Навоийлик чилангар оддий спиннердан электр энергияси олиш йўлини топди

16:18 11 Июнь 2018 Жамият
3065 0
Фото: Intex-press

Енгилгина туртки билан айланувчи спиннер — фойдали иш коэффиценти деярли нолга тенг — оддий овунчоқ...

Учқудуқлик ёш автослесарь Акмал Ҳамроев эса уни такомиллаштириб, сарфланадиган механик энергияни электр энергиясига айлантириш йўлини топди.

Акмал Учқудуқ шаҳридаги кончилик касб-ҳунар коллежини тугаллаб, бугун НКМК тизимидаги автотранспорт бошқармасида автослесарь бўлиб ишлайди. Ихтиролари билан ҳамкасблари ва тенгдошларини ҳайратга солибгина қолмай, корхона фаолияти билан боғлиқ жараёнларда ўз новаторлик ишланмаларини ҳам таклиф этиб туради. Такомиллаштирилган спиннер масаласига келсак, электр тармоғидан олис ҳудудларда мобиль телефон аппаратларини зарядловчи мослама сифатида фойдаланиш мумкин. Муҳими зарядлаш симсиз амалга оширилади.

Вилоятдаги мухбиримиз Темур Эшбоев томонидан маълум қилинишича, ихтирочи айни кунларда ўзи яратган яна бир янгилик устида изланишлари давом эттирмоқда.Мазкур мослама аслида аксарият ошхоналарга ўрнатилган оддий ҳаво сўрғичнинг ўзгинаси. Фарқи шундаки, у хонадонда газ чиқиши билан ишга тушиб, хонадон соҳибларини “Диққат, газ!” сигнали билан огоҳлантиради.

“Мослама газ аварияси юз берганда, хонадон соҳибининг мобиль телефонига ҳам огоҳлантирувчи хабар бериши лозим. Ҳозир шу масалада иш олиб бормоқдаман. Агар уни яратсам, шунда авария зудлик билан бартараф этилиб, газ билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинади”, - дейди А. Ҳамроев.

Акмал яратган яна бир янгилик робот-чангютгичдир. У ультратовушлар ёрдамида ҳаракатланиб, ўз маршрутларни аниқлайди. Албатта, бундай дастёрлар бугунги кунда муомалада бор-ку, деган савол туғилиши табиий. Гап шундаки, Акмал уларнинг барчасини ўз қўлидаги арзон воситалар ва муҳими ўз интеллекти ёрдамида ясаган. Бинобарин, оддий ихтиролар ҳар доим буюк кашфиётларга замин бўлганлигини унутмаслик лозим.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?