотлар амалга оширилиши жараёнини мониторинг қилиш асосида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш тамойилларининг комплекс таҳлилини ўтказади;

чет эл инвестицияларини жалб қилиш ва ҳудудларнинг экспорт салоҳиятини ошириш чораларини кўради, мамлакатни ривожлантиришнинг стратегик мақсадларидан ва унинг иқтисодий хавфсизлигидан келиб чиққан ҳолда, ҳудудларнинг инвестициявий жозибадорлигини янада яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари, фармойишлари ва топшириқларининг, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари, фармойишлари, баённома қарорлари ва топшириқларининг бажарилиши жараёнини мақсадли ўрганишни амалга оширади;

ҳудудларнинг иқтисодий барқарорлигини таъминловчи энг муҳим устуворликлар, иқтисодиётнинг муайян тармоқлари ва соҳаларидаги ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади.

14-модда. Вазирлар Маҳкамасининг экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда экологик хавфсизликни таъминлаш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

фуқароларнинг қулай атроф-муҳитга бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш, экологик осойишталикни таъминлаш чораларини кўради;

табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда табиатдан фойдаланишни тартибга солиш бўйича фаолиятни ташкил этади;

табиатни муҳофаза қилиш тадбирларини ўтказиш ҳамда республика ва халқаро аҳамиятга молик йирик экологик дастурларни рўёбга чиқаришга доир чора-тадбирларни амалга оширади;

йирик авариялар ва ҳалокатларнинг, шунингдек табиий офатларнинг олдини олиш ва уларнинг оқибатларини тугатиш чораларини кўради.

15-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ташқи сиёсатни амалга ошириш ва халқаро муносабатларни ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсати амалга оширилишини таъминлаш, ҳукуматлараро алоқаларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш чораларини кўради;

Ўзбекистон Республикасининг хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлардаги вакиллигини таъминлайди;

ўз ваколатлари доирасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларини тузади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятлари бажарилишини таъминлайди, шунингдек ушбу шартномаларнинг бошқа иштирокчилари ўз мажбуриятларини бажаришини кузатиб боради;

Ўзбекистоннинг хориждаги жисмоний ва юридик шахсларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш чора-тадбирларини кўради;

Ўзбекистон Республикаси ва хорижий давлатлар ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссияларнинг фаолияти ташкил этилишини таъминлайди.

16-модда. Вазирлар Маҳкамасининг инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

инвестициялар ва ташқи иқтисодий фаолият соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

қулай инвестиция муҳитини яратиш ва хорижий инвестицияларни жалб этиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

самарали божхона-тариф сиёсатини олиб боради, экспорт қилувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди, маҳаллий товарлар ва хизматларнинг ташқи бозорларга чиқиши учун қулай шарт-шароитлар яратади, замонавий логистика инфратузилмасини ривожлантириш бўйича чоралар кўради;

ташқи иқтисодий фаолият соҳасида раҳбарликни амалга оширади, уни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини белгилайди;

Ўзбекистоннинг савдо, иқтисодий, технологик, транспорт ва бошқа алоқаларини кенгайтириш, миллий иқтисодиётнинг барқарорлигини мустаҳкамлаш ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш чораларини кўради;

ўз ваколатлари доирасида халқаро иқтисодий ташкилотлар, молия институтлари ва бошқа кўп томонлама савдо-иқтисодий тизимлар доирасида ҳамкорликни ривожлантиради ҳамда унда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини илгари суради;

олий ва юқори даражадаги ташрифлар якунлари бўйича инвестиция лойиҳалари ҳамда амалий тадбирлар режалари («йўл хариталари») сифатли амалга оширилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Республикасининг тўлов балансини ишлаб чиқади;

чет элдан олинадиган кредитлар учун Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг кафолатларини беради;

Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги мулкига эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади.

17-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ахборот технологиялари ва  коммуникацияларини ривожлантириш соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

ахборот жамиятини шакллантириш, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, «Электрон ҳукумат» тизими жорий этилишини таъминлаш, аҳоли, бизнес ва давлат ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш учун зарур шарт-шароитлар яратади;

электрон давлат хизматлари ва телекоммуникация хизматлари спектрини кенгайтириш, телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш чораларини амалга оширади;

ахборот хавфсизлигини ва ахборот муҳофазасини таъминлаш, тармоқларни, дастурий маҳсулотларни, ахборот тизимлари ва ресурсларини ҳимоя қилишнинг замонавий технологияларини жорий этиш чораларини кўради.

18-модда. Вазирлар Маҳкамасининг жамоат тартибини сақлаш, давлат хавфсизлигини ва мудофаа қобилиятини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Вазирлар Маҳкамаси:

давлат хавфсизлигини ва мудофаа қобилиятини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини қўриқлаш, давлат манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини сақлаш чора-тадбирларини амалга оширишга кўмаклашади;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасига доир давлат дастурларининг ишлаб чиқилишини, тасдиқланишини ва амалга оширилишини таъминлайди;

ҳуқуқбузарликлар профилактикасини бевосита амалга оширувчи ҳамда унда иштирок этувчи давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ҳамкорлигини таъминлайди;

давлат ҳарбий ташкилотининг мудофаа вазифаларини ҳал этиш учун зарур молиявий, моддий ва бошқа ресурсларга бўлган эҳтиёжларини ҳар томонлама таъминлаш, мудофаа манфаатларини кўзлаб мамлакат ҳудудини тезкорлик билан жиҳозлаш масалаларини ҳал этади;

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг қурол-яроғ, ҳарбий техника ва бошқа моддий-техника воситалари билан жиҳозланиши ҳамда таъминланишини ташкил этади;

давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш ва мудофаа аҳамиятига молик ишлаб чиқаришни ташкил этиш соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

хорижий давлатлар билан ҳарбий ва ҳарбий-техникавий ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўради;

мамлакат иқтисодиётининг сафарбарлик тайёргарлигини ташкил этади, фуқаро муҳофазасига раҳбарликни амалга оширади.

19-модда. Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органларига раҳбарлик қилиш

Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари ишини мувофиқлаштиради ҳамда йўналтиради.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари ўзлари олиб бораётган давлат сиёсатининг сифатли ва самарали амалга оширилиши учун Вазирлар Маҳкамаси олдида жавобгардир.

Вазирлар, давлат қўмиталари раислари ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари Вазирлар Маҳкамасига киритилаётган таклифлар, таҳлилий ҳамда бошқа ҳужжатларнинг, шу жумладан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг сифатли ва ҳар томонлама ишлаб чиқилиши, шунингдек уларни амалга оширишнинг пировард натижалари ва оқибатлари учун шахсан жавобгар бўлади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари тўғрисидаги низомлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Давлат бюджети ҳисобидан таъминланадиган вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг ҳамда бошқа давлат бошқаруви органларининг марказий девонлари ходимларининг чекланган сони ва уларнинг таъминоти учун ажратиладиган маблағлар миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Вазирлар Маҳкамаси вазирликларни, давлат қўмиталарини ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади.

Вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисидаги тақдимномаларни тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикаси Президентига киритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

Вазирларнинг ва давлат қўмиталари раисларининг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади. Бошқа давлат бошқаруви органларининг раҳбарлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари, агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Давлат бошқаруви органлари ҳайъатларининг аъзолари Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси мақсадли вазифаларнинг бажарилишини вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг ва бошқа давлат бошқаруви органларининг фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларнинг бажарилишини баҳолашнинг асосий мезонларини ҳисобга олган ҳолда таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарларининг асосий мезонларда кўрсатилган мақсадли вазифаларнинг бажарилиши ҳамда уларга эришилиши тўғрисидаги ҳисоботларини тизимли равишда эшитади.

Вазирлар Маҳкамаси зарурат бўлганда давлат бошқарувининг ўз ваколатига кирувчи айрим масалаларини ҳал этишни, агар бу масалаларнинг ҳал этилиши қонун ҳужжатларида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мутлақ ваколатларига киритилмаган бўлса, вазирликларга, давлат қўмиталарига ва ўз бўйсунувидаги бошқа давлат бошқаруви органларига бериши мумкин.

20-модда. Вазирлар Маҳкамасининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи

Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Вазирлар Маҳкамаси қонунчилик ташаббуси ҳуқуқини қонун лойиҳаларини Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси ўзи киритган қонун лойиҳасини Қонунчилик палатасида кўриб чиқишда иштирок этиш учун ўз вакилларини тайинлайди.

4-боб. Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этиш

21-модда. Бош вазир

Бош вазир:

Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини ташкил этади ва унга раҳбарлик қилади, унинг самарали ишлаши учун шахсан жавобгар бўлади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати олдига қўйилган мақсадли вазифаларнинг бажарилишини таъминлаш мақсадида вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари фаолиятини умумий тарзда мувофиқлаштиришни амалга оширади, юзага келган келишмовчиликлар бўйича қарорлар қабул қилади;

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилади, унинг қарорларини имзолайди;

халқаро муносабатларда Вазирлар Маҳкамаси номидан иш кўради, музокаралар олиб боради ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати номидан халқаро шартномаларни имзолайди;

Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Бош вазир ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;

давлат ва хўжалик бошқарувининг Вазирлар Маҳкамаси мажлисида кўриб чиқиш талаб этилмайдиган масалалари бўйича қарорлар қабул қилади;

Ўзбекистон Республикаси Президентига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимномалар киритади;

Вазирлар Маҳкамасининг ўтган йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунлари ва навбатдаги йил учун асосий устуворликлар тўғрисидаги ҳар йилги маърузасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади;

Вазирлар Маҳкамаси аъзолигига номзодлар Қонунчилик палатаси томонидан маъқулланганидан кейин бу номзодларни Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдим этади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларида назарда тутилган бошқа вазифаларни бажаради.

Бош вазир ўз ваколатларига кирувчи масалалар юзасидан фармойишлар чиқаради.

Бош вазир Вазирлар Маҳкамасининг иши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига мунтазам равишда ахборот бериб боради.

Бош вазир йўқлигида унинг вазифасини Бош вазирнинг биринчи ўринбосари ёки Бош вазир ўринбосарларидан бири бажариб туради.

22-модда. Бош вазир ўринбосарлари

Бош вазир ўринбосарлари вазифалар тақсимотига мувофиқ:

вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, парламент сўрови, Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенат аъзосининг сўрови, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари бажарилишининг бориши мониторингини амалга оширади;

жойларда ишларнинг ҳақиқий ҳолатини ўрганади, шунингдек иқтисодиётдаги ва ижтимоий соҳадаги муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилади;

стратегик ва устувор вазифаларни амалга ошириш юзасидан комплекс таклифлар ишлаб чиқади;

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва давлат бошқаруви органлари ишининг самарадорлигини ошириш соҳасидаги комплекс чора-тадбирларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

барча даражалардаги ижро этувчи ҳокимият органлари ва уларнинг раҳбарлари фаолиятини баҳолаш тизимининг ишини мувофиқлаштиради;

Ўзбекистон Республикаси қонунларини, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларини, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқларини, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларини сифатли ва ўз вақтида бажариш бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

Бош вазир ўринбосарлари ўзига ишониб топширилган фаолият соҳасида эришилган натижалар учун шахсан жавобгар бўлади.

23-модда. Бош вазир маслаҳатчилари

Бош вазир маслаҳатчилари вазифалар тақсимотига мувофиқ:

ўз ваколатига киритилган тегишли йўналишлар ва масалалар бўйича Бош вазирга таклифлар ишлаб чиқилишини, уларнинг экспертизадан ўтказилишини ва тайёрланишини таъминлайди, шунингдек бунинг учун шахсан жавобгар бўлади;

Ўзбекистон Республикаси қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқларининг, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши бўйича ўз ваколатлари доирасида чоралар кўради;

ўз ваколатлари доирасида вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа ташкилотлар фаолиятини умумий тарзда мувофиқлаштиришни амалга оширади;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа вазифаларни ҳам бажаради.

Бош вазир маслаҳатчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Бош вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

24-модда. Вазирлар Маҳкамаси аъзолари

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари:

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида масалаларни кўриб чиқишда иштирок этади, шунингдек Вазирлар Маҳкамаси мажлисларининг кун тартиби бўйича таклифлар киритади;

Вазирлар Маҳкамаси кўриб чиқиши учун масалалар тайёрлашни амалга оширади;

Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига кирувчи масалаларни кўриб чиқиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ташаббуси билан чиқади;

тегишли вазирликларнинг, давлат қўмиталарининг ёки бошқа давлат бошқаруви органларининг фаолиятини ташкил этади ва мувофиқлаштиради;

Қонунчилик палатасига тақдим этилган ҳаракатлар режасини рўёбга чиқаришга, шунингдек вазирликлар ва давлат қўмиталари фаолияти самарадорлигини ҳамда мақсадли вазифаларнинг бажарилишини баҳолашнинг асосий мезонларини ҳисобга олган ҳолда, мақсадли вазифаларни бажаришга доир чораларни амалга оширади;

Вазирлар Маҳкамаси томонидан ташкил этиладиган Вазирлар Маҳкамасининг комиссиялари ва бошқа ишчи органларига Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра раҳбарликни амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ўзи раҳбарлик қилаётган вазирликнинг, давлат қўмитасининг ёки бошқа давлат бошқаруви органининг фаолияти самарадорлиги учун шахсан жавобгар бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

25-модда. Вазирлар Маҳкамасининг коллегиал органлари

Вазирлар Маҳкамаси доимий комиссиялар тузади ва уларнинг вазифаларини, функцияларини ҳамда фаолиятини ташкил этиш тартибини белгилайди.

Давлат ва хўжалик бошқарувининг айрим масалалари бўйича таклифлар тайёрлаш, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари лойиҳаларини ишлаб чиқиш, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг айрим топшириқларини бажариш учун Вазирлар Маҳкамасининг муваққат комиссиялари ва бошқа ишчи органлари ташкил этилиши мумкин.

26-модда. Вазирлар Маҳкамасига масалаларни киритиш ва кўриб чиқиш

Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун:

Ўзбекистон Республикасининг қонунлари лойиҳалари – қонунчилик ташаббуси тартибида Қонунчилик палатасига киритиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари – Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш учун;

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари лойиҳалари – қабул қилиш учун;

Ўзбекистон Республикаси Президентининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиларининг Вазирлар Маҳкамаси ваколатига тааллуқли қисми бўйича номенклатурасига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг номенклатурасига кирадиган лавозимларга тайинлаш, тасдиқлаш, тақдим этиш, келишиб олиш учун номзодлар ва уларни лавозимидан озод этиш бўйича таклифлар;

мансабдор шахслар айрим тоифаларининг хорижий мамлакатларга хизмат сафарларига чиқиши тўғрисидаги, Вазирлар Маҳкамаси билан белгиланган тартибда махсус келишиб олиш талаб қилинадиган таклифлар киритилади.

Вазирлар Маҳкамасида унинг ваколатларига кирадиган масалаларни кўриб чиқиш Вазирлар Маҳкамаси, унинг Раёсати мажлисларида, Бош вазир, унинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари томонидан Вазирлар Маҳкамаси ташкил этадиган комиссияларнинг ҳамда бошқа идоралараро коллегиал органларнинг мажлисларида манфаатдор давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакиллари иштирокида амалга оширилади.

Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, ушбу Қонун билан унинг ваколатига тегишли бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланган бошқа масалалар ҳам киритилади.

Муҳим давлат, иқтисодий ва ижтимоий-маданий масалаларни ҳал қилиш учун Вазирлар Маҳкамасининг комплекс ёки мақсадли дастурлари ва тадбирлари ишлаб чиқилиб, улар Бош вазир ўринбосарлари ҳамда маслаҳатчилари томонидан Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритилади.

Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун масалалар Вазирлар Маҳкамаси аъзолари, давлат бошқаруви органлари раҳбарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари, истисно ҳолларда эса уларнинг биринчи ўринбосарлари томонидан киритилади.

27-модда. Вазирлар Маҳкамасининг аппарати

Вазирлар Маҳкамасининг аппарати Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фаолиятини ҳуқуқий, ташкилий-техник, ахборот-таҳлилий ва баённома жиҳатдан таъминлашни, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини, Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ва Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлашни, мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифаларини амалга оширишга қаратилган «йўл хариталари»ни, жадвалларни, ҳаракатлар дастурларини, амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишни амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг ва унинг таркибий бўлинмаларининг иш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган тегишли низомлар билан белгиланади.

Бош вазир, Бош вазирнинг иқтисодиёт тармоқлари ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари ва маслаҳатчилари котибиятларининг мудирлари Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда Бош вазир томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

Бош вазирнинг, Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчиларининг котибиятлари, Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмалари ишини мувофиқлаштириш Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг бошқарувчиси томонидан амалга оширилади.

28-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари

Давлат бошқаруви, хўжалик ва ижтимоий-маданий ривожлантиришнинг энг муҳим масалалари Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқилади.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлислари ҳар чоракда камида бир марта ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларини Бош вазир ўтказади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида раислик қилишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида Бош вазир ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, зарурат бўлганда эса вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари ҳамда бошқа давлат бошқаруви органлари раҳбарлари иштирок этади.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчилари, Қонунчилик палатаси Спикери, Сенат Раиси, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раиси, Олий судининг раиси, Бош прокурори таклиф этилиши мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг вакиллари ҳам таклиф этилиши мумкин.

29-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар

Қуйидагилар фақат Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқилади:

Давлат бюджетини тайёрлаш ва ижро этиш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати тасарруфидаги давлат мақсадли жамғармаларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш масалалари;

бошқарув тузилмасини такомиллаштириш масалалари, Ўзбекистон Республикасини ва унинг айрим ҳудудларини иқтисодий ва ижтимоий-маданий жиҳатдан ривожлантириш дастурлари лойиҳалари;

давлат қимматли қоғозларини чиқариш ҳажми ҳамда Ўзбекистон Республикасининг давлат ички ва ташқи қарзини ошириш чегаралари тўғрисидаги таклифлар;

солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларини белгилаш ҳамда ўзгартириш тўғрисидаги таклифлар;

қатъий белгиланган давлат нархлари қўлланиладиган маҳсулотларнинг, товарларнинг ва хизматларнинг номенклатураси;

давлатлараро шартномаларни имзолаш тўғрисидаги таклифлар.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг топшириқларига ва Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг қарорларига мувофиқ бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилади.

30-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларига тайёргарлик кўриш ва  уларни ўтказиш

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқиш учун масалаларни тайёрлашни Вазирлар Маҳкамасининг аппарати амалга оширади.

Зарур бўлган ҳолларда масалаларни тайёрлашни Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг Раёсати томонидан ташкил этиладиган комиссиялар амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида кўриб чиқиш учун киритиладиган ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти талабларига мувофиқ тайёрланади.

Зарурат бўлган тақдирда аниқ соҳалар ва йўналишларда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг боришини ўрганиш мақсадида Бош вазир томонидан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, давлат бошқаруви ҳудудий органлари раҳбарлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари иштирокида ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мавзули сайёр мажлислари ўтказилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг мавзули сайёр мажлисларини ўтказиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

31-модда. Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида қарорлар қабул қилиш

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар бўйича қарорлар Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзоларининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг мажлисида қабул қилинган қарорлар баённома тарзида расмийлаштирилади.

Вазирлар Маҳкамаси мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентида белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамаси аппарати томонидан расмийлаштирилади ва тарқатилади.

Ҳукуматнинг баённома қарорлари лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ва ҳисобга олиш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламентига мувофиқ амалга оширилади.

5-боб. Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати

32-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати ва таркиби

Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати Вазирлар Маҳкамасининг доимий фаолият кўрсатувчи органидир.

Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати таркибига Бош вазир, Бош вазирнинг ўринбосарлари ва маслаҳатчилари, вазирлар, давлат қўмиталарининг раислари, шунингдек Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси киради.

33-модда. Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар

Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида:

Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириқларининг ижросини ташкил этиш масалалари;

Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритиладиган қонунлар лойиҳалари;

Вазирлар Маҳкамасининг ваколатига кирадиган масалалар кўриб чиқилади, бундан ушбу Қонунга мувофиқ фақат Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида кўриб чиқиладиган масалалар мустасно.

34-модда. Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларини тайёрлаш ва ўтказиш

Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисини ташкил этишни ва тайёрлашни Вазирлар Маҳкамасининг аппарати амалга оширади.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлислари ҳар ҳафтада Бош вазир томонидан, у йўқлигида эса унинг ўринбосарларидан бири томонидан ўтказилади.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида кўриб чиқиш учун масалаларни тайёрлаш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Регламенти билан белгиланади.

Вазирлар Маҳкамаси Раёсатининг мажлисларида қабул қилинган қарорлар баённомалар тарзида расмийлаштирилади ва раислик қилувчи томонидан имзоланади.

6-боб. Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари

35-модда. Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатларининг турлари

Вазирлар Маҳкамаси конституциявий нормалар доирасида ва қонун ҳужжатларига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида барча органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий бўлган қарорлар ва фармойишлар чиқаради.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари Бош вазир томонидан имзоланади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари Бош вазир томонидан имзолангунига қадар белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Aдминистрацияси билан келишилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 93-моддаси қоидаларидан келиб чиққан ҳолда Вазирлар Маҳкамасининг қарорларини, фармойишларини ва Бош вазирнинг фармойишларини бекор қилишга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамаси ўзи қабул қилган ҳужжатларнинг бажарилиши устидан назоратни бевосита ёки вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари орқали амалга оширади.

36-модда. Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари

Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий тусдаги ҳужжатлари қарорлар шаклида қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари асосида ҳамда уларни ижро этиш учун қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари, агар уларнинг ўзида кечроқ муддат кўрсатилган бўлмаса, расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорлари «Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг қарорлари тўплами»да, «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами»да, «Халқ сўзи», «Народное слово» газеталарида ва Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинади, зарур бўлган тақдирда эса бошқа оммавий ахборот воситалари орқали кенг омма эътиборига етказилади.

37-модда. Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари

Вазирлар Маҳкамасининг тезкор ва бошқа жорий масалалар бўйича ҳужжатлари Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари шаклида қабул қилинади.

Вазирлар Маҳкамасининг фармойишлари, агар ушбу ҳужжатларда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, улар имзоланган кундан эътиборан кучга киради.

7-боб. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Aдминистрацияси, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда куч ишлатишга ваколатли бўлган тузилмалар, бошқа давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар билан ҳамкорлиги 

38-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси билан ҳамкорлиги

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикасини иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий йўналишларини, Давлат бюджетининг асосий параметрларини ва унга ўзгартишларни ишлаб чиқади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига кўриб чиқиш учун тақдим этади.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳар йили мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётининг энг муҳим масалалари юзасидан маърузалар тақдим этади.

Бош вазир Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзолари билан биргаликда ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасидан келиб чиқадиган, тегишли йилга мўлжалланган давлат дастури бажарилишининг бориши тўғрисида ҳисобот тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари зарур бўлган ҳолларда ўз мажлисларида Бош вазирнинг мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг айрим долзарб масалалари юзасидан ҳисоботини қонунга мувофиқ парламент сўрови тартибида эшитиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари Вазирлар Маҳкамаси айрим аъзосининг ўзи раҳбарлик қилаётган давлат бошқаруви органи фаолияти масалалари юзасидан ахборотини эшитиши ҳамда зарур бўлганда уни истеъфога чиқариш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти кўриб чиқиши учун таклиф киритиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати аъзолари Қонунчилик палатасининг мажлисида Қонунчилик палатаси депутатларининг саволларига жавобларни тақдим этади («ҳукумат соати»).

Вазирлар Маҳкамасининг аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, уларнинг қўмиталари ҳамда комиссиялари мажлисларида ҳозир бўлиши ва сўзга чиқиши мумкин.

Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари томонидан Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг айрим аъзолари фаолиятига тааллуқли масалалар қўйилган тақдирда, Бош вазир шу масалалар юзасидан зарур тушунтиришлар олиш ва тушунтиришлар беришга ҳақли.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қўмиталари ва комиссияларининг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати фаолияти масалаларига доир тавсиялари ва таклифларини кўриб чиқади ҳамда улар юзасидан чора-тадбирлар кўради. Тавсиялар ва таклифларни кўриб чиқиш натижалари ҳақида ҳамда кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг тегишли қўмиталарини ва комиссияларини келишилган муддатда хабардор қилади.

Қонунчилик палатасининг, Сенатнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ёки унга бўйсунувчи давлат бошқаруви органлари фаолиятига тааллуқли бўлган парламент сўрови, Қонунчилик палатаси депутатининг, Сенат аъзосининг шундай сўрови юборилган Вазирлар Маҳкамаси ёки унинг аъзоси қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда жавоб тақдим этиши шарт.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарида кўриб чиқиладиган қонун лойиҳаларини, бошқа ҳужжатларни тайёрлаш борасида Вазирлар Маҳкамаси аппарати таркибий бўлинмаларининг, давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг яқин ҳамкорлигини таъминлаш, Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари билан қонун ижодкорлиги фаолиятидаги ҳамкорлигини ташкил этиш, шунингдек қонунларнинг ижро этилиши устидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан парламент назоратини амалга оширишда Вазирлар Маҳкамасининг иштирок этишига кўмаклашиш учун Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги Ваколатли вакили фаолият кўрсатади.

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисидаги Ваколатли вакилининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун ҳужжатларида белгиланади.

39-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси билан ҳамкорлиги

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда унинг Администрацияси ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлайди.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатномасида баён этилган топшириқларнинг самарали ижро этилишини таъминлаш чора-тадбирларини кўради.

