“Ўзбекэнерго” нима сабабдан электр энергияси нархи оширилаётганини изоҳлади 

17:53 30 Март 2018 Иқтисодиёт
2219 1

Мамлакатимизда жорий йилнинг 1 апрелидан эътиборан коммунал хизматлар, хусусан, электр энергияси тарифлари ҳам ошмоқда. Бу эса юртдошларимиз, кенг жамоатчилик томонидан қизғин муҳокама этилаяпти. Мухбиримиз кўпчиликни қизиқтираётган масала, яъни энергия нархининг кўтарилиши сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти Иқтисодиёт ва прогнозлаш бошқармаси бошлиғи Абдиҳамид Жўраевга мурожаат қилди. 

— Айтинг-чи, белгиланган янги тариф бўйича электр энергияси баҳоснинг 12 фоиз қимматлашишига қандай омиллар сабаб бўлди? 

— Республикамизда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 90 фоизидан ортиғи иссиқлик электр станциялари улушига тўғри келади. Ушбу субъектларда электр токи ҳосил қилиш учун катта миқдорда газ, мазут, кўмир ва бошқа турдаги ёқилғи маҳсулотлари сарфланади. Ушбу ёқилғи маҳсулотлари нархининг ўзгариши, ўз навбатида, ишлаб чиқарилаётган электр энергияси тарифига ҳам таъсир кўрсатади. 

— Жорий йилда таърифларни гуруҳлашда ҳам илгари қайд этилмаган янгиликларни кузатдик. Бунинг асосий сабаби нимада?

— Тўғри. Шу даврга қадар амал қилиб келган электр энергияси тариф гуруҳлари 10 тани ташкил этиб, улардан амалиётда фойдаланишда қийинчиликка дуч келинаётган эди. 

Бугунги кунда мураккаб тузилган гуруҳлашдан воз кечилиб, соддалаштирилган тартибга ўтилаётир. Натижада 2018 йилдан эътиборан электр энергияси тариф гуруҳлари сони 4 тага қисқартирилди. 

— Чет эл инвестицияларининг соҳага жалб этилиши ҳам электр энергияси нархларига таъсир кўрсатадими?

— Ҳозирги пайтда республикамиз энергетика соҳасини модернизация ва реконструкция қилиш янги замонавий технологияларни жорий этишга катта аҳамият берилмоқда. Бундай модернизациялаш ишлари тизимда юқори самарадорликка эришилишига олиб келади. Юқори самарадорлик эса, ўз-ўзидан, ёқилғи энергетика ресурсларини, аниқроқ айтганда, табиий газ, кўмир, нефть маҳсулотларини иқтисод қилинишини таъминлайди. 

Ҳозирги кунда ана шундай йирик лойиҳалар рўёби учун халқаро молия институтларининг имтиёзли кредит маблағлари жалб қилинаётир. Сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида республикада замонавий илғор технологиялар асосида “Навоий ИЭС”да 478 МВт, “Талимаржон ИЭС” УКда 2 та 450 МВтли ҳамда “Тошкент ИЭС” УКда 370 МВт қувватга тенг буғ-газ ускуналари, “Ангрен ИЭС” АЖда эса 130-150 МВт қувватга тенг куллик даражаси юқори бўлган кўмирни ёқишга мўлжалланган энергоблок ишга туширилди. 

Шунингдек, яқин йилларда “Навоий ИЭС”да иккита 450 МВТли, Тахиатошда иккита 280 МВтли, Тўрақўрғонда иккита 450 МВтли замонавий энергоблоклар фаолият бошлайди. Юқори ҳамда паст кучланишли электр тармоқлари реконструкция қилинади. Инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали ишлаб чиқариш самарадорлиги оширилади. Бу эса электр энергияси тарифларининг кескин ошиб кетишининг олди олишга хизмат қилади. 

— Электр энергияси нархи ошган бўлса-да, у Марказий Осиёдаги паст даражалардан бири сифатида қолмоқда. Бу ҳақда нима дейсиз? 

— Юртимизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида электр энергия ишлаб чиқариш учун нисбатан арзон ёқилғи энергетика ресурслари етказиб берилади. Шу сабабли ҳозирги пайтда истеъмолчиларимизга етказиб берилаётган электр энергия нархи анча арзон. Бу ҳам юртимизда аҳоли манфаатлари йўлида олиб борилаётган одилона сиёсат натижасидир.

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил июль ойидан бошлаб шу кунгача аҳолига етказиб берилаётган 1 кВт.с электр энергияси 204,3 сўм эди. Ушбу нарх шу йил 1 апрелдан 228,6 сўм этиб белгиланди. Электр плиталари билан жиҳозланган тураржойларда яшовчи аҳоли учун эса электр энергияси нархи 1 кВт.с учун 102,15 сўмдан 114,3 сўмга ошади.

Мазкур янги тарифлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 ноябрдаги “Ёқилғи-энергетика ресурслари билан ўз вақтида таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда “Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларига асосан белгиланган.

Раҳим ШЕРҚУЛОВ суҳбатлашди.


 


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар