Ўз ўғлига шаръий никоҳ ўқиган ота жазога тортилди


“Халқ сўзи Online”. Саминжон Ҳусанов/Андижон. Андижон вилоятининг Пахтаобод туманида яшовчи Қ. Қ. ўзининг ўғли А. О.га яширинча шаръий никоҳ ўқиган.
Маълум бўлишича, А. О. муқаддам уйланган ва бир нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи билан муносабатлари келишмаганлиги сабабли ўзаро ажрашган, бироқ бу ҳолат расман қайд этилмаган. Шундай бўлишига қарамай ота ўз ўғлини уйлантириш пайида бўлган. Мутасадди идоралар, жумладан, масжид вакиллари бу ҳолатда шаръий никоҳ ўқиш мумкин эмаслигини айтибгина қолмасдан, унинг салбий оқибатлари ҳақида ҳам тушунтириш берганларидан сўнг, Қ. Қ. ўзи никоҳ ўқишга қарор қилади.
Амалдаги тартибларга биноан шаръий никоҳ ўқиш диний маълумотга эга бўлган ваколатли шахслар томонидан амалга оширилади ва бунинг учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш бўлимининг рухсати керак бўлади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас. Тегишли идора рухсатисиз шаръий никоҳ ўқиган ҳар қандай фуқаро, мавқеидан қатъий назар қонун олдида жавобгардир.
Ўз ўғлига яширинча никоҳ ўқиган ота – Қ. Қ.га нисбатан ҳам Пахтаобод туман маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг тегишли моддаси бўйича жазога тортилди.
2017 йилнинг 15 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби“ мавзусидаги анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев яширинча шаръий никоҳ ўқитиш, биринчи турмуш ўртоғидан қонуний тарзда ажрашмай туриб иккинчи аёл билан турмуш қуриш ҳолатларини кескин қоралаб, бу каби воқеалар нафақат, қонунга, балки, ўзбекона миллий хусусиятларимизга ҳам зид эканлигини таъкидлаган эди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Миллий сертификат имтиҳони натижалари 21 иш куни ичида эълон қилинади — Билимни баҳолаш агентлиги
- Яна бир бозор аукционга қўйилди
- Ички ишлар вазири Бухоро вилояти ИИБнинг 10 га яқин раҳбарини ишдан бўшатди
- Ўзбекистон паспорти халқаро индексда паст натижа қайд этди
- Янги ҳафта аввалида қандай об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди
- “Қутадғу билиг” достони қўлёзмасининг факсимиле нусхаси яратилади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг