“Олтинни кўп ушлаб туришимиз керак эмас, уни пул келтирадиган нарсаларга тикиш лозим” — Молия вазири ўринбосари

10:05 31 Август 2019 Иқтисодиёт
271 0

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк мутасаддилари иштирокида “Давлат қарзини самарали бошқариш” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистоннинг ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 23,5 фоизига тенг бўлгани маълум қилинди. Молия вазирлиги бошқарма бошлиғи Жасур Қаршибоев йил бошида 9,9 миллиард бўлган давлат ташқи қарзи 6 ойда қарийб 13,1 миллиард долларга ўсганини таъкидлади. Айтилишича, қарзларнинг айримлари узоқ ва ўрта муддатларга олинган, қолаверса, имтиёзли даврда фоиз ставкаси тўланиб, қарз суммаси тўланмайди.

Мулоқот давомида журналистлар халқаро резервлардаги капитал ва уни бошқариш самарадорлиги ҳақида савол берди.

“Марказий банк республика номидан халқаро резервларни бошқаради, — деди Молия вазири ўринбосари Одилбек Исоқов. — Ўзбекистоннинг халқаро резервлардаги пули ҳозирда 22 млрд долларни ташкил этади. Бу қийматнинг ярми олтин, ярми валюта кўринишида. Фақат банкларга депозит қўявермасдан босқичма-босқич молиявий бозорларга чиқишни ҳам йўлга қўйиш керак. Чунки шу орқали депозитлардан кўра кўпроқ фойда олиб келиш имкониятлари мавжуд. Олтинни ҳам аслида кўп ушлаб туришимиз керак эмас. Олтин ўзи кўп, у бизга ҳеч қанақа пул келтирмайди. Олтинни пул келтирадиган, фоиз ҳисобида фойда келтирадиган нарсаларга тикиш керак”.

Қайд этилишича, 30 июн ҳолатига кўра, давлат ички қарзи 5,4 миллиард доллар эквивалентини ташкил этган. Шундан 97 фоиз қарз ҳукумат томонидан кафолатланган. Қолган 3 фоиз қарз эса ҳукумат томонидан жалб этилган.

“Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари тижорат банклари орқали катта давлат ташкилотларига йўналтирилган, — деди Одилбек Исоқов. — Шу вазиятда давлат қарз “риск”ларига кафолат берган. Гарчи ҳукумат пули давлат ташкилотига кетса-да, биз буни қарз, деб тан олдик. Ҳар қандай “риск”да маблағларни давлат тўлаб бериши керак“.

Мутасаддилар ўтган йилдан буён давлат ички капитал бозорда облигацияларни сотувга чиқарганини айтиб ўтди. Жорий йилда облигациялар орқали 1-3 йил муддатга 850 миллиард сўмлик қарз олинган.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019