Навбатдаги чора-тадбирлар: Ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сони кўпайтирилди

Мамлакатимизда камбағалликни қисқартириш, одамларни иш билан таъминлаш, даромадини ошириш ҳозирги пайтда ҳар доимгидан ҳам муҳим. Негаки, пандемия шароитида энг фаровон давлатларда ҳам аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш катта муаммо бўлиб қолмоқда.
Шу маънода юртимизда ишлаб чиқариш суръатларини тиклаш, тадбиркорлик субъектларини қўллаб қувватлаш орқали янги иш ўринлари яратиш ва камбағалликни қисқартиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилда саноат соҳасида 7,5 мингта ҳудудий лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 145 минг нафар камбағал аҳолини ишга жойлаштириш режалаштирилган.
Айтиш ўринлики, бу борада қишлоқ хўжалигида ҳам имкониятлар кўп. Масалан, биринчи ярим йилликда 38 минг гектар ерни оборотга киритиш ҳисобига 25 минг нафар, йил якунига қадар яна қўшимча 51 минг гектарни ўзлаштириш эвазига 45 минг одам бандлигини таъминлаш режалаштирилган. Бу ерларнинг 20 минг гектари кам таъминланган оилаларга берилади.
Шунингдек, ғалладан бўшайдиган 120 минг гектар майдонни такрорий экин учун ажратиб, 300 мингга яқин оилага даромад манбаи яратиш белгиланган. Пахта-тўқимачилик кластерларининг 965 миллион долларлик 107 лойиҳасини амалга ошириш натижасида эса 28 мингдан ортиқ янги иш ўрни ташкил этилади.
Булар ҳали ҳаммаси эмас. Бундан ташқари, оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредитлар ажратиш соддалаштирилиб, ушбу маблағларни самарадорлиги юқори ва кафолатланган иш ўринлари яратадиган кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларига йўналтирилмоқда.
Жорий йил 19 май куни Президентимиз раислигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилиниши таъкидланган эди.
Мана орадан қисқа вақт ўтиб, давлатимиз раҳбари ўзини ўзи банд қилган шахслар, фрилансерлар ва тадбиркорни қўллаб-қувватлашга қаратилган муҳим ҳужжатга имзо чекди. «Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорга мувофиқ, бундай шахсларни рўйхати кенгайтирилади, уларга бир қатор қулайлик ва имтиёзлар берилади.
1 июлдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларни рўйхатга олиш хабар бериш тартибида ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи матрицали штрих код (QR-код) берган ҳолда махсус мобил илова ёхуд солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали амалга оширилади ҳамда вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини бериш тартиби бекор қилинади.
Шу билан бир қаторда ўзини ўзи банд қилган шахслар 2020 йил учун ижтимоий солиқни ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида ҳақиқатда ишлаган вақтидан қатъий назар, базавий ҳисоблаш миқдорининг камида 50 фоизи ҳажмида тўлайди ҳамда ушбу сумма тўлиқлигича бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига йўналтирилади ва ундан келиб чиққан ҳолда якка тартибдаги тадбиркорлар учун ўрнатилган тартибда пенсия ҳисоблаш учун даромад ҳажми аниқланади.
Қарорнинг аҳамиятли томони шундаки, унга биноан Интернет тармоғи орқали хизматлар кўрсатувчи (ишлар бажарувчи) ўзини ўзи банд қилган шахсларга (фрилансинг) бир қатор ҳуқуқлар берилди. Жумладан;
–кўрсатилган хизматлар (бажарилган ишлар) учун чет элдаги жисмоний ва юридик шахслар — норезидентлардан хорижий валютадаги тўловларни Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига тегишли маълумотларни киритмаган ҳолда Ўзбекистон Республикасининг банкларидаги ҳисобрақамларига қабул қилиш;
–контракт тузмасдан, келишув тўғрисидаги оммавий таклифни (оферта) қабул қилиш ёки электрон ёзишмалар алмашиш ёхуд ҳисоб-китоб фактураларни (инвойс), шу жумладан, электрон шаклда тақдим қилиш йўли билан чет эллик жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш (ишлар бажариш).
Мазкур ҳужжатда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилари сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмадан солиқни белгиланган миқдордан 50 фоизга камайтирилган ставкада тўлаш тартиби ҳам белгиланган.
Булардан ташқари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Адлия вазирлиги ва Савдо-саноат палатаси 2021 йилда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишни осонлаштириш, жумладан, тадбиркорлик фаолиятининг тегишли ҳудуддаги рақобатбардош турини танлаш, кредит олиш учун зарур бўлган бизнес-режа лойиҳаси ва ҳужжатлар тўпламини шакллантириш ҳамда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун кўчмас мулк объектларини танлаш кабиларга имкон яратувчи сервислардан реал вақт режимида фойдаланишга ёрдам берадиган «Бизнес навигатор» ахборот тизимини жорий қилади.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, мазкур қарор билан ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари сони 24 тадан 67 тага кўпайтирилди. Бу жуда муҳим янгилик, албатта. Зеро, бундай оғир шароитда аҳолини тадбиркорлик фаолиятига янада кенг жалб қилиш ва қонуний меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш ҳаётий заруратдир.
Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикерининг ўринбосари,
OʼzLiDeP фракцияси раҳбари
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг