Пандемиянинг ижобий томонлари ҳақида биласизми?

12:06 12 Август 2020 Жамият
297 0

Август ойида QVANT илмий-оммабоп ва амалий журналининг илк сони жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди. QVANT – “question” (савол), “version” (версия), “analytics” (таҳлил), “news” (янгиликлар), “technologies” (технологиялар) сўзларидан олинган аббревиатура бўлиб, фан янгиликлари, энг сўнгги технологиялар, ихтиролар, илмий тадқиқотлар ҳамда Ўзбекистон ва бутун дунё тараққиётининг янги даври, инновациялар ва юртимизнинг илғор фикрловчи кишилари ҳақидаги мақолаларни ўзида жамлаган.

Журналнинг муқовасида тасвирланган ниқоб ва махсус кийим-кийган одамнинг суратидан нашр ҳозирги кунда энг долзарб мавзу – коронавирус пандемиясига бағишланиши англанилади. Аслида ҳам шундай. «Нокаут ёки нокдаун» сарлавҳали мақолада инсон фаолиятининг турли хил соҳаларига ва заминимиздаги ҳаётнинг умумий кўрсаткичларига пандемия таъсири ҳақида сўз кетади. Пандемиянинг меҳнат, туризм, нефть, молиявий бозорларга, ишлаб чиқаришга таъсири олимларимиз томонидан таҳлил қилинаркан, мақола орқали пандемиянинг ижобий томонлар ҳақида ҳам маълумотлар олишингиз мумкин.

Пандемиядан энг катта зарар кўрган соҳалардан бири – туризм. «Туризм ва инновациялар. Қандай ечим мавжуд?» мақоласида Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари ассоциацияси фаолиятига назар ташланган. “VUCA-олам ва биз пандемия даврида” мақоласида эса бугунги кунда жамият олдида турган бош масала – мутлақо мавҳумлик шароитида масъулият билан ҳаракатланиш йўлини топиш ҳақида фикр юритилади. Журнал саҳифаларида, шунингдек, пандемия даври учун 6 тавсия ҳам берилган бўлиб, нашр ижодкорлари раҳбарлар ва ходимларнинг мазкур тавсияларга риоя қилиши корхонанинг янги шароитга мослашишига, салбий ҳолатларни четлаб ўтишга ёрдам беради, деб ҳисоблайдилар.

IT бизнес учун ёки бизнес IT учун. Бу саксонинчи йиллар охирида иқтисодиёт бўйича Нобел мукофоти лауреати Роберт Соллоунинг машҳур жумласидир. Ҳақиқатан ҳам ахборот технологияларига киритилаётган инвестициялар иқтисодиётни кўтарилишига сабаб бўляптими, деган ғаройиб саволга жавобни айнан сарлавҳасига шу жумла олиб чиқилган мақоладан билиб оласиз.

Халқаро молия ташкилотлари (ЖБ, ИТБ, ОТБ ва бошқалар)нинг қарз маблағлари ва грантлардан фойдаланишда коррупцияга йўл қўйилмаслик учун қандай чоралар кўрилади? Виждонсиз хатти-ҳаракатлари учун халқаро молиявий ташкилотлар томонидан лойиҳалардан четлатилганлар ичида юртимиз компаниялари ва ватандошларимиз борми? Бу ҳақда «Ғолиблик сари тўғри йўл» мақоласида маълумотлар оласиз. Бундан ташқари, коррупция ҳақида яна бир алоҳида материал берилган бўлиб, унда бу борада юртимизда амалга оширилаётган ишлар ва хорижий давлатлардаги мазкур жабҳада қилинган чора-тадбирлар қиёсий таққосланган.

Ўз навбатида мамлакатимизда ривожланаётган стартап-лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш доирасида QVANT илмий-оммабоп журнали Ўзбекистон инновацион ривожланишининг бир қисмига айланиши кутилаётган энди иш бошлаган компаниялар ва ёш олимлар лойиҳаларини қўллаб қувватлаш мақсадида, уларнинг фаолияти ва эҳтиёжларига доир маълумотларни тақдим этган. Бу стартаплар ва олимларнинг лойиҳаларини ривожлантиришга ёрдам бериш истагидаги инвесторлар, бизнес-фаришталар учун фойдали маълумот бўлиши мумкин.

Журналнинг саҳифаларида жой олган яна бир мақола водород энергетикасига бағишланади. Унда «яшил водород»нинг афзалликлари, қўлланилиши ҳақида қизиқарли маълумотлар берилган.

Нашр COVID-19 коронавирусини аниқлаш учун тест тизимларини яратгани ва ишлаб чиқараётгани муносабати билан кейинги пайтларда тез-тез тилга олинаётган Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Илғор технологиялар маркази фаолияти ҳақидаги мақола билан бошланган бўлса, ҳали пандемия ҳеч кимнинг ҳаёлида бўлмаган даврларда суратга олинган вирусларнинг бутун дунёда юқори тезлик билан тарқалиши ҳақидаги кинофильмлар обзори билан якунланади.

Хуллас, QVANT илмий журнали тадқиқотчилар ва олимлардан ҳаққоний, батафсил жавоблар тақдим этади. Унда сиз саволларингизга жавоблар топасиз, атроф-олам моҳиятини англайсиз, таҳлилчилар, ҳуқуқшунослар, иқтисодчилар, тиббиёт соҳаси вакиллари ва бошқа мутахассислар берган аниқ ахборот туфайли бўлажак воқеа-ҳодисаларни тахмин қила оласиз.

106 саҳифали рангли журнал ўқувчини илм-фан оламига чорлайди. Уни қўлга киритолмаганлар шу ва бошқа кўплаб мақолалар билан нашрнинг веб-сайтида (qvant.uz) танишишлари мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?