Вазирлар Маҳкамаси вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органларини тузиш ҳамда тугатиш тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимномалар киритади.

Бош вазир Ўзбекистон Республикаси Президентига вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини лавозимга тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш тўғрисида тақдимнома киритади.

Вазирлар Маҳкамасининг айрим масалаларга доир ҳужжатлари мажбурий тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган ҳолда қабул қилинади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти билан мажбурий тартибда келишиб олинадиган масалалар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари билан белгиланади.

Вазирлар Маҳкамасининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва унинг Администрацияси билан ҳамкорлиги қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа масалалар бўйича ҳам амалга оширилади.

40-модда. Вазирлар Маҳкамасининг суд ҳокимияти органлари билан ҳамкорлиги

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган судлар фаолиятини молиялаштириш, моддий-техник ва бошқа жиҳатдан таъминлаш, уларнинг биноларини қўриқлаш ва сақлаш учун маблағларнинг миқдори Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига унинг ваколатига тааллуқли масалаларни кўриб чиқиш учун киритиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ҳужжатларининг Ўзбекистон Республикаси Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида Бош вазир ва Ўзбекистон Республикаси адлия вазири иштирок этиши мумкин.

41-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва  куч ишлатишга ваколатли бўлган тузилмалар билан ҳамкорлиги

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатларини самарали амалга ошириш мақсадида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч ишлатишга ваколатли бўлган тузилмалар билан ҳамкорлик қилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч ишлатишга ваколатли бўлган тузилмалар фаолиятини молиявий ҳамда моддий-техник жиҳатдан таъминлайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва куч ишлатишга ваколатли бўлган тузилмалар раҳбарлари мазкур органлар ҳамда тузилмаларнинг фаолиятига доир масалалар бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ва унинг Раёсатининг мажлисларида иштирок этиши мумкин.

42-модда. Вазирлар Маҳкамасининг Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорлиги

Вазирлар Маҳкамаси:

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан ҳамкорлик қилади, унинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишлари, шунингдек иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантириш масалаларига доир бошқа ҳужжатлар бажарилиши ҳақидаги маълумотларини эшитади;

Вазирлар Маҳкамаси ваколатига кирувчи масалалар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг таклифларини кўриб чиқади;

вазирликлар, давлат қўмиталари ва бошқа давлат бошқаруви органлари томонидан энг муҳим тармоқлараро ҳамда ҳудудий комплекс дастурларни амалга оширишда Қорақалпоғистон Республикасининг ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлайди, бунда юзага келадиган низоли масалаларни ҳал этади;

ўз ваколатлари доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатларига зид бўлган қарорлари ва фармойишларининг ижросини тўхтатиб туришга ҳақли.

Қорақалпоғистон Республикасини иқтисодий, ижтимоий-маданий ривожлантиришга, унинг табиий ресурсларидан оқилона фойдаланишга ва уларни муҳофаза қилишга тааллуқли масалалар Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳал этилаётганда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг фикри ҳисобга олинади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Доимий ваколатхонаси бўлади.

43-модда. Вазирлар Маҳкамасининг маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳамкорлиги

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида:

ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий-маданий ривожлантиришни таъминлаш билан боғлиқ масалаларда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг Вазирлар Маҳкамаси томонидан ҳал этилиши талаб қилинадиган масалаларга доир таклифларини кўриб чиқади, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишлари бажарилишининг боришини назорат қилади, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларини таклиф қилишга ҳамда ушбу қарорлар ва фармойишлар амалга оширилишининг бориши тўғрисидаги ҳисоботларни эшитишга ҳақли;

вазирликлар, давлат қўмиталари ҳамда бошқа давлат бошқаруви органларининг вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан ҳамкорлигини таъминлайди, бунда юзага келадиган низоли масалаларни ҳал этади;

ҳудудларни иқтисодий ва ижтимоий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичларини тасдиқлайди, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият девонлари ходимларининг чекланган сонини ва ушбу девонларнинг намунавий тузилмасини белгилайди;

вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қонун ҳужжатларига зид бўлган қарорлари ва фармойишлари ижросини тўхтатиб туришга ҳамда уларни бекор қилишга ҳақли.

44-модда. Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатига кирувчи масалалар юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотлари, сиёсий партиялар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлик қилади, қонун ҳужжатларига мувофиқ уларга зарур ёрдам кўрсатади.

