Нега гўшт нархи ошди?

17:18 24 Июль 2019 Иқтисодиёт
1242 0

Доимо аҳолининг барча қатламлари диққат марказида бўлиб келган ушбу долзарб масалалардан бири бу бирламчи зарур товарлар нархининг кўтарилишидир. Нон, шакар, сариёғ, ун, гўшт ва бошқа маҳсулотлар нархларининг кўтарилиши ҳар бир инсоннинг қизиқишларига таъсир этмай қолмайди. Ушбу қизиқиш нафақат мамлакатимиз аҳолиси, балки, дунёнинг бошқа кўплаб мамлакатлари фуқаролари учун ҳам хосдир.

Сўнгги пайтларда республикамиз кенг жамоатчилиги орасида гўшт нархларининг кўтарилиши билан боғлиқ вазият фаол муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Ахборот хизмати маълумот берди.

Мазкур масала юзасидан оммавий ахборот воситаларида мақолалар эълон қилиниши, тематик кўрсатувларнинг эфирларга узатилиши, ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозаралар олиб борилиши шулар жумласидандир. Бундай мунозараларда ҳар бир томон масала юзасидан ўз фикрларини ёки қарашларини билдиришга ҳақлидир, гарчи улар расмий нуқтаи назардан мос келиши ёки фарқ қилиши мумкин бўлган вазиятларда ҳам.

Ушбу масалани тартибга солишга кўмак бериш ва объектив нуқтаи назарни шакллантиришга ёрдам бериш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси қуйидагиларга ойдинлик киритади:

Бозор иқтисодиётининг асосий қоидаларидан бири бу – ҳукумат расмийларнинг бевосита аралашувисиз эркин нархларнинг шаклланишидир. Бозор шароитида нархлар талаб ва таклиф қонунияти асосида шаклланиши керак. Истисно тариқасида монополист корхоналар маҳсулотлари ва баъзи ҳаётий зарур бўлган маҳсулотлар нархлари эҳтимолдан ҳоли бўлиши мумкин (масалан, баъзи дори-дармонлар ва бошқалар).

Бозор шароитида нарх белгилаш икки томоннинг иштирокини ўз ичига олади: талаб томони (истеъмолчилар) ва таклиф томони (сотувчилар). Ушбу вазиятда талаб ва таклифнинг кесишиш нуқтаси мувозанатли бозор баҳоси бўлиб ҳисобланади. Нархларнинг аниқланишидаги бундай ёндашув нафақат гўшт маҳсулотларига, балки бошқа маҳсулотларга ҳам тегишлидир. Оддий мисол: сақлаш учун бардошли бўлмаган маҳсулотлар нархи шулар жумласидандир (помидор, резаворлар ва бошқалар). Кун давомида бир нафар сотувчида айнан бир турдаги маҳсулот нархлари сезиларли даражада тебраниши мумкин. Шундай қилиб, эрталабки ва кун давомидаги нархлар кун охиридаги нархларга нисбатан юқорироқ бўлиши мумкин (“кечки бозор”).

Нархларни қатъий назорат қилиш мақсадида “юқоридан белгиланган” нархлар (масалан, маҳаллий ҳокимият идоралари томонидан) иқтисодчиларнинг хулосаларига кўра бозордаги нархлар бўйича вазиятни кескинлаштиришга ва улар орасидаги номутаносибликни вужудга келтиради ёки кучайтиради. Масалан, автомобиллар учун таклиф этиладиган юқори нархлар унга бўлган талабни нархларнинг арзонлашишига қадар сезиларли даражада пасайтириши мумкин бўлса, ижтимоий муҳим аҳамиятга эга товарлар (шу жумладан, гўшт маҳсулотига ҳам) борасида давлатнинг вазифаси – бозорда арзон нархлар таклифини таъминлашга ҳаракат қилишдир.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, асосий турдаги ижтимоий аҳамиятга эга товарларнинг нархлари ҳолати тўғрисида ҳукумат идоралари ҳамда кенг жамоатчиликни тезкор равишда хабардор қилиш мақсадида, статистика органлари томонидан истеъмол бозорида нархлар мониторинги амалга оширилади.

2019 йилнинг 16 июль кунида Ўзбекистон Республикаси бўйича уюшган савдо мажмуалари ҳамда деҳқон бозорларида истеъмол нархлари кузатуви маълумотларига асосан 1 кг. мол гўштининг ўртача нархи 40 501 сўмни, 1 кг. қўй гўшти нархи 40 554 сўмни ташкил этган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, республикада ўртача нархлар ҳар бир ҳудуднинг товарлар ва хизматларни истеъмол қилишга сарфланадиган харажатлар таркиби ўртача оғирлик сифатида шакллантирилган улушини инобатга олган ҳолда ҳисобланади.

Ҳудудлар кесимида бир килограмм мол гўшти нархлари диапазони

34 705 сўмдан (Қорақалпоғистон Республикаси) 46 586 сўмгача (Тошкент ш.), қўй гўштининг бир килограмми эса 31 196 сўмдан (Қорақалпоғистон Республикаси) 44 036 сўмгача (Тошкент вилояти) бўлган оралиқни ташкил этмоқда.

Шунга алоҳида эътибор қаратиш лозимки, амалдаги усулга кўра, ўртача нархларни аниқлашда уларнинг бутун диапазони қамраб олиниши керак. Шу билан бирга, нархлар даражасига қараб аҳолининг талаб таркиби ва айрим маҳсулотларнинг оммавий истеъмолини ҳам ҳисобга олиш зарур. Масалан, жорий йилнинг 16 июль куни кузатиш Тошкент шаҳри бўйича танлаб олинган савдо объектларда бир килограмм мол гўштининг ўртача нархини аниқлаш учун 32 000 сўмдан 79 990 сўмгача бўлган 230 дан зиёд нархлар рўйхатга олинган. Шу билан бирга, бир килограмм гўшт нархини ҳисоблаш учун жами рўйхатга олинган нархларнинг 68 тасида 40 минг сўмгача, 100 дан ортиқ нархлар 40 дан 50 минг сўмгача бўлган диапазонда, 60 га яқин нархлар 50 минг сўмдан юқори ва 6 таси 70 минг сўмдан юқорисини ташкил этган.

Шуни ҳисобга олиш керакки, ўртача нарх таркибига кўплаб омиллар, жумладан, маҳсулот ўзгариши, нархларни рўйхатдан ўтказиш вақти, мавсумийлик, рўйхатдан ўтиш пайтидаги талаб ва таклифнинг нисбати ва бошқалар инобатга олинади.

Шунингдек, ички бозорларга гўшт маҳсулотини етказиб бериш билан боғлиқ вазиятни баҳолаш учун расмий статистик маълумотларга мурожаат қилиш мумкин.

Шундай қилиб, жорий йилнинг июнь ойидаги ташқи савдо статистикаси маълумотларига асосан, йирик шохли чорва моллари импорти бир ой давомида 5 169 бошга ёки 21,1 %га камайди (май ойида 24 549 бошдан жорий йилнинг июнь ойида 19 380 бошгача). Бу даврда тирик қўйлар ва эчкиларнинг импорти 78 158 бошдан (май ойи) 41 631 бошгача (июнь ойи) қисқарди, яъни, салкам 2 мартага. Шу билан бирга, янги ва совитилган йирик шохли мол гўшти импорти 355,3 тоннадан (май ойи) 411,2 тоннагача (июнь ойи), яъни, 55,9 тонна ёки 15,7% гача ошди. Умумий ҳисобда 2019 йилнинг январь–июнь ойлари давомида 1119 тонна янги, музлатилган, совитилган йирик шохли мол гўшти импорт қилинган.

Дастлабки маълумотларга кўра, жорий йилнинг январь–июнь ойларида ички шароитида чорва моллари ва паррандаларни сўйиш, етиштириш тирик вазнда 1 128 144 тонна (2018 йилнинг январь–июнига нисбатан 2,2 %га кўп), сўйиш вазнида 654 323 тоннани ташкил этган.

Таққослаш учун: 2018 йилнинг биринчи ярмида сўйиш учун тирик вазндаги чорва ҳамда парранда етиштириш ҳажми 1 103 469 тоннани, сўйилгандан кейинги вазни 640 012 тоннани ташкил этди.

2018 йил учун уй хўжаликлари бюджетини ўрганишнинг дастлабки маълумотларига кўра, республикада гўшт ва гўшт маҳсулотларининг ўртача йиллик истеъмоли 1 423 704 тоннани ташкил этган бўлса, аҳоли жон бошига бу кўрсаткич йилига 43,2 кг.ни ташкил этди. Бундай ўртача ойлик истеъмол билан биринчи ярим йилликда гўштга бўлган эҳтиёж тахминан 711 852 тоннани (= 1423704/2) ташкил этади. 2019 йилнинг дастлабки олти ойида аҳолининг ўсиш суръати билан бу кўрсаткич бироз юқори бўлади.

Турли мамлакатларда гўшт истеъмоли*

( 2017 йил учун, аҳоли жон бошига)

Мамлакат номи Гўшт истеъмоли, кг.

Россия 73

Австралия 121

Австрия 98

Германия 88

Италия 87

Голландия 73

Полша 70

Франция 89

АҚШ 118

Япония 49

*) Economic Development Research Journal маълумотларига асосан 

Бундан ташқари талаб таркиби бўйича муҳим таъсир кўрсатувчи маҳаллий қайта ишлаш корхоналарининг гўштига бўлган эҳтиёжни ҳам инобатга олиш керак. Дастлабки маълумотларга кўра, 2018 йилда республикада ишлаб чиқарилган, қайта ишланган ва консерваланган гўштнинг умумий ҳажми – 193 047,1 тонна, гўшт ва парранда гўшти (колбаса, дудланган маҳсулотлар ва бошқалар) тайёр маҳсулотлари – 31 513,4 тоннани ташкил этган.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, гўшт нархининг кўтарилиши билан боғлиқ вазият “алоҳида” эмас. Истеъмол нархлари индексини ҳисоблаш учун рўйхатга олинган истеъмол нархларини маълумотларига кўра, ўтган йилнинг январь–июнида мол гўшти (суяксиз гўштидан ташқари) ярим йил давомида 17,6 % (жумладан, июнь ойида 6,0 %), суяксиз мол гўшти 10,4% (июнь ойида 3,6 %), қўй гўшти 16,6 % (июнь ойида 6,4 %)га қимматлашган. Шунингдек, кўриб чиқилаётган даврда парранда гўшти (сон қисмлардан ташқари) 10,1 %, (жумладан, июнь ойида 2,5 %), товуқ болдири, сон қисмлари 5,0 % (июнь ойида 1,0 %) ва тухум нархлари 19,1 %га (июнь ойида 2,6%) арзонлашган.

Хулоса ўрнида, барча фойдаланувчилар учун Ўзбекистон Республикаси бўйича товар ва хизматларнинг нархлари ўзгариши даражаси ҳақидаги янада батафсил маълумотлар билан Давлат статистика қўмитасининг расмий веб-саҳифасида https://stat.uz ёки (71) 230-80-36, (71) 230-81-74 телефон рақамларига мурожаат қилган ҳолда маълумот олишингиз мумкин.


Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?


Кўп ўқилганлар

Afisha

Президент топшириқлари қандай бажарилмоқда? Мутасаддилар жавоб берадилар

Ёдингизда бўлса, Президентимиз жорий йил 11 январь куни халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида туман ва шаҳар фаоллари мурожаатларини тинглар экан, улар кўтарган муаммоли масалаларни қисқа муддатда ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берган эди.

05 Февраль 2019