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатига тааллуқли масалалар юзасидан нодавлат нотижорат ташкилотларининг, сиёсий партияларнинг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг таклифларини кўриб чиқади.

8-боб. Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлиги

45-модда. Вазирлар Маҳкамаси фаолиятининг очиқлигини таъминлаш

Вазирлар Маҳкамаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ халқ билан очиқ мулоқотни таъминлайди, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқади ҳамда жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилишни ташкил этади.

Вазирлар Маҳкамасининг аппарати жисмоний ва юридик шахсларнинг Вазирлар Маҳкамаси аппаратига, давлат бошқаруви органларига ҳамда маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларига келиб тушган мурожаатлари билан ишлаш мониторингини ва таҳлилини амалга оширади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ҳолатини ўрганиш якунлари Вазирлар Маҳкамасининг Раёсати мажлисларида ёки селектор йиғилишларида ҳар чоракда, шу жумладан тегишли мансабдор шахсларга нисбатан жавобгарлик чораларини кўриш тўғрисида таклифлар киритган ҳолда кўриб чиқилади.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашнинг самарали тизими фаолият кўрсатишини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари ва Виртуал қабулхонаси билан ҳамкорлик қилади.

46-модда. Вазирлар Маҳкамаси фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш

Жисмоний ва юридик шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фаолияти тўғрисидаги ахборотдан фойдаланиши Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 30-моддасига ҳамда «Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ таъминланади.

Вазирлар Маҳкамаси ўз ваколатлари доирасида қуйидагилар орқали ўз фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритиш чора-тадбирларини кўради:

ўз расмий веб-сайтида Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг фаолияти тўғрисидаги ахборотни жойлаштириш ва янгилаб туриш;

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини ёритиш.

Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларини оммавий ахборот воситаларида ёритиш, шунингдек кўриб чиқиладиган масалалар муҳокамасига жамоатчиликни жалб этиш тартиби Бош вазир томонидан белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг расмий веб-сайтига ахборотни жойлаштириш ва янгилаб туриш Бош вазирнинг матбуот хизмати томонидан амалга оширилади.

9-боб. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш ва ижтимоий таъминлаш

47-модда. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларининг ва унинг аппарати ходимларининг иш ҳақи лавозим маошидан ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа тўловлардан иборат.

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.

48-модда. Вазирлар Маҳкамаси аъзоларини ва унинг аппарати ходимларини ижтимоий таъминлаш

Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига ва унинг аппарати ходимларига йиллик ҳақ тўланадиган таътиллар берилади.

Ишлаш учун бошқа ҳудудлардан таклиф қилинган ҳамда Тошкент шаҳрида уй-жойга эга бўлмаган Вазирлар Маҳкамаси аъзоларига ва унинг аппарати ходимларига заруратга кўра уларнинг аризасига биноан лавозимда бўлиш муддатида хизмат уй-жойи берилади.

Вазирлар Маҳкамаси аъзолари ва унинг аппарати ходимлари кафолатланган тиббий ҳамда санаторий-соғломлаштириш ёрдамидан фойдаланади.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари учун аввалги иш жойида узоқ муддатли хизмати, ҳарбий ва махсус унвонлар (мартаба даражалари, малака тоифалари, дипломатик даражалар ва бошқалар) учун берилган устамалар ва қўшимча тўловлар сақлаб қолинади.

Вазирлар Маҳкамаси аппарати ходимлари аввалги иш жойи бўйича ходимлар учун белгиланган барча имтиёзлар, моддий ва ижтимоий ҳимоя чораларидан Вазирлар Маҳкамаси аппаратида амалда бўлган меҳнат шароитлари ҳисобга олинган ҳолда ҳамда лавозим маоши ва бошқа тўловлар миқдорлари сақланган ҳолда фойдаланади.

Вазирлар Маҳкамаси аппаратида ишланган давр ҳарбий ва махсус унвонларни (мартаба даражаларини, малака тоифаларини, дипломатик даражаларни ва бошқаларни) олиш учун зарур бўлган иш стажига қўшилади.

10-боб. Якунловчи қоидалар

49-модда. Вазирлар Маҳкамасининг фаолиятини молиялаштириш

Вазирлар Маҳкамасининг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг республика бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

50-модда. Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари, Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш

Вазирлар Маҳкамасининг ҳужжатлари ва унинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан қонунда белгиланган тартибда шикоят қилиниши